Ахир медаллар учун нафақат чавандозлар, балки уларнинг арғумоқлари ҳам теппа,тенг кураш олиб борадилар. Уларнинг мусобақалардаги роллари соҳиблариникидан кам эмас...
ОЛИМПИЯ ЎЙИНЛАРИ Париж (Франция)
От спорти. Конкур, шахсий биринчилик. Финал
1. Кристиан Кукук (Германия) - 38,34
2. Стив Гердат (Швейцария) - 38,38
3. ван дер Влетен (Нидерландия) - 39,12
Таниқли футболчининг отхонаси жамоатчиликка тинчлик бермаяпти
Бўш вақтини кўпроқ хусусий отхонасида ўтказадиган таниқли футболчи Томас Мюллер ўзининг энг учқур айғирини Германия терма жамоасининг етакчиси Кристиан Кукукка совға қилди. У эса Парижда Олимпиада чемпиони унвонига сазовор бўлди. Чавандоз отни мусобақага яхши тайёрлагани учун Томас ва унинг рафиқасига миннатдорчилик билдирди.
Олимпиададаги ғалабадан кейин Мюллерга айғирнинг жароҳат олганлиги ҳақида хабар беришди
Томас Мюллер - отлар шайдоси. Жониворларга бўлган муҳаббатни унга рафиқаси Елизавета сингдирган. Аёл профессионал чавандоз, йирик мусобақаларда иштирок этгани боис, отлар билан тез-тез ҳамкорлик қилади. Бошқа футболчилар Майами, Амирликлар каби хушманзара гўшаларда таътилни дам олиш билан ўтказишган пайтда, Томас отларни парвариш қилиш билан банд бўлар ва албатта, Елизавета доимо унга ёрдам берарди.
Жуфтлик 2021 йилда ўзининг оилавий отхонаси ташкил этган ва турли мусобақаларда чавандозларни арғумоқлар билан таъминлаб келарди. Париж Олимпиадасига Мюллер ўзининг 3та отини жўнатганди. Ўзининг энг суюкли тулпори - Чеккерни Мюллер ўз ватандошига асраб қўйганди. Чавандоз Кристиан Кукук Томасни уялтириб қўймади ва Германия учун конкур мусобақасида олтин медални қўлга киритди. Кейин ғолиб отнинг соҳибларига миннатдорлик изҳор этди: «Биз отнинг соҳиблари - Мадлен Винтер-Шульце ва Томас Мюллерни унутиб қўймаслигимиз керак. Менинг ғалабамда улар жуда муҳим роль ўйнадилар».
Бироқ ижтимоий тармоқларда бу фикрга қўшилмай, Томас ва Елизаветани отларни яхши парвариш қилмаганликда айблаганлар ҳам бўлди. Кейин РЕТА (жониворларни ҳимоя қилиш хайрия ташкилоти) ўз эътирозларини баён этди. Бунга Д~Ави номли айғирнинг жароҳат олгани сабаб бўлди. Ветеринар томонидан ўтказилган текширувда эса отда жиддий шикастланиш йўқлиги маълум бўлди.
Италияликлар отни тўла ҳуқуқли спортчи сифатида тан олишди
От спорти тез-тез жониворларни ҳимоя қилиш органлари томонидан танқид қилинади. Машҳур ипподромларда ҳар йили 50дан ортиқ куч-қувватини сарфлаб бўлган айғирларни қайтадан мусобақага тайёрлашади. Шунга ўхшаш зўравонликлар етарли. Лекин чавандозлар орасида тойчоқларга меҳр-мурувват билан ёндашадиганлари ҳам йўқ эмас. Энг учқур арғумоқлар ҳақида фильмлар яратилади, уларга картиналарни бағишлашади, яқинда отларнинг ҳуқуқий мақоми ҳам кўриб чиқилди. Жумладан, Италия от спорти Федерацияси (FISE) жониворларни инвентарь эмас, тўлақонли спортчи эканлигини тан олди. Мазкур ўзгариш шу йилнинг 31 январида қонун билан мустаҳкамланди. Энди жониворлар мусобақаларда иштирок этадиган эркак ва аёл спортчилар билан теппа,тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлдилар.
«Бу қонун бизга отларни объект эмас, субъект сифатида эътироф этиш имкониятини беради. «Спорт оти» ва «Спортчи от» атамалари биринчи марта ҳуқуқий ибора мақомини олди» - деди FISE президенти Элеонора Оттавиани. Италияликларнинг кескин қарори халқаро ҳуқуқ ва халқаро спорт регламентларига асос бўлиши мумкин.
МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади