ТаҚдир: Бир омадсиз ўйин ортидан...

ТаҚдир: Бир омадсиз ўйин ортидан...

Собиқ ҳужумчи Мартин Палермо 1999 йилнинг февраль ойида фаолия­тида илк марта Аргентина миллий жамоасидан таклиф олади.

25 ёшли футболчи ўша вақт «Бока Хуниорс» ўйинларида маҳсулдорлик кўрсатиш асносида мухлислар меҳрини қозонишга улгурган топ-голеадор эди. Айниқса, «Бока»нинг азалий рақиби - «Ривер Плейт»ни ажойиб голлар билан мунтазам равишда ранжитиб келган снайпер терма жамоада Габриэль Батистута ва Эрнан Креспога муносиб ворис бўлишга қодирдек кўринганди. Бироқ...

*** 

Аргентина миллий жамоаси бош мураббийи Марсело Бьелса 1999 йилнинг ёзида Мартин Палермони Парагвай мезбонлик қилган Америка кубоги «заявка»сига киритади. Иқтидорли ҳужумчи бунга жавобан турнир стартига тўғри келган дебютида Эквадор термаси дарвозасига 2та гол уради. Диего Симеоне, Вальтер Самуэль, Хавьер Занетти ва Хуан Роман Рикельме каби юлдузларни жамлаган «альбиселест» эса 3:1 ҳисобида ғалаба қозониб, турнирга юксак мақсадлар билан киришганини намойиш этади. Зеро, аргентиналиклар аввалги 2та мусобақада ҳаттоки, ярим финалга ҳам чиқолмагандилар. Тақдир экан, ке­йинги учрашувда омад Мартин Палермодан бутунлай юз ўгиради - ҳужумчи Колумбия термасига қарши кечган баҳсда 3 марта рақибларини жарима майдони ичида ўзига нисбатан қоида бузишга мажбур қилади ва 3 марта «нуқта»дан зарба йўллайди. Аммо Мигель Калеро қўриқлаган дарвозасига лоақал 1та гол уролмайди. Увол кетган 3та пенальти... Биринчи бўлим аввалида Палермонинг кучли зарбасидан сўнг дарвоза тўсини ларзага келганди, у кейинги уринишида тўпни анча юқорига тепади. Ўйин ниҳоясига яқинлашиб қолган бир паллада эса (у пайт Колумбия термаси 3:0 ҳисобида олдинга ўтиб олганди), ҳужумчи ва дарвозабон ўртасидаги «дуэль» иккинчисининг фойдасига ҳал бўлади. Ақлга сиғмас омадсизлик, шунчаки, фантастика!

*** 

Табиийки, журналистлар ўйин­дан кейинги матбуот анжуманида Марсело Бьелсани саволларга кўмиб ташлайдилар. Лекин мураббий омадсизликка баҳона қидириб ўтирмайди, қисқа изоҳ билан кифояланади: «Пенальтилар масаласига Мартиннинг ўзи жавоб беради. Ахир ўйиндаги 3та 11 метрли жарима зарбасини ҳам у амалга оширди. Лекин бир жиҳатга эътибор қаратиш керак: қаторасига икки омадсиз уринишдан ке­йин масъулиятни яна ўз зиммасига олиш кишидан метиндек асаб талаб қилади». Палермонинг ўзи эса ОАВ вакиллари билан юзма-юз келишдан чўчимайди. Кўпчилик унинг ўйиндаги мислсиз омадсизлиги учун мухлислардан узр сўрашини кутганди. Бироқ Мартин ўзгача изоҳи билан оловга мой қуяди: «Ўйин пайти ўта мураккаб қарорлар қабул қилишимга тўғри келди. Бу жуда қалтис иш эди. Аммо амалга оширган зарбаларимнинг бирортасидан ортиқча афсусланмайман». Кийиниш хонасида бош мураббий Палермони худбинликда айблайди. Бьелса кейинчалик учинчи пенальтини ҳам Мартин ижро этишига қарши бўлганлигини ошкора тан олганди. Лекин ўйин пайти қизил карточка олгани туфайли вазиятга аралашолмаганди: «Аслида ҳакамликни шарҳлаш одатидан йироқман. Бироқ рефери менга нисбатан адолатли қарор чиқарганини айтишим жоиз. Чунки ўша паллада ўзимни тарбиясиз кишидек тутдим». 

