Тўғри, якшанба ҳолатига трансфер расман эълон қилингани йўқ, лекин футболчимизнинг ижара келишуви асосида «А» серия турнир жадвали хавфли ҳудудига яқин жойда бораётган жамоа сафига қўшилиши ойдинлашди.
* Sky Sports нашри хабарига кўра, «Специя» Шомуродовни ижара келишуви бўйича ўйнатиш масаласида келишувга эришди. Ҳамюртимиз ҳам бу клуб таклифига розилик берди. Қўшимча қилинишича, «Специя» ярим мавсумлик ижара учун «Рома»га 1,5 миллион евро тўлайди.
* Бунга қадар Туркиянинг «Трабзонспор» клуби ҳужумчимизга эътибор қаратганди. Karadeniz нашри хабарига қараганда, турклар ҳам бўйи 190 сантиметрга тенг футболчини ижара келишуви асосида ўйнатишга тайёр эдилар.
* Элдор Шомуродов олдинроқ Германия («Байер»), Франция («Лилль») ва Испания («Вальядолид») клубларидан тушган таклифларга рад жавоби берди. Инсайдер Жанлука ди Марцио маълумотига кўра, охирги кунларда ҳамюртимиз олдида «Специя»дан ташқари, «Кремонезе»га ўтиш варианти ҳам бор эди.
* «Рома» ҳужумчиси шанба куни «Специя» назоратида тиббий кўрикдан ўтди. Айтиш ўринли, мазкур клуб кейинчалик Шомуродов трансферини сотиб олиш мажбуриятини олмайди.
* «Рома» бош мураббийи Жозе Моуриньо «Наполи»га қарши ўйин олдидан ўтказилган матбуот анжуманида Элдорнинг клубдан кетаётганини расман тасдиқлади: «Шомуродов — жуда яхши йигит. У ўйин амалиётига муҳтож. Бу ерда ўйнашига кўп имконият бўлмади. Элдорга 6 ойлик ижара муддати зарур ва у бунга лойиқ. Шомуродов ҳозир кетяпти, балки 6 ойдан кейин уни ортга қайтарармиз. Бу босқичда ўйин амалиётига эга бўлиши муҳим. Ҳужумчи ўрнига кимнидир харид қиламизми? Йўқ, молиявий «Фэйр-плей» бунга имкон бермайди».
* «Специя» узоқ 1906 йилда ташкил этилган ва мавсум-1943/1944да «А» серияда биринчи ва охирги марта зафар қучган. Альберто Пико шарафига аталган уй стадиони 11 мингдан кўпроқ мухлисга мўлжалланган. Клуб президенти - америкалик Филип Раймонд Платек. Бош мураббий - Лука Готти. Жорий мавсумдаги тўпурари - Мбала Нзола (20та ўйинда 11та гол). Ҳужум чизиғида яна Даниэле Верди ҳам бор. Таркибидаги футболчилардан яна бири - Мальдинилар сулоласи вакили Даниэль.
* «Специя» спорт директори Стефано Мелиссано жамоасининг «Болонья» билан ўйини (0:2) арафасида ҳамюртимиз трансферига тўхталиб, мавҳумроқ гапирди: «Шомуродов? Сўнгги кунларда воқеалар қандай ривожланади, кўрамиз. Ҳозир барчасини диққат билан назорат остига олганмиз. Мураббий ва клубни кўндиришга уриняпмиз».
* La Gazette dello Sport нашри хабарига қараганда, Шомуродовнинг «Специя» сафига қўшилиши ортидан «Рома» ёзда бу клубнинг иқтидорли ўнг қанот ҳимоячиси Эмиль Хольмни сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади. 22 ёшли Хольм Швеция терма жамоаси аъзоси саналади. Унинг «Специя» билан шартномаси 2026 йилгача мўлжалланган.
* Шомуродов «Специя»га ярим йилга ижарага берилди. Келишув 30 июнга қадар белгиланган. Инсайдер ди Марциога кўра, бунинг учун Рим клубига 1,5 миллион евро тўланади. «Специя» клуби Элдор Шомуродовни А Сериядан расман рўйхатдан ўтказди. Буни ташкилот расмий сайти ҳам тасдиқлаган.
* «Специя» А Серияда 18 очко билан 17-поғонада бормоқда ва лигада энг кам гол урган жамоалардан биридир. Шомуродов бу мавсум А Серияда 6та ўйинда майдонга тушиб, гол ура олмади.Аввалроқ, Жозе Моуриньо Шомуродовнинг мавсум якунига Рим клубига қайтиши мумкинлиги ҳақида гапирган эди.
* "Рома" ҳужумчиси Элдор Шомуродов янги жамоасида ўзининг севимли рақамида ўйнайди. Бизга маълум бўлишича, Элдор Шомуродов 14-рақам остида ҳаракат қиладиган бўлди. 27 ёшли Шомуродов 6 ой "Специя"да тўп тепадиган бўлди. Бунгача ушбу рақамдан польшалик ҳимоячи Якуб Кивёр фойдаланган. У яқинда Лондоннинг "Арсенал" клубига ўтган эди.