Муносабатлар ўйини

Муносабатлар ўйини

Муҳтарам мухлис! Кўриб-билиб, гувоҳ бўлиб турибсизки, янги Ўзбекистон пойдеворини бунёд этиш, учинчи ренессанснинг муаззам ва ойдин йўлига чиқиб олиш осон кечмаяпти.

Биз яшаб турган жамиятда шундай бир тушунарсиз, ғалати анъана шаклландики, ундан ҳали-вери қутулолсак керак. ОАВ қандайдир кичик бир ютуқни улканлаштириб, шон-шарафга буркаса, ижтимоий тармоқлар арзимас камчиликни муаммо даражасига кўтармоқда. Афсуски, футболимизда ҳам шунга яқин ҳолат кузатилмоқда. Ана, Элдор Шомуродов АҚШ термасига қарши кечган ўртоқлик ўйинида голга тортадиган икки 100 фоизли вазиятдан фойдаланолмади. Қарабсизки, танқид тошлари бутун сурони билан унинг бошига ёғилди. Аёнки, бундай босим футболчининг руҳия­тига салбий таъсир ўтказмай қолмайди. Бош мураббий ҳам вазиятдан ўзига яраша тегишли хулоса чиқаради, чиқарди ҳам. Бу ўринда Сречко Катанецнинг ротациясини танқид қилмоқчи эмасмиз. У бир неча маънода тўғри йўл тутди.

Мексика термасига қарши ўйинда Элдор Шомуродов ўрнига Бобур Абдухолиқов асосий таркибда майдонга туширилгани том маънода ўзини оқлади. Акс ҳолда, Элдор Шомуродов танқидлар босими остида иккинчи учрашувда ҳам ўз даражасида тўп суролмаслиги мумкин эди сардор бўлгани учун. Балки бундай салбий ҳолат кейинчалик чуқурлашиб, газак олиб ҳам кетарди. Сречко Катанец терма жамоамиз сардорини шундай хунук воқеликдан асради қайсидир маънода. Аслида Элдор Шомуродовнинг АҚШ термасига қарши учрашувдаги ҳаракатларини кескин танқид остига олиш унга нисбатан адолатсизликдир. Бош мураббий ҳужумчига ишонди ва у шунга яраша гол уришга интилди. Эътиборлиси, яхши вазиятларни ҳам Элдорнинг ўзи яратди деярли. Тўғри, гол уролмади ва бундай ҳолат одатда ўйин амалиёти билан боғлиқлигини мухлислар ҳам, мутахассислар ҳам яхши билишади. 

Юқоридаги мулоҳазаларни ёзишдан аввал «Элдор Шомуродов чиндан ҳам, кескин тан­қидларга лойиқми?» қабилидаги саволга аниқ жавоб излаш мақсадида «Кальяри» -  «Удинезе» ўйинини томоша қилдик. Учрашувни кузатиш асносида билдикки, Шомуродовга нисбатан танқидлар ҳаддан ошган, бу борада меъёр бузилган. Кладуио Раньери нечоғли тажрибали бўлмасин, ҳали ҳозирча «Кальяри»ни «А» серияга мос даражада бир бутун жамоа сифатида  шакллантиролмабди. Сардиния клубининг мағлубиятлари шундан далолат бермоқдаки, гап Шомуродовнинг ҳужум чизиғида  фаол ҳаракатланолмаётгани ва гол уролмаётгани билан боғлиқ эмас.  Жамоа ўз майдонида «Удинезе»ни енголмади, яна рақиб дарвозасига гол уролмади. Захирадан майдонга тушган Шомуродовнинг ҳаракатлари ҳам самара келтирмади. Ҳамма ўйлайдики, Элдор захирадан майдонга тушиб, ғалаба голини уриши шарт. Очиғи, «Кальяри»нинг ўйини шу бўлса, Эрлинг Холанд ва Килиан Мбаппе ҳам захирадан тушиб, гол уролмайдилар ёки бу борада қийналадилар. «Калья­ри» ўйинини кузатиб, беихтиёр Клаудио Раньери давридаги «Лестер»ни эсладик. Каспер Шмейхель, Н~Голе Канте, Жейми Варди ва бошқалар бир мушт бўлиб, рақибга зарба берадиган куч ҳисобланардилар.  Клаудио бобо шундай жипс жамоани яйраб бошқарган, унга мураббийлик маҳоратини тўлиқ сингдирган. Қисқаси, шу икки уйғунлик «Лестер»ни  фавқулодда ҳодиса сифатида чемпионлик сари бошлаганди. 

«Кальяри»да эса «Лестер»­даги каби уй­ғунлик кўзга ташланмаяпти ҳозирча. Футболчилар профессионаллик нуқтаи назаридангина бир-бирларига тўп оширишмоқда. Уларда уйғун ҳаракатланиш, бир-бирларини қўллаш, гол учун масъулиятни ҳис қилиш каби туйғулар сезилмаяпти. Ғалаба йўлида ўзлари йўллайдиган зарбадан воз кечиш хислати ҳам. Бунақада Элдорнинг косаси оқармайди ва захирадан майдонга тушса, гол урмаса - бунинг учун уни айблаш ноўрин, инсофсизлик. Клаудио Раньерининг тажрибали мураббий эканлигига  шак-шубҳа йўқ, бироқ иш шундай давом этса, у «Кальяри»да шунча тўплаган обрў-эътиборини йўқотади.  Майли, бу унинг иши, «Кальяри»нинг кўргулиги. Аммо биз «А» серияда мустаҳкам оёққа туролмаётган забун жамоа фонида Элдор Шомуродовни танқидларга кўмиб ташламаслигимиз лозим. У забун «Кальяри» ичра - футболимиз зари. Зарни асраш эса Раньери эмас, балки бизнинг вазифамиздир. 

Гарчи олдинда Темур Кападзе бошқарувидаги жамоамизни Осиё ўйинлари кутиб турган турган бўлса-да, бугун Элдор Шомуродовга нисбатан билдирилаётган муносабатларга кўпроқ эътибор қаратдик. Холис ва интеллектуал муносабат футболимизни тараққиёт сари элтади. Ёдингиздами, «Олимпик» салгина депсинган вақт Темур Кападзе фаолиятига нисбатан танқидлар кучайди. Ҳолбуки, у энди олимпия термасини Ханчжоуда майдонга олиб тушади. Бу орада олимпиячиларимиз узоқ йиллар бизга кун бермай келган Эрон футболи ёшларини ҳеч қийналмасдан енгишди. Суперлига ва Про лигада кўп учрайдиган муаммолар ўз йўлига. Уларни тан­қид остига олишдан толмаймиз ва қайтмаймиз. Айни чоғда, миллий ва олимпия терма жамоаларимизда кўзга ташланаётган ютуқларни эътироф этиш, уларни қўллаб-қувватлаш - бурчимиз! Мана, Темур Кападзе раҳбарлигидаги жамоамиз Ханчжоуга жўнар экан, футболнинг ажойиб билимдони, жонкуяр мухлис, адолатпарвар нуроний Ғуломжон ака Ҳамидов бизга ажиб бир шеър йўллади:

Ҳа, рост, бир орада Гонконг ёки Ливан термаларига қарши ўйинларда ҳам чўчиб, хавотирга тушиб ўйнаганмиз. Шу каби рақиблар устидан ғалаба қозонолмай қимматли очколарни йўқотганча мундиал эшикларини ўзимиз учун ўзимиз ёпганмиз. Темур Кападзе шогирдлари шу машъум ҳодисотга барҳам бермоқ учун азм-у аҳд ва шижоат билан йўлга чиққан. Ишонайликки, бу йўл марраси ойдин бўлғуси! Уларни муносиб равишда қўллаб-қувватлайлик ва муносабатларда холисликни ушлайлик, адашмайлик!

Янги тарих кутамиз

Зафар машъаласин тутиб қўлида, 

Майдон узра шонли давра қурганлар.

Олға, юрт шаъни деб Париж йўлида,

Эрон термасини четга сурганлар.

   Неча бор орзулар армонга дўнди,

   Неча бор юз шувут, бошлар бўлди хам.

   Тиш қайраб мухлис барига кўнди,

   Ахир рақиблардан эмас эдик кам.

Мард-у майдон эди моҳир Миржалол,

Осиё, Европа ва жаҳон узра.

У ёниб, ёндириб урганида гол,

Футбол осмони ҳам эди феруза. 

   Орада зафарлар йўқолди бирдан,

   Тиззасин муштлади Биродар бобо.

   Воқиф бўлиб мухлис анчайин сирдан,

   Деди: «Наҳот шундай! Бўлмабди! Оббо!»

Энди у дамларни унутмоқ жоиз,

Сиздан кутмоқдамиз голлар хирмонин.

Бугун юракларда ишонч юз фоиз,

Бошланг Роналду ё Месси хиромин!

   Навбатин кутмоқда япон футболи,

   «Самурайлар»ни ҳам тушуринг тахтдан.

   АПЛда қолсин Сон Хюн Мин голи,

   Бақириб юборсин Кападзе бахтдан.

Олис Хиросима ёддадир, лекин,

Ханчжоуда янги тарих яратинг.

Чин юртидан эссин зафарли эпкин,

Мухлисларни яна роса яйратинг.

   «Олтин Ўзбекистон тупроғи бу кун,

   Бир пари фаслнинг оғушида маст!»

   Зувалангиз бутун, тўп суринг фусун,

   Йигитлар, зафарга бўлингиз пайваст!

Муҳаммад ВАЛИ