*** 

Кутилганидек, ўйиндан ке­йин Мартин Палермо турли таъна-дашном ва танқидлар остида қолади. Кўп ўтмай, ота-онасининг Ла-Плата шаҳридаги уйи тошбўрон қилингани ҳақида ҳам хабарлар тарқалганди. Шунингдек, футболчининг яқинларига телефон орқали таҳдидлар, дўқ-пўписалар ёғилади. Мартиннинг ўзини эса «Телба» лақаби билан «сийлашади». Аргентина термаси якунда колумбияликлардан қабул қилинган мағлубият туфайли «плей-офф» босқичига 2-ўрин орқали чиқади ва чорак финалда қудратли Бразилия миллий жамоасига дуч келиб, 1:2 ҳисобида енгилади. Шу тариқа «альбиселест» қаторасига учинчи марта Америка кубоги ярим финалига ҳам етиб боролмайди. Футболчи эса салбий натижа туфайли Гиннесс рекордлар китобидан ўрин олади. Маълум бўлишича, Мартин Палермодан олдин бирор футболчи 1та ўйинда 3та пенальтини кўкка совурмаган экан. Аргентиналик омадсиз антирекордчи кейинчалик бу борада ўзини оқлашга ҳам уринганди: «Тўғриси, ўшанда учинчи зарбани тепишга ҳеч ким ботинолмаганди. Фақат Роберто Айяла ёнимга яқинлашди ва аста сўради: «Бу сафар ҳам тепасанми?» Шунда порт­лаб кетишимга оз қолди. Зеро, ўша паллада концентрация-эътиборим нолга тенг эди. Ўзимни ёлғиз кўппакдек ҳис этдим. Лекин яна бир бора тепишга журъат топдим, барибир. Бу сафар дарвозани аниқ нишонга олдим, аммо кипер алданмади...».

*** 

Мартин Палермо Америка кубоги турниридаги ўша омадсизлик ортидан четга чиқади, ҳисоб. Яъни нақ 10 йил давомида уни ҳеч ким терма жамоага чақирмайди, ваҳоланки, ҳужумчи тупа-тузук ўйнарди. Фақат буюк Диего Марадона бунга жазм этиб, омадсиз футболчини бош жамоага қайтаради. Дон Диего аввалига Мартинни ЖЧ-2010 саралаш босқичи ўйинларига таклиф этади, кейин ЖАР мундиалига ҳам олиб боради. Тажрибали ҳужумчи эса ўша мусобақада захирадан ўйинга қўшилиб, 9 дақиқадан кейин Греция термаси дарвозасини ишғол қилади. Бу 36 ёшли Палермо учун жаҳон чемпионатидаги дастлабки ўйин ва гол эди, шундайлигича қолди. «Диего сўнгги 10 дақиқада ўйнаш имкониятини берди. Муҳими, ЖЧдаги дебютимни гол билан безадим. Қувонтирадиган томони, оилам аъзолари гувоҳлигида гол урдим. Укам, тўнғич ўғлим ва рафиқам кузатувлари остида. Бу фаолиятимдаги энг бахтиёр лаҳза бўлиб қолди. Муваффақиятга яқинлашаётганимни аввалдан ҳис этгандим. Хуллас, даҳо ишончини оқладим, унинг танлови тасодифий эмаслигини исботладим», - деганди Мартин ЖАР мундиалидан кейин.

*** 

Палермонинг хорижда ёрқин фаолият юритишига эса доимий жароҳатлар монелик қилган. У янги асрнинг илк йиллари Испанияга йўл олиб, «Вильярреал», «Бетис» ва «Алавес» жамоалари сафида тўп сурган, аммо ватанидаги сермаҳсулликни намойиш этолмаганди. «Бока Хуниорс» мухлислари учун Палермо - клуб рамзи! У қадрдон жамоа­си таркибида 404 марта майдонга тушиб, 236та гол урган ахир. Аргентиналик афсона жорий йил ноябрь ойида 49 ёшга тўлади. У айни пайт - ишсиз мураббий. «Атлетико Альдосиви» клубидаги фаолиятини май ойи охирида ниҳоясига етказди. Умуман, Мартинни ҳалигача асосан ўша бир учрашувдаги 3та самарасиз пенальти туфайли эслаб туришади. Лекин унинг ўзи энди мураббийлик соҳасида муваффақиятга эришиш учун астойдил бел боғлаган. Ким билади, футболчиликда армон бўлиб қолган орзулари янги йўналишда рўёбга чиқар? Буни вақт кўрсатади, албатта.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади