«Навбаҳор»: Жиянов ва Ҳақназари қўшилди, Искандеров ва Юсупов билан келишув узайтирилди

«Навбаҳор»: Жиянов ва Ҳақназари қўшилди, Искандеров ва Юсупов билан келишув узайтирилди

«Навбаҳор» клуби 2024 йилги янги мавсум олдидан жамоанинг икки нафар етакчиси билан келишув узайтирилганини маълум қилди.

«Жамоамизнинг 32 ёшли тажрибали дарвозабони Ўткир Юсупов «Навбаҳор» клуби билан тузилган шартнома муддатини узайтирди. У 2024 йилги мавсумда ҳам “лочинлар” дарвозасини қўриқлайдиган бўлди.  Бундан ташқари,  30 ёшли тажрибали ярим ҳимоячиси Жамшид Искандеров    ҳам Наманган жамоаси  билан тузилган шартнома муддатини узайтирди. У 2024 йилги мавсумда ҳам “лочинлар” шарафини ҳимоя қилади», - дейилади клуб хабарида. 

Маълумот учун, Ўткир Юсупов 2023 йилги мавсумдаги барча мусобақалардаги 39 та ўйинда жамоаси дарвозасини қўриқлади.  Жамшид Искандеров эса 2023 йилги мавсумдаги барча мусобақаларда «Навбаҳор» таркибида 38 та ўйинда майдонга тушиб, 7 та голга муаллифлик қилган ҳолда, 10 та голга ассистентлик қилди. 

Шунингдек, 22 ёшли истеъдодли ҳужумчи Русланбек Жиянов “Навбаҳор” билан шартнома имзолади.

Биз Русланбек Жияновга "Навбаҳор"даги фаолиятида омад ёр бўлиб, чиройли ўйинлари ва голлари билан "лочинлар"нинг ғалабаларига муносиб ҳиссасини қўшишига тилакдошмиз", — дейилади клуб хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Жиянов 2023 йилнинг февралида Россиянинг "Пари НН" билан уч йиллик шартнома имзолаганди. 2021-2022 ва 2023  йилда "Олимпик" таркибида тўп сурган бу форварддан наманганликларнинг умидлари катта. 
Русланбек Жиянов Ўзбекистон–U-23 олимпия ҳамда миллий терма жамоаларга номзод футболчи. У олимпия терма жамоамиз таркибида 2022 йили   Осиё-U-23 чемпионатида вице-чемпионлик унвонини қўлга киритди. 

Жиянов олимпия терма жамоамиз таркибида айни пайтгача 16 та ўйинда майдонга тушиб, 2 та гол урган. 
Айтганча, ОКМКнинг эронлик тажрибали ярим ҳимоячи Сияваш Ҳақназари “Навбаҳор” билан шартнома имзолади.  

Ҳақназари 1995 йил, 3 августда Эрон пойтахти Теҳрон шаҳрида туғилган. Футболчилик фаолияти давомида Эроннинг “Персеполис” (Теҳрон, 2012-2014 йиллар),   “Малаван” (Энзели, 2015-2017 йиллар), АҚШнинг “ОКСК академия” (2014-2015 йиллар), “ОК Блуес” (2015 йил), Украинанинг “Скала” (2017 йил), “Волинь” (Луцк, 2018-2021 йиллар), ва Ўзбекистоннинг ОКМК (Олмалиқ, 2022-2023 йиллар) жамоаларида ўйнаган. 
Зотан , Эроннинг U-15, U-17, U-20 терма жамоаларида ҳам тўп тепган бу футболчи якунланган мавсумда олмалиқликлар таркибида барча мусобақаларда 34 та ўйинда майдонга тушиб, 7 та гол урган ҳолда, 5 та голга ассистентлик қилди.