Португалиялик корчалон воситачи бу сафар «Барселона» бағридаги энг ёрқин иқтидорлар қаторида тилга олинаётган Адам Каруални ўз томонига оғдирди шартнома асосида. Бунда ғайриоддий томони йўқ агар Мендешнинг янги мижози атиги 12 ёшда эканлиги инобатга олинмаса...
«Янги Марадона». Адам Германияда асли марокашликлар оиласида туғилган. У ҳозирда ўз тенгдошлари орасида энг истиқболли футболчи сифатида эътироф этилмоқда. «Барселона» U-13 жамоасида ўйнаётган Адамга «Янги Марадона» мақоми берилгани барчасини кўрсатиб турибди. Йигитча чиндан ҳам, нафақат имиджи, балки майдонда ҳаракатланиши ва дриблинг салоҳияти билан буюк аргентиналикни эслатиб юборяпти. Ҳаммасини тезда илғайдиган Жорже Мендеш эса вундеркинд билан шартнома тузишни пайсалга солгани йўқ.
Топ футболиларга топ менежер. Жорже Мендеш бошқарувидаги Gestifute агентлик компанияси жаҳон футболининг ўнлаб сара юлдузлари билан ҳамкорлик қилаётганини қўшимча қилиш ўринли. Хусусан, Рубен Диаш, Бернарду Сильва ва Дарвин Нуньес айни пайт Мендеш мижозлари саналишади. Энди 12 ёшли Адам ҳам устамон агент қаноти остида. Бундан нима чиқишини эса вақт кўрсатади, албатта.
Д.Алимов тайёрлади