Мутлақо ногаҳоний қаҳрамон

Мутлақо ногаҳоний қаҳрамон

ГЕРМАНИЯДА ШОВ-ШУВЛИ ДЕБЮТ.

«Инстаграм» ижтимоий тармоғида 2 миллион обуначиси бор фаластинлик блогер «Герта» сафидаги дебют ўйинидаёқ пенальтилар сериясида гол урди. Диққатни тортадиган томони, Нодир ал Жиндауи бундан олдин фақат ёшлар миқёсида ва Германия чемпионати қуйи дивизионларида ўйнаганди. Аниқроқ айтсак, 2022 йилнинг ёзида «Герта» ёшлар жамоасига қабул қилинган вингер асосан «Шимолий-Шарқ» ҳудудий лигаси (Тўртинчи дивизион)да тўп сурган. Энди эса бирдан Германия кубоги 1/8 финалидан ўрин олган «Гамбург»га қарши баҳсда «Герта»даги дебютини нишонлади. Эътиборли жиҳат шуки, профессионал даражада 27 ёшида дебют қилган Нодир буни гол билан безади.

Тафсилотларга тўхталсак, Нодир ал Жиндауи 80-дақиқада захирадан майдонга тушган вақт «Герта» 1:2 ҳисобида ортда қолаётганди. Берлинликлар 90-дақиқада мувозанатни тиклашди, кейин қўшимча бўлимларда ҳам ғолиб томонни аниқлаш имкони топилмади - 3:3. Якунда кейинги босқич йўлланмаси тақдирига пенальтилар серияси ойдинлик киритди. Бунда Нодир ҳам «нуқта»дан зарба берди ва гол урди. Хуллас, фаластинлик блогер «Герта»нинг серияда 5:3 ҳисобида устун келишига ҳисса қўшди.

Алоҳида айтиш керак, Германияда туғилган асли фаластинлик Нодир ал Жиндауи блогер сифатида анча танилган. Жумладан, «Инстаграм» тармоғидаги обуначилари сони 2 миллионга етган бўлса, YouTube каналида чамаси 1,75 миллион киши унинг саҳифасига ёзилган. Нодир жумладан, «Менинг ҳашаматли ҳаётим» сериясига мансуб суратлари билан машҳур: ялтироқ кўйлаклар, қимматбаҳо костюмлар, дабдабали автомобиллар. Саҳифасида яна оилавий суратлари ҳам кўп. Нодир айниқса, турмуш ўртоғи ва икки фарзанди билан тушган фотоларни тез-тез жойлаштиради «Инстаграм»га...

ГЕРМАНИЯ КУБОГИ 1/4 ФИНАЛИ ИШТИРОКЧИЛАРИ

«Байер» (Бундеслига) - 1993 йили миллий кубокни ютгани бўйича бошқа соврин олмаган

«Штутгарт» (Бундеслига) - 2007 йили мамлакат чемпиони бўлгани бўйича бошқа соврин олмаган

«Боруссия» М. (Бундеслига) - 1995 йили миллий кубокни ютгани бўйича бошқа соврин олмаган

«Санкт-Паули» (Бундеслига 2)

«Фортуна» Д. (Бундеслига 2)

«Герта»  (Бундеслига 2)

«Кайзерслаутерн» (Бундеслига 2)

«Саарбрюкен» (Учинчи лига)

1/4 финал. 30-31 январь (шанба-якшанба)

«Саарбрюкен» - «Боруссия» М.

«Герта» - «Кайзерслаутерн»

«Байер» - «Штутгарт»

«Санкт-Паули» - «Фортуна» Д.

Жавоб ўйинлари: 2024 йил 6-7 февраль (сешанба-чоршанба)