Маълумот: Мураббийлар жамоасига назар

Маълумот: Мураббийлар жамоасига назар

ҚУЛАЙ ГРАФИКА

Европанинг кучли 5та миллий чемпионатида янги мавсум старти тобора яқинлашмоқда. Бу вақтда клублар бош мураббийлари рўйхатига бирров назар солиб қўйсак бўлади. Хўш, кимлар ўз жойларида қолишдию, қайси клублар янги мавсумга янги устоз билан киришади? Қайси мутахассис ишини кузатиш қизиқроқ ёхуд Европада кимга биринчи бўлиб чиқиш эшиклари кўрсатилиши мумкин? Sports.ru сайти алоҳида тасвирларда яхлит маълумотларни мужассамлаштирди. Биз эса аввало, АПЛ ва Ла Лига мураббийлари жамоасига тўхталамиз.

АПЛ (АНГЛИЯ) 

Юлдузлар гуруҳи қандай? АПЛ энг кучли лига мақомига яраша анъанавий тарзда мураббийлар цехининг энг кучли вакилларини ҳам ўз бағрига олади, албатта. Хосеп Гвардиола, Юрген Клопп, Микель Артета, Эрик тен Хаг, Унаи Эмери, Хулен Лопетеги - барча юлдуз менежерлар ўз жойларида ва улар жангнинг янги сериясига тайёрлар.

Янги шартномалар. Янги мураббийлар 3 нафар - Маурисио Почеттино («Челси»), Анге Постекоглу («Тоттенхэм») ва Андони Ираола («Борнмут»). Рой Хожсон ҳам ҳозирча «Кристал Пэлас» билан бирга (тасвирда унинг шартномаси санаси кўрсатилмаган, лекин қа-рия мураббий ҳамкорлик муддатини аллақачон узайтирди).

Кимларни алоҳида кузатиш керак? Албатта, Маурисио Почеттино фаолияти диққатни етарлича тортади. Аргентиналик мутахассис янгиланаётган жамоасига қандай муносабатда бўлади ёхуд мавсум бошидаги эҳтимолий муваффақиятсизликка «Челси» раҳбарияти қанчалик тоқат қилади? Булар асосий саволлар. Умуман, Почеттино олдида ишлар жуда кўп: «Челси» - ҳозир шаклланган клуб эмас, балки қайта тузиш учун бузиб юборилган бошқотирма бўлаклари. Бундан ташқари, ҳамон ёш Микель Артета ва унинг «банда»сини амалда кўриш ҳам қизиқ, албатта. Хўш, бу сафар шогирд ўз устози, яъни Гвардиолага қандай жанг таклиф этади? Қолаверса, «Арсенал» Чемпионлар Лигасига қайтмоқда. Биламизки, «канонирлар» бу турнирга ҳамиша қўшимча файз киритишган. Қўшимча бонус сифатида «Брайтон»даги Роберто де Зебри ва «Ньюкасл»ни равон йўлга олиб чиққан Эдди Хауни тилга олиш мумкин. Айтиш жоиз, ҳар иккисини олдинда еврокубоклар ҳам кутмоқда: «Ньюкасл» ЧЛда ўйнаса, «Брайтон» ўз тарихида биринчи марта ЕЛ майдонига чиқади. Бу ҳам диққатни ошириш учун яна бир сабаб. Шунингдек, Венсан Компани ва унинг «Бернли»сини унутмаслик керак. Бельгиялик мураббий 37 ёшда ва у камтарона клубни АПЛга тортиш миссиясини уддалагани билан ҳурматга лойиқ. Хўш, Гвардиоладан сабоқ олган Компани АПЛ­да ҳам ўзини тута оладими? Факт шуки, АПЛда Пепнинг шогирдлари сафи янада кенгайди, қолаверса, буниси ҳам тақирбош.

Ким биринчи бўлиб истеъфога чиқиши мумкин? «Эвертон» ўтган мавсум жуда ишончсиз кўринди. Шу жиҳатдан қарасак, англиялик Шон Дайч ишдан айрилиш учун биринчи «даъвогар»га айланиб қолиши ҳеч гап эмас. Шунингдек, Роб Эдвардс («Лутон») ҳам мураккаб синов олдида турибди ва унинг ўз ўрнида қанча муддат қолишини айтиш мушкул. Фақат шуниси аниқ, уэльслик мутахассисга жуда-жуда қийин бўлади. Анге Постекоглу яхши мураббийдир эҳтимол, аммо «Тоттенхэм»ни англаш душвор. Шундай экан, австралиялик мутахассиснинг Лондонда узоқ вақт ушланиб туришига кафолат йўқ - ҳаммаси бевосита натижаларга боғлиқ.

Яна нима? АПЛда англиялик мураббийлар улуши жуда пастлигига эътибор қаратинг. Маҳаллий мутахассислар 4 нафар холос ва бу 20 фоиз демакдир. Ҳа, таҳлилни бироз чўзган ҳолда, улар қаторига Уэльс ва Шотландия вакилларини ҳам қўшиш мумкин, аммо шунда ҳам инглизлар диёрида инглизлар кам. Шунинг баробарида лигада юлдуз мураббийларнинг ақл бовар қилмайдиган  гуруҳи бор. Демак, бизни деярли ҳар бир учрашувда ўзгача тактик курашлар кутмоқда. Фақат озгина кутиш қолди, холос. 

ЛА ЛИГА (ИСПАНИЯ)
laliga-murabaaa.JPG

Юлдузлар гуруҳи қандай? Хави, Карло Анчелотти, Мануэль Пеллегрини, Эрнесто Вальверде - ҳамма ўз ўрнида қолди. Диего Симеонени эса алоҳида таърифлаш керак - аргентиналик мутахассис 2011 йилдан буён «Атлетико»да. Хави чемпионлик унвонини ҳимоя қилиши керак, Анчелотти эса «Мадрид» билан муносиб хайрлашишни хоҳлайди, албатта.

Янги шартномалар. Рафаэль Бенитес ниҳоят, Испанияга қайтди ва ўз иштироки билан турнир нуфузига нуфуз қўшса керак. Тўғри, ҳозирги «Сельта»дан жиддий натижа кутиш ноўриндир, лекин тан олинган испаниялик мутахассиснинг янги саргузаштини томоша қилиш қизиқарли, барибир. «Райо Вальекано» ва «Альмерия» ҳам мавсумга янги мураббийлар билан шайланмоқда. Биринчисида Франциско Родригес, иккинчисида Висенте Морено бош ролда!

Кимларни алоҳида кузатиш керак? Ла Лигада табиийки, ҳамма аввало, «Реал» ва «Барселона» ўртасидаги рақобатни кузатади табиий равишда. Қолаверса, Анчелотти Испаниядаги сўнгги мавсуми арафасида турибди, Хави эса «Барселона» билан энди ЧЛда ҳам ўзини кўрсатиши керак. Хосе Луис Мендилибарнинг «Се­вилья» билан Ла Лигадаги тўлиқ мавсумини кузатиш ҳам жуда қизиқ. «Севилья» янги чемпионатда бутун Примеро мухлисларини ҳайратга солиши ҳеч гап эмас. Диққат марказида турадиган яна бир мураббий - бу Бенитес. «Осасуна» билан Европа турнирига чиққан Ягоба Аррасате ҳам мухлислар эътиборида бўлади, албатта.

Ким биринчи бўлиб истеъфога чиқиши мумкин? Рубен Бараха «Валенсия»да ўз ғояларини амалга татбиқ этиш билан банд, аммо клуб сўнгги йилларда шунчалик кўп силкиндики, ёш мутахассиснинг позицияси унча мустаҳкам эмас. Пепе Бордалас ҳам ўтган мавсум «Хетафе»да ишончсиз кўринди ва кузда истефога чиқиш хавфи остида ишлади. Шунингдек, лига дебютантлари - «Алавес» (Луис Гарсия) ва «Лас-Пальмас» (Гарсия Пимьент) устозларига жуда-жуда қийин бўлиши тайин.

Яна нима? Ла Лигада испаниялик 16 нафар мутахассис борки, бу ҳолат нафақат майдон, балки унинг четидаги муҳитни «қайнатади». Шунингдек, аксарият мураббийлар ёш бў­йича бир-бирига нисбатан яқин. Энг кичиги - 43 ёшли Хави.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади