Дастлабки пост Магн Аклиушга бағишланганди. Энди навбатни сўнгги пайтларда ОАВ диққат марказида турган Лени Йорога берамиз. Унинг тахаллуси «El Pibe de Yoro», испан тилидан ўгирганда, «Тилла бола» маъносини англатади. 2020 йилда оламдан ўтган афсонавий Диего Армандо Марадонани шундай улуғлашарди. Ўз-ўзидан савол туғилади: Лени Йоро шундай тахаллусга муносибми? Келинг, шу саволга ойдинлик киритишга уриниб кўрамиз!
Лени Йоро - Лига 1да «Лилль» шарафини ҳимоя қилаётган франциялик марказий ҳимоячи. Жуда ёш бўлишига қарамай, унинг ишончли ўйинлари грандлар эътиборини тортди. Ортда қолган мавсумда Йоро «Лилл»нинг етакчи ўйинчилари сафида эди: чемпионатни 4-ўринда якунлаган жамоа 34та ўйинда 34та гол ўтказиб юборди, ундан яхшироқ натижа «Ницца» (29та) ва чемпион «ПСЖ»да (33та). 2022|2023 йил мавсуми якунида «Доглар»нинг фахрийси Жозе Фонте жамоани тарк этгач, Йоро унинг ўрнини эгаллаганди. Маълумотларга кўра, 18 ёшли ҳимоячига «Реал», «МЮ», «ПСЖ», «Ливерпуль», «Челси», «Тоттенхэм» ва «Вест Хэм» клублари қизиқиш билдиришмоқда. Асосий кураш дастлабки икки гранд ўртасида кечиши кутиляпти.
Йоронинг фаолияти
Лени Йоро Париж яқинидаги Сен-Морис шаҳарчасида дунёга келган ва 6 ёшгача маҳаллий мактабда футбол сирларини ўргана бошлаган. Кейин ота-онаси билан Франциянинг шимолига кўчиб ўтгач, 12 ёшида «Лилль» академияга ўтган ва асосий жамоа ўйинчиси мақомига етгунга қадар таҳсил олганди. Ниҳоят, 2022 йилнинг 14 май санасида у «Ницца»га қарши ўйинда илк бор майдонга тушди ва жамоанинг 3:1 ҳисобидаги ғалабасига муносиб ҳисса қўшди. Ўшанда Йоро 16 ёшда эди. «Доглар» тарихида у Жоэл Анридан кейинги иккинчи энг ёш футболчи бўлди, Эден Азардек афсонадан ўзиб кетди.
Гарчи Лени Францияда туғилган бўлсада, отаси ивуарлик. Бироқ у 17 ёшлилар жамоасидан бошлаб 5та ёш тоифасида туғилган юрти шарафини ҳимоя қилди. Лекин асосий муаммо шундаки, Йорода Кот-д~Ивуарнинг бош терма жамоасида ўйнаш имконияти ҳам бор.
Ўйинчи сифатида Йоро нималарга қодир?
190 см. бўйли Лени ёш бўлишига қарамасдан, майдондаги энг бўйдор ўйинчилардан бири, гавдаси ва жисмоний имконияти иккала дарвоза яқинида самарали тўп суриш имкониятини беради. Жорий мавсумда у бош билан 2та гол урди. «Лилл»нинг 60 фоиздан кўпроқ тўпга эгалик қилишида ҳам дароз ҳимоячининг ҳиссаси катта.
Трансфер достони
АПЛда Йоро учун харидорлар етарли. Унинг амалдаги келишуви 2025 йилнинг ёзида ниҳоясига етишини инобатга олсак, Англияга кўчиб ўтиши тобора яқинлашмоқда. Ленининг бозор баҳоси 40 млн. евро, лекин «Лилль» камида 90-100 млн. талаб қилиши мумкин. Сўнгги 20 йил ичида жамоа иқтидорлар чашмаси мақомини олган: Виктор Осимхен, Свен Ботман, Рафаэль Леао ва Габриэль Магальяэслар айнан шимолдаги юксалиш эвазига «Доглар»га мўмай даромад келтирдилар.
Манбалар хабарларига кўра, Йоро ҳозирча якуний қарорга келмаган, лекин «Реал» жиддий харидорлардан бири. Мадридликлар футболчининг агенти Жорже Мендеш билан жуда кўп мулоқотда бўлишган ва Эдуардо Камавинга, Орельен Тчуамени, Жуд Беллингем, Арда Гюлер ёки Эндриклар каби Йорони ҳам кўндира олишларига ишонч ҳосил қилишган. Шунингдек, сўнгги йилларда ҳимоя чизиғининг заифлиги туфайли аввалги қудратини тиклай олмаётган «МЮ» ҳам Ленига бефарқ эмас. Навқирон ва ишончли ҳимоячи «қизил иблислар» учун сув билан ҳаводек зарур. 30дан ошган Виржил ван Дейк ва Жоэль Матиплар билан мақсадга эриша олмаётган «Ливерпуль» эса Йорони ўз ватандоши бўлмиш Иброҳим Конате билан ёнма-ён тўп суриши тарафдори.
Қиссадан ҳисса шуки, айни паллада фаранглар заминида ўта иқтидорли навқирон ҳимоячи пайдо бўлди. Унинг бўлажак жамоасининг номи ва у ўзига берилган «Тилла бола» тахаллусини қай даражада оқлай олиши эса, ҳозирча мавҳум бўлиб қолмоқда. Сиз нима дейсиз?
МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади