Relevo нашрининг маълум қилишича, «Ньюкасл» жамоаси келаси мавсум Чемпионлар Лигасида қатнашиш учун таркибини кучайтириш мақсадида катта трансферларни амалга оширмоқчи. Манба «қарғалар» Неймар трансферини режалаштираётганини ёзди. «Ньюкасл» мутасаддилари 31 ёшли ҳужумчи билан музокарани бошлаган. Бироқ, Неймар талаб қилаётган маош англияликларни ўйлантириб қўйди. Трансфер мутахассислари Бразилия терма жамоаси етакчисининг молиявий талаблариини Англия грандларидан бошқа клублар кўтара олмаслигини таъкидлаган эди. Бироқ, дунёнинг энг бадавлат клубларидан ҳисобланган «Ньюкасл» ҳам Неймар сўраётган маошни тўламоқчи эмас. Неймар ўзига бошқа жамоа топиши учун маош бўйича талабини юмшатишига тўғри келади. Акс ҳолда у «ПСЖ» билан 2025 йилнинг ёзигача тузилган шартномаси якунигача Париждаги босимларга чидашига тўғри келади.