Салим Мустафоев: "Бизга етишмаган ягона жиҳат - барқарорлик"
Вадим Абрамов бошқарувида Суперлигага қайтган Самарқанд «Динамо»си жорий мавсум ўз олдига катта мақсадлар қўймаган бўлсада, мазмунли ўйинлари билан ижобий таассурот уйғотди кўпчиликда
Самарали ўйин ва аввалги нуфузини тиклай олмаётган «Севилья» шу йилнинг ўзида 3 нафар мураббий хизматидан фойдаланадиган бўлди.
Жамоа 2023 йилга Хорхе Сампаоли билан кириб келганди. Бор-будини бой берганидан кейин, жамоа Хосе Луис Мендилибар тасарруфига ўтди ва ЕЛда зафар қучди. Бироқ Мендилибар эртаги узоққа чўзилмади. Ҳозир «Севилья» Ла Лигада 14-ўринда бормоқда, ЕЧЛнинг 2 турида атиги 2 очкога эга бўлди.
«Севилья»нинг янги бош мураббийи - уругвайлик Диего Алонсо. Жамоада Марселино ёки нисбатан яхшироқ фаолият юритган Хулен Лопетегини таклиф этиш имконияти бор эди. Шунингдек, «Ривер Плейт» билан Жанубий Америкадаги барча мавжуд совринларни қўлга киритган Марсело Гальярдони олиб келиши ҳам мумкин эди. Бироқ «Севилья» энг шубҳали номзодни танлади.
Мураббий алмаштиришда жамоа вақтни бой берганлиги аниқ. Аслида, Мендилибар билан ёзда хайрлашиши керак эди. Шунда «сих» ҳам, «кабоб» ҳам куймаган бўларди: ҳеч қачон бундай савияда ишламаган мураббий имкониятга эга бўлгач, евросовринни қўлга киритди, жамоани элитада олиб қолди ва енгилмас мақомида кетди.
Мендилибар ўрнини тўлдирадиган номзод йўқ эмасди: маълумотларга кўра, «Севилья» «Райо Вальекано» билан ўтказган 3 ажойиб мавсумдан кейин Испаниянинг келажаги порлоқ мураббийлари сафига кўтарилган Андони Ираолани мўлжаллаганди. Лекин Мендилибар ўз ўрнида қолди, Ираола эса «Борнмут»га ўтиб кетди. Ўз навбатида, Англияда унинг ишлари юришмади. Шундан кейин ҳам уни Испанияга қайтариш варианти бор эди. Бироқ якунда у «Борнмут»да қолди, «Севилья» эса Алонсони олиб келди.
Диего Алонсо шу пайтгача Европада ишламаган. У Уругвай, Парагвай ва Мексика клубларини бошқарган, Мессидан аввал «Интер Майами»да Игуаин ва Матьюидига устозлик қилганди. Мураббий Мексикада нисбатан муваффақиятли фаолият юритиб, «Пачука» ва «Монтеррей» клубларини КОНКАКАФ ЧЛда шоҳсупага олиб чиққан, «Пачука» билан клаусурада ғолиб чиққанди.
Ўзининг энг эътиборли фаолиятини Алонсо Уругвай терма жамоасида ўтказди. У жамоани 15 йил бошқарган афсонавий Оскар Табарес ўрнини эгаллаб, ЖЧ саралаш босқичидаги 4 учрашувнинг барчасида ғалаба қозонган ва жамоани финал босқичига олиб чиққанди. Умуман, Диего Уругвай билан ажойиб кўрсаткичга эришган: 8 ғалаба, 2 дуранг ва 2 мағлубият (биттаси ўртоқлик учрашувида). Бироқ Алонсо асосий топшириқни бажара олмади: Уругвай мундиални гуруҳ босқичида якунлади. Португалия, Жанубий Корея ва Гана терма жамоаларига қарши баҳсларда Алонсо шогирдлари фақат натижа учун тўп суришди ва Корея билан дуранг, Португалиядан мағлубият, Гана устидан ғалабани қайд этишди. Охирги учрашувнинг сўнгги дақиқаларига қадар Уругвай 2-ўринда эди. Бироқ Корея Португалияни 2:1 ҳисобида маҳв этгач, очколар бўйича Уругвайга етиб олди. Ўзаро ўйинда нурсиз дуранг қайд этилган, тўплар нисбати бир хил, фақат Корея 4та, Уругвай 2та гол урганди. Гана ҳам гуруҳда қолиб кетган бўлсада, ўйинчилар мамнун эдилар. Чунки улар ЖЧ-2010даги омадсизлик учун қасд олишганди.
48 ёшли Алонсо бой ва турфа хил тажрибага эга. Лекин Жанубий Америка ёки АҚШдаги фаолиятдан Европада ишлаш фарқ қилади. Қисқаси, «Севилья» қалтис ишга қўл урди. Тўғри, 2010 йилларда ҳам Жанубий Америка вакиллари - Сампаоли ва Бериццолар ишлашган. Лекин Сампаоли дастлабки ташрифидан аввал Чили термаси билан Америка Кубогида зафар қучган ва ЖЧда гуруҳдан чиқишни уддалаганди. Бериццо эса «Севилья»га қадар 3 йил «Селта»да ишлаган ва ЕЛда ярим финалга олиб чиққанди. Бу борада улар Алонсодан устун бўлишсада, «Севилья» ЕЛ қироличаси эканлигини исботлай олмадилар.
Алонсонинг Испанияда тўп сурганлиги балки унга асқотиб қолар. Ўз вақтида «Атлетико», «Валенсия», «Расинг» ва «Малага» шарафини ҳимоя қилган Диего 2001 йилда «кўршапалаклар» билан ЕЧЛ финалига чиққан ва «Бавария»ни енга олмаганди. Қўшимчасига, «Севилья»да Алонсонинг тил топишиб олиши осон бўлган Жанубий Америка вакиллари кўп. Уларнинг кўпчилиги аргентиналик футболчилар. Бу ҳам Алонсога янги муҳитга мослашиб олишида қўл келади, Жанубий Америкада паспортлар ўртасидаги фарқ мураббий ва футболчилар бир-бирларини тушуниб олишларига халал бермайди.
Терма жамоалар ўйинлари туфайли юзага келган пауза - мураббий алмаштириш учун қулай палла. Алонсо ихтиёрида жамоа