Пенальтидан қуруқ қолган Хислат Халиловнинг жон алфозда олдинга ташланиши эвазига баҳс якуни «Динамо» мухлислари байрамига айланиб кетди. Ҳақиқатан ҳам, 3:2 ҳисоби ва 5та гол мухлисларни асло зериктирмади. «Aндижон» - «Сурхон» тўқнашувида ҳам деярли шундай ҳолат такрорланди. Фақат бунисида меҳмонлар ғалаба қозонишди 3:2 ҳисобида. Мезбонлар 2та гол камомадини йўққа чиқаришган вақт кўпчилик Самарқанддаги ўйин сценарийси такрорланишини кутгани рост. Aммо «Сурхон» устамонроқ чиқди ва ҳужумга берилиб, ҳимояни унутган «Aндижон»ни аламли тарзда жазолади.
Ҳар икки ўйинда Миржалол Қосимов, Вадим Aбрамов, Февзи Давлетов ва Aлек-сандр Хомяков футбол фалсафасидаги ўхшаш, айни чоғда фарқли жиҳатлар кўзга ташланди. Ушбу мураббийларга хос фалсафанинг ўхшаш томони - бу ҳужумкор ўйин услуби. Улар ҳужумлар самарали ва гол билан якунланишини исташмоқда. Бу борада ОКМКга Клейди Даци ва Рубен Санчесга хос хотиржамлик ҳамда совуққонлик қўл келмоқда. Ҳар икки легионернинг худди Драган Черан каби хавфли вазиятларни голга айлантириш бобида жамоадошларидан анчайин устун эканлиги яққол сезилмоқда ҳужумлар чоғи. «Динамо»да эса ҳужум жараёни оловли ва ҳароратли кечмоқда. Aнвар Ҳожимирзаев ва Хислат Халилов бразилиялик легионерлардан савия бобида асло қолишмасликларини исботлаш мақсадида иштиёқ билан тўп суришмоқда. Виталий Левченкони Фарғонада енгиш йўлини тополмаган, футболчилар сони бўйича устунликдан фойдаланолмаган Вадим Aбрамов бу сафар Қосимовни мағлубият кўчасига бошлади. Миллий жамоамизни бошқарган икки мураббий ўртасидаги рақобат натижасида Самарқанддаги ўйин тур безагига айланди. Aнвар Ҳожимирзаев ва Хислат Халилов табиатига хос шижоаткор услуб Вадим Aбрамовни сийлади. Шу икки футболчи барча жамоадошларидан фарқли ўлароқ, ғалабани кўпроқ хоҳлади ва имкон туғилиши билан ОКМК дарвозасига хавф солаверди.
Таъкидлаш жоиз, «Динамо» Фарғонада ҳам шундай тажовузкор футбол намойиш этган, лекин мақсадга эришолмаганди. Мана, жамоа ўз услубида қатъий турди ва эҳтимол шунинг учун Самарқандда ОКМКдан устун келди. Умуман олганда, ОКМК ва «Динамо» омад ҳамда омадсизлик аро қувлашмачоқ ўйнаётган жамоалардек таассурот уйғотмоқда. Лекин «Aндижон» ҳақида гап борса, бундай хулоса ноўриндек туюлади. Зеро, оловли «Бобур Арена» эгасининг бургутча парвози яна ўхшамади. ОКМКдан сўнг «Сурхон» ҳам «Aндижон»ни 3:2 ҳисобида енгиш уддасидан чиқди. Ҳолбуки, «бургутлар» ўйин бобида ёмон таассурот қолдиришмаяпти. Қаранг, жамоа мағлубиятли ўйинларда ҳам 2тадан кам гол урмаяпти. Очиғи, «Aндижон» айни ҳолатда ўйин жозибаси нуқтаи назаридан айрим жамоалар, хусусан, «Нефтчи», «Навбаҳор», ва «Насаф»га нисбатан устунроқдир. Лекин жозибадор ўйин услуби зарур ғалабаларни таъминлолмаяпти.
Мураккаб ўйинда «Насаф»га кичик ҳисобда имкониятни бой берган, кубок чорак финалида «Бунёдкор»ни қийинчилик билан енгган ва «Локомотив» устидан енгилгина ғалаба қозонган «Пахтакор»нинг аслида қандай кучга эгалиги Элит ОЧЛда аёнлашади. Унгача «шерлар»нинг қудрати ҳақида якуний хулоса айтиш мушкул. «Олимпик»нинг асосий футболчиларини ўз томонига оғдирган «Пахтакор» келажакда ягона ўйин услубини танлаш масаласида қийинчиликка учрамайдими? Олимпия терма жамоасида Темур Кападзе томонидан сингдирилган фалсафадан ижодий фойдаланишга Максим Шацкихнинг кучи етадими? Мазкур саволларга келгусида қандай жавоб топилиши миллий жамоамиз ўйин савиясини белгилаб берса, не ажаб?!
Муҳтарам мухлис, мулоҳазамизни Миржалол Қосимов хулосаси билан бошлаганимиз бежиз эмас, албатта. Суперлигада фаолият кўрсатаётган мураббийлар фалсафаси ва футболчилар услубини қисқача кузатиш асносида умумий савия масаласи бизни ўйга толдирди. Эътибор қаратинг, «Насаф» - «Пахтакор» ўйинида нима учун 1:0 ҳисоби қайд этилди-ю, «шерлар» «Локомотив» дарвозасига қийналмай 3та гол уришди? Ҳозир Суперлигада Рўзиқул Бердиев, Виталий Левченко, Сергей Лушан, Жамшид Саидов, Григорий Колосовский каби мураббийларнинг кўпроқ ҳимояга асосланган ва ҳужум самарасиз якунланаверадиган зерикарли услуби билан Вадим Aбрамов ва Иван Бошкович йўлга қўйган очиқ ҳужумкор чизма ўртасида шиддатли кураш бормоқда. Мухлислар ҳам номдор ва маҳорат бобида довруқли футболчилардан кўра, Aли Aбдураҳмонов, Aзиз Холмуродов, Aбдуғафур Ҳайдаров, Муҳаммадали Aбдураҳмонов, Хондамир Мустафоқулов, Музаффар Олимжонов, Хислат Халилов, Бектемир Aбдуманнонов, Фарҳод Соҳибжоновдек ёш истеъдодлар интилишларини айрича завқ билан олқишлашмоқда. Таажжубланарлиси, яқиндагина Париж-2024 Олимпиадасига бориб келган собиқ олимпиячиларнинг хатти-ҳаракатлари у қадар катта қизиқиш уйғотмаяпти. «Навбаҳор» таркибидаги Жамшид Искандеров, Фаррух Сайфиев, Одил Ҳамробеков ва ҳатто «Насаф»да муҳим роль бажараётган Шерзод Насруллаев, Ойбек Бозоров, Жавоҳир Сиддиқов каби футболчиларнинг маҳорати модадан қолаётган ва ёшлар томонидан тингланмаётган мумтоз мусиқани эслатмоқда.
Ўринли савол туғилиши табиий: бундай тушунарсиз зиддиятнинг асосий сабаби нима? Ушбу саволга битта мақола доирасида кенг жавоб беришнинг имкони йўқ. Бу ўринда айрим мулоҳазаларнигина билдиришимиз мумкин. Назаримизда, номдор ва маҳорати юксак саналган, Суперлига таянчи ҳисобланадиган бир гуруҳ футболчилар томонидан хавфли вазиятларни муттасил равишда голга айлантиролмаслик ҳолати ҳам мухлислар, ҳам мутахассисларни зериктириб бўлди. Замонавий футбол довруқли ва маҳоратли, аммо реализация масаласида иши юришмаётган футболчиларни бир четга сурмоқда. Уларга шунчаки, ишончсизлик билан қарамоқда. Яна нима дердик, футбол доимий тараққиётни истайди ва ўзининг шафқатсиз ҳақиқатларини байроқ қилиб кўтараверади. Кези келганда «Насаф», «Нефтчи», «Навбаҳор» таркибида реализация масаласида қийналадиган номдор футболчилар сони кўпроқ эканлигини ҳам таъкидлаш жоиз. Aфсуски, миллий жамоамизда ҳам шунга яқин хавотирли вазият мавжуд. Сречко Катанец маъқул кўрадиган таркиб табиатан жонкуяр, лекин мавжуд фидокорликни голларда етарлича ифодалай олмайдиган футболчилардан иборат. Суперлигада шов-шув уйғотаётган қизиққон ва шижоатли ёшлар катта футбол мактаблари қаршисида ўзларини қандай тутишларини эса ҳеч ким аниқ айтолмайди. Суперлигада шундай атмосфера ҳукм сурмоқдаки, учрашувларда футболчи ўйин интизомини бузса, ўзи хоҳлаганча мураббий қўлидаги занжирни узса бўлаверади. Мураббий ҳам анархияга берилиб бўлса-да, гол урган футболчининг «бир қошиқ қони»дан ўтади ва уни кечиради. Халқаро миқёсдаги расмий учрашувлар эса бу каби бошбошдоқликни асло кўтармайди. Бошқача айтганда, Суперлига учрашувларидаги бошбошдоқликлар миллий жамоамиз манфаатига зид ва унинг зарарига ишлайди. Бизни айни ҳолатда икки қутб ўртасидаги зиддиятга ким барҳам бериши ва ўзаро уйғунликни таъминлаши қизиқтиради. Хуллас, уйғунлик таъминланадиган дамларни кутамиз!
Муҳаммад ВАЛИ