АНА, ХОЛОС! Тайрон, бу қандай аҳмоқлик?
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Муҳтарамлар, ёдингиздадир, аввалги ҳафта ёзилган мақоламизни «Ютқазишни истамаслик хуружи», деб номлагандик.
Суперлига клубларининг ҳар бир очко учун охирги дақиқагача курашиш иштиёқи ва бу бутун футболимизда бўй ростлаётганидан қувониш изҳори шу сарлавҳада ўз ифодасини топганди. Қарангки, ютқазишни истамаслик хуружи турнир жадвалида камдан-кам учрайдиган «тартибсизлик»ни юзага келтирди. Ҳозир ҳеч бир зукко мутахассис Суперлигадаги бирор клубни авангард сифатида кўрсатолмайди. Бу хусусда аввалроқ «Суперлигада флагман клуб борми?» номли мақоламизда атрофлича ёзгандик. Ўша мулоҳазалар, тахминлар бугун рўй-рост Суперлига турнир жадвалида ўзини намоён этди.
Хўш, жамоалар ўйинлари миқдори ҳар хил бўлган турнир жадвалининг айни ҳолатини қандай баҳолаш мумкин? Қолдирилган ўйинлар жадвалга нечоғли ўзгариш киритади? Барча жамоаларда ўйинлар сони тенглашса, пешқадам жамоалар яққол ажралиб чиқадими? Жорий мавсумнинг 7 тури ортда қолган экан, бу саволларга қисман жавоб қайтарса бўлади. Назаримизда, ўйин чоғи ёки ундан сўнг майдонда содир бўлажак тартибсизлик аста-секин турнир жадвалига ҳам кўчмоқда ва бу ҳол мавсум охиригача сақланиб қолса сира ажабланмаймиз. Чунки Суперлига ўзининг шундай босқичига қадам қўйдики, энди унда иштирок этаётган 14та клуб исталган вазиятда бир-бирини енгишга қодир.
«Бунёдкор» ва «Металлург»нинг аутсайдер сифатида туриши ҳам жуда нисбий. Зеро, ҳар икки жамоа ҳамон ғалабасиз қолаётган бўлсада, дуч келган рақибларидан чўчимай ҳаракатланмоқда майдонда. «Сурхон» ва «Динамо»да кўзга ташланаётган замонавий футболга таяниш иштиёқи таркиб нуқтаи назаридан савиялироқ саналган жамоаларни эсанкиратаверади. Барчаси бирлашиб, турнир жадвалида маълум тартиб шаклланишига йўл қўймайди. Аниқроғи, ўша тартибни бузиб юбораверади. Энди «Пахтакор», «Навбаҳор», «Нефтчи», «Насаф» каби анъанавий авангард клубларда бутун мавсум давомида хотиржамлик бўлмайди. Бу клублар ҳар бир ўйинда керагидан ортиқ тер тўкишга мажбур. Ана, «Навбаҳор» Жиззахда 2та гол устунлигидан сўнг бироз хотиржамликка берилди ва Люпче Дориев майдонда қандай ишларни амалга оширганини мухлислар мириқиб кузатишди. Агар учрашув охирида Самандар Мавлонқулов унинг узатмасини голга айлантира олганида, эҳтимол, майдонда тартибсизлик юз бермасди.
Александр Хомяков ва Томас Тухелдан фарқли ўлароқ, Самвел Бабаян асосий таркиб футболчиларини алмаштирмади. У миллий жамоамизни бошқарган вақт ҳам захира вакилларини ўз ўрнида майдонга туширмай, мухлисларни асабийлаштирарди. Бабаянча ёндашув бу сафар «Навбаҳор» ютуғини таъминлагани рост. Қолаверса, жамоанинг Ўзбекистон кубоги гуруҳ босқичида сайқалланган ўйини энди Суперлигада ўз сўзини айтмоқда. Қайд этиш лозим бўлган яна бир жиҳат шуки, Азим Аҳмедовнинг асосий таркибга қайтиши «Навбаҳор» ўйинларига ўзгача кўтаринки руҳ бағишламоқда. Футболни нозик тушунувчи ҳамкасбимиз Нозимжон Жабборов айтмоқчи, Азим Аҳмедов наманганлик эканлиги, вилоят футболи учун жон фидо қилишга тайёрлигини ҳар бир ўйинда яққол сездирмоқда. Ҳа, Жиззахда Самвел Бабаян шогирдларига омад кулиб боқди! Лекин энди уларни 8-турда «Нефтчи»га қарши ўта муросасиз ўйин кутмоқда. «Андижон»га қарши кечган «Водий дербиси»да 0:2 ҳисобидан сўнг ўзини ўнглаган ва мағлубиятдан қочишни уддалаган Виталий Левченко жамоаси «Навбаҳор» билан олишувга қандай кайфиятда тушишини тасаввур қилиш қийин эмас. Боз устига, «Нефтчи» таркибида Мирзоҳид Ғофуров, Диёр Туропов, Аббос Ғуломов каби собиқ «лочинлар» тўп суришади. «Навбаҳор»да эса Фарғонада порлаган ва охир-оқибат, Наманган клубини танлаган Тома Табатадзе бор. Қисқаси, 8-турдан ўрин олган марказий учрашувда нафақат ўта муросасиз дербини, балки унга таъсир ўтказувчи бошқа омилларни ҳам кузатамиз.
Очиғи, Александр Хомяков «Нефтчи»га қарши учрашув якунида тушунарсиз йўл тутди. Барча кўриб турибдики, «Андижон» ўйинини Фарҳод Соҳибжонов - Бектемир Абдуманнонов - Шаҳром Самиев триоси бошқармоқда. Оддий айтганда, жамоа услуби моҳиятини шу футболчилар белгилашмоқда, уни олға бошлашмоқда. Александр Хомяков эса 2та гол устунлигини ишончли билди чоғи, триони бузди, яъни Бектемир Абдуманнонов ва Шаҳром Самиевни захирага олди. Ҳолбуки, шу иккиси «Нефтчи» ҳимоясини таҳликада ушлаб турганди. Абдуманнонов ва Самиев майдонда тўп суришаётган паллада ҳатто Жасур Жалолиддинов ҳам, Билолхон Тошмирзаев ҳам ўз имкониятидан тўлиқ фойдаланолмаётганди. «Андижон» бош мураббийининг кейинчалик муваффақиятсизлиги маълум бўлган алмаштиришларидан сўнг Жасур Жалолиддинов ва Билолхон Тошмирзаевнинг ўйини очилиб кетди. Натижада Фарҳод Соҳибжоновнинг златанча услубда урган голидан «шок»ка тушиб қолган Фарғона клуби ўзини ўнглаб, қатъий ҳужумга отланди ва шунга яраша мукофотланди. Хуллас, «Андижон» ғалаба қозониши эҳтимоли катта баҳсда бош мураббий хатоси туфайли 2 очкодан айрилди. Бироқ кейинги учрашувларда «Андижон» ва унинг биз таъкидлаган триоси рақибларни аяб ўтирмаса керак. Александр Хомяков қўл остида Суперлига айвонида янги номлар порламоқда ва бу футболимизнинг ютуғи, албатта.
Мана, турнир жадвалидаги «тартибсизлик» ва уни юзага келишига сабаб бўлган марказий ўйинлар ҳақида қисқача мулоҳаза юритдик. Мухлисларда савол туғилиши табиий: жадвалда бу каби тиғизлик ва тарангликнинг бўй кўрсатиши, анъанавий пешқадам жамоалар ва ўртамиёналарнинг яқин жойлашуви нимадан далолат? Бундай жараённинг шаклланиши яхшими ёки ёмон? Масаланинг бу тарзда кескин қўйилиши тўғрими? Халқимиз «Ҳар бир ишда ҳикмат бор», - дейди донолик билан. Келинг, Суперлига турнир жадвалидаги ҳозирги вазиятдан ҳам ҳикмат излайлик. Аслида шундай «тартибсизлик» азалий орзу эди. Ҳар ҳолда, мухлислар мавсум аввалидаёқ қайси жамоанинг чемпион ёки совриндор бўлиши яққол сезилиб қолишидан роса зерикишганди. Чамаси энди ўша дамлар аста-секин тарихга айланмоқда. Шундай экан, Суперлига турнир жадвалидаги айни ҳолат учун шукрона айтсак арзийди. Аммо бу манзара бир мавсумдан ортиқ чўзилмаслиги аниқ. Негаки, финишда қайсидир жамоа чемпионлик ёки медални қўлга киритади. Халқаро учрашувларда ўзини намоён қилиш истаги эса ўша клубда кучли футболчиларни жамлайди, барибир. Демоқчимизки, жорий мавсум Суперлига учун ҳам, футболимиз учун ҳам ўзига хос ўтиш босқичи сифатида кўзга ташланмоқда. Ҳар қандай ўтиш босқичида эса сокинлик ва осойишталикдан кўра, довул-у тўфонларнинг ўрни яққолроқ сезилади. Мухлис учун шундай интрига бўлгани маъқул. Нима дедингиз?
Муҳаммад ВАЛИ
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Яқинда «Манчестер Сити» ҳужумчиси Эрлинг Холанд жамоаси учун 100-голини ҳадя этиб, жаҳон миқесидаги тенгсиз натижани қайд этди - бунинг учун тўпурарга 105та ўйин етарли бўлди.
Англия ёшлар терма жамоасининг собиқ мураббийи бу футболчининг салоҳияти Фил Фоден ва Коул Палмерникидан кам эмаслигини таъкидлади.
Introduction about the author of this blog
Адрес
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Телефон
+(123) 345-6789