МУЛОҲАЗА: Давра якунидаги довул

МУЛОҲАЗА: Давра якунидаги довул

Ўтган жума куни  Фарғона водийсининг айрим ҳудудларида анча алғов-далғовли ҳаво кузатилди.

Таниш-билишлар, қариндош-уруғларнинг қўнғироқларидан маълум бўлдики, кимнингдир уйи томидаги шиферлар учган, яна қайлардадир баланд тераклар қулаган, электросимлар узилган ва ҳоказо... Шунча тўс-тўполон ичида сафарга чиқдик. Йўлга отланганимиз билан ёмғир ҳам қуйиб берди. Бундай об-ҳаводан кейин нималарнидир ўйлайсан, мушоҳада қиласан, ўзингча қандайдир сабаблар қидирасан киши. Тавба, ҳаммаси эртаси куни аёнлашди: Самвел Бабаян «Навбаҳор»дан кетибди. Кўплаб мухлислар, мутахассислар бу истеъфодан ажабланишди ҳам. Бироқ биз таажжубга тушмадик. Тўғри, Самвел Вячеславович билан шахсий танишлигимиз йўқ. Бироқ йиллар давомида унинг фаолиятини доимо диққат билан кузатиб борганимиздан айтамизки, охир-оқибат, шундай бўлиши керак эди.

Самвел Бабаян феъл-атворига хос ўжарликка қоришиқ қатъият, ўз қадрини билувчи иззат-нафс  мавжуд экан, кетиш қарори янграши керак эди. Анча йиллар аввал  Самвел Вячеславовичнинг ҳаёт ва футбол фалсафаси ҳақида сиртдан кузатишларимизни ёзганимизда,  мулоҳазаларимиз унинг ўзига маъқул тушганди. Қизиғи, Самвел Бабаяннинг мураббийлик борасидаги қарашлари бизнинг футболни тушунишимиз билан ҳеч қачон мос келмаган. Ўшанда айнан шу фарқлар хусусида ёзгандик ва футбол дунёсида ҳар бир позиция яшашга ҳақли эканлигини эътироф этгандик. «Интерфутбол»нинг шу йил 25 июнь куни чиққан сонида берилган «Салбий сериялар сабаби» номли мақоламизда ҳам Самвел Бабаян энди «Навбаҳор» ўйинига ижобий таъсир ўтказолмаслиги ҳақида фикр борганди.

Эътибор беринг, бир мураббий ўртамиёналик иллатига чалинган жамоани Суперлига етакчилари қаторига қўшди, унинг мақомини ўз  малакаси ва савияси даражасига қадар кўтарди. Албатта, шунинг ўзи ҳар қанча эътирофга сазоворлигини ҳеч ким инкор этмайди. Лекин ҳаёт тажрибасидан биламизки, баъзан киши муайян даврада маълум мавқега кўтарилгач, ортга қайтолмайди. Бордию, ортга қайт­са, халқ буни тушунишни истамайди. «Навбаҳор» ҳам ҳозир шундай вазиятни бошдан кечирмоқда. Жамоа Суперлигада яна кумуш ва бронза медалларини қўлга киритди, ОЧЛ­да қатнашди. Навбат чемпионлик эканлигини барча тушуниб турибди. Бош мураббий эса  ҳарчанд ҳаракат қилмасин, шогирдларини чемпионларга хос ўйин руҳиятига олиб чиқолмади. Биринчи давра якунидаги голсиз дуранглар шундай огоҳлик қўнғироғини чалдики, бундан ортиғига унинг кучи етмасди. Барчасини тушунган ҳолда, ўз хоҳиши билан, ҳеч бир даъвосиз жамоадан кетиш ҳамма мураббийларнинг-да қўлидан келавермайди. Бундай истеъфолар, одатда, мардоналик саналади! Қисқаси, Самвел Вячеслалович ўзининг ҳаётий позицияси ва футбол фалсафасига содиқ қолди. Ундаги содиқлик пардасига ўралган  ўжарлик кўплаб футбол мухлисларига ёқмайди. Аммо унутмаслик керакки, табиатидаги ўжарлик ва қатъият учун инсонни айблаш ноўрин. Шу маънода  ўзининг меъёридан ортиқ академизми билан «Нав­баҳор» мухлислари ва ҳатто футболчиларини зериктирган Самвел Бабаянга саломатлик, омад тилашга бурч­лимиз.

Самвел Бабаян истеъфосидан сўнг «Навбаҳор» Қаршида қийин ва қизиқарли ўйин ўтказди. Учрашувда  жамоанинг икки лидери (Тома Табатадзе ва Одил Ҳамробеков) қатнашмади. Тасаввур қилинг, «Навбаҳор» ўйини услубининг икки таянч устуни майдонга тушмади ва реал жараёнда бу йўқотиш унча сезилмади. Жамоа меҳмонда андак тажовузкор, эркин ва босимсиз тўп сурди. Шу пайт­га қадар асосий таркибга тортмаган ёки ишонч билдирилмаган Георги Никибадзе гол ва ассист муаллифи сифатида олқишланди. Жамоа захира ўриндиғида ҳам янги номлар кўзга ташланди. Хўш, Самвел Бабаян истеъфоси кечроқ рўй бердими ёки эртароқ? Бу саволга нисбатан айни дамларда турли мазмунда жавоблар янграмоқда. Айримлар Самвел Бабаянга мавсум охирига қадар имкон берилмагани нотўғри бўлгани хусусида гапиришяпти ва ўз қарашларини бош мураббийнинг истеъфоси асосий таркиб кескин янгиланиб кетишига олиб келиши мумкинлиги билан изоҳлашмоқда. Шундай қарашга эга мухлис ва мутахассисларга қарама-қарши тарзда бошқа бир савол ўртага қўйилмоқда: бош мураббийга имкон берилиб, жамоа шу таркиби билан дуранг ва мағлубиятлар гирдобида қолиб кетганда, нима бўларди? Демоқчимизки, имкон берилса ҳам, берилмаса ҳам жамоага инқироз хавф солаётган экан, истеъфо варианти танлангани тўғри бўлди назаримизда. Қаршидаги кечиктирилган учрашувни кузатиб, шундай хулосага келдикки, ҳатто бу қарор ўз маъносида бироз кечикди. Зеро, асосий таркибдаги кичик ўзгариш ҳам жамоа ўйинига ижобий таъсир этганини кўрдик. Бундай ижобий туртки анча аввалроқ бошланганида, эҳтимол, «Навбаҳор» ҳозирда 30 очко жамғаришга эришарди...

Ёдингиздами, «Навбаҳор» раҳбарияти мухлислар билан мавсум аввалидаги мулоқот чоғи  чемпионлик хусусида сўз юритганди. Ўша учрашувда жорий мавсум «Навбаҳор»нинг чемпионлик унвонини қўлга киритиши жиддий тарзда таъкидланган эди. Тўғри тушунмоқ керакки, ўша таъкид, талаб, вазифа бажарилишига   жамоа раҳбариятининг кўзи етмади. Ўзгаришларга қўл урилдими, демак, мутасаддиларда янги режа ва лойиҳалар мавжуд. Бизнинг вазифамиз - кутмоқ, кузатмоқ ва янги ташаббусларни қўллаб-қувватламоқ. Жорий мавсум биринчи давраси якунида «Навбаҳор»дан фарқли ўлароқ, «Насаф» осмонида қуёш порлади. Ниҳоят, «аждарлар» атмосферасида чемпионлик кайфияти ҳукм сурмоқда. Бундай об-ҳавони юзага келтиришда жонбозлик кўрсатгани, ташаббускор бўлгани ва ўз журъати, қатъятини очиқ-ойдин намо­йиш этишдан чўчимагани учун жамоа Абдувоҳид Неъматовдан миннатдор бўлмоғи лозим. Шу йигитга яна бир бор тасанно. У миллий жамоамизда биринчи рақамли дарвозабон бўлишга астойдил бел боғлаганини кечиктирилган учрашувда ҳам Ўткир Юсуповга очиқ-ошкора сездирди ва бу ишни амалга оширишда андиша қилиб ўтирмади. Сречко Катанецнинг ушбу ички рақобатга қандай реакция билдириши бизга қорон­ғу. У бундай вазиятларда масъулиятни дарвозабонлар мураббийи зиммасига юклайди кўпинча. Ким биринчи рақамли кипер эканлигини аниқлаш, албатта, мураббийлар штабига ҳавола. Мухлислар учун энг муҳими шундай ин­триганинг кўзга ташланаётгани ва бу борада Абдувоҳид Неъматов ташаббускор бўлаётганидир. 

Яширишнинг ҳожати йўқ: пенальтининг Абдувоҳид Неъматов томонидан амалга оширилгани Ўткир Юсупов учун кутилмаган ва ёқимсиз воқелик эди. Ўша вазиятда «Навбаҳор» кипери қандай ҳис-туйғуларни бошдан кечиргани фақат унинг ўзига аён. Пенальтидан гол қўйиб юборган Юсуповнинг якунда «Насаф» жарима майдонида пайдо бўлгани икки дарвозабон ўртасида жиддий ва ўйлаймизки, ҳалол рақобат бошланганидан далолат! Хуллас, Суперлиганинг жорий мавсуми биринчи давраси фавқулодда шиддатли довул ва момақалдироқ билан якунланди. Бу довул ичра «аждарлар»нинг шашт ва шижоа­ти устун чиқди. Давралар оралиғида чақмоқ ва момақалдироқлар давом этадими ёки Суперлига осудалик бағрига чўмади - буни энди вақт ихтиёрига топширамиз!

Муҳаммад ВАЛИ