Мауро Тасотти: «Мальдини ва Массарани ишдан бўшатиш хато эди...»

Мауро Тасотти: «Мальдини ва Массарани ишдан бўшатиш хато эди...»

«Милан»нинг собиқ ҳимоячиси ва мураббийи Мауро Тассотти La Gazzetta dello Sport нашрига берган интервьюсида клуб раҳбариятини танқид билан озгина «силаб» ўтди.

«Профессор» жумладан, раҳбарлар Паоло Мальдинининг ишдан бўшатишда шошма-шошарликлар йўл қўйишганини ошкора таъкидлади. Лекин Тассотти «Милан»нинг бугунги ҳолати юзасидан кескин гапиришдан тийилди.

- Аввалги суҳбатимизда оёғингизда муаммо борлигини айтгандингиз. Ҳозир қандайсиз, оғриқ ортда қолдими?

- Ҳа, операция столига ётдим, тикланиш жараёнини ҳам ўтадим, ҳозир ҳаммаси яхши. Жарроҳлик амалиётидан олдин эса кучли оғриқ бор эди ва чиндан ҳам, қаттиқ азоб тортдим маълум муддат.

- Қаранг, ҳатто сизда ҳам жароҳат бор. Ташқаридан баҳо бериш қийин, лекин собиқ футболчи ва мураббий сифатида айтинг-чи, «Милан»да нима бўляпти ўзи? Жароҳатлар эпидемия­сини қандай бартараф этиш мумкин? Эҳтимол, маш­ғулот ўташ таркибини қисман ёки бутунлай ўзгартириш керакдир...

- Кўпроқ шуғулланишнинг иложи йўқ, ахир ўйинлар оралиғи жуда қисқа. Мураббий чарчаган йигитларга ҳордиқ бериш учун эса етарли даражада жасоратга эга бўлиши керак, аммо ишонинг, бу ҳам осон эмас. Ўтмишдан оддий мисол келтираман: дейлик, мураббий Кака, Мальдини ёки Нестада жароҳат хавфи борлиги ҳақида огоҳлантирилади, аммо олдинда «Ювентус» билан муҳим ўйин бор. Ушбу ҳолатда у қандай йўл тутиши керак? Бугунги воқелик ҳам худди шундай.

- Сизлар 1994 йили Чемпионлар кубогида асли бошқа позицияда ўйнай бошлаган икки марказий ҳимоячи - Филиппо Галли ва Паоло Мальдини ёрдамида ғалаба қозонгансизлар. Бугун ҳимоя марказидан жой олаётган Тео Эрнандесда ҳам шундай тажриба бор. Бу сизга ёқяптими?

- Унга шунчаки, гап йўқ! Лекин Тео имкон қадар тезроқ қанотга қайтиши тарафдориман. Чунки бу йигит ўз хусусиятлари ва тезлиги билан айнан қанотда кўпроқ наф келтиради.

- Демак, қишда бозорга чиқиш зарур. «Милан»га қандай ижрочи зарур?

- Менимча, биринчи навбатда, марказий ҳимоячи керак. Ахир ҳозир таркибда биргина соғлом марказ ҳимоячиси қолди. Шунингдек, Йович бўйича тезроқ қарор қабул қилиш зарур. Бинобарин, Жирудан бир ҳафта давомида 2-3та юқори даражали ўйинда бирдек фаоллик кўрсатишни талаб қилиш ярамайди.

- Келинг, энди «Милан»га футболчи тавсия этамиз. Сизга ёқадиган, лекин ҳали унча танилмаган бўлсин. Мутлақо нотаниш бўлса, яна яхши, чунки номдор футболчилар жуда қиммат ва уларнинг январда клуб алмаштиришлари қийин масала...

- Аввало, Георгий Судаков («Шахтёр» Д. ярим ҳимоя­чиси)ни тавсия қилишим мумкин. Бу йигитни Украина миллий жамоасидаги фаолия­тимдан яхши биламан. Бугун ҳам экспертлар Судаковга яхши баҳо беришмоқда - қизиқарли вариант. Тўғри, уни сотиб олиш осон эмас, чунки бошқа харидорлар бор.

- Пиолига ишонишда давом этиш тўғрими ёки...?

- Албатта, у қолишга лойиқ. Пиолидан ҳозирги ишидан кўпроғини талаб қилиш нотўғри. Унутмайлик, мураббий кўплаб йигитларни ўзгача руҳлантириб, скудетто ютди. Ваҳоланки, ҳеч ким унинг олдига бундай вазифа қўйган эмасди.

- Мальдинининг кетишичи?

- Менимча, Паолони бўшатишда шошилишди, яна Массарани ишдан кетказиш нотўғри эди. Ахир улар катта натижаларга эришдилар. Аммо бугунги кун ҳақиқати битта - ким сармоя киритса, мусиқага ўзи буюртма беради.

- Башорат: жорий мавсум «Милан» учун қандай кетади?

- Жамоа охиригача Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун курашади, кейин эса... Кўрамиз.

- Бунда кўп нарса Рафаэль Леауга боғлиқдек.

- Орада Леау бироз сусткашлиги, бепарволиги туфайли ортиқча танқидга учрагандек таассурот уйғонди кўпчиликда. Аммо барчаси унинг хулқ-атворидан. Бу Рафа ўз ишига содиқ эмаслигини англатмайди. Кўринишидан, у ҳозир гол эмас, балки гўзаллик учун ўйнамоқда. Лекин тез орада ҳар бир ўйинда лоақал 1та гол уриши кераклигини ва бунга қодирлигини тушунади. Яъни етуклик келади, бунга аминман.

- Ишга қайтишни хоҳлайсизми?

- Аслида Миландан узоқроққа чиқишни хоҳламайман, лекин ишимиз шундай...

- Футболни ким билан муҳокама қиласиз? Анчелотти ва Шевченко билан-ми?

- Охирги пайтлар Анчелотти билан алоқа ўрнатиш қийин бўлиб қолди - унда бўш вақт йўқ. Шевченко билан эса дои­мий равишда алоқадаман. Яна Аллегри ҳам яхши суҳбатдош, албатта. Улар менинг чин дўстларим...

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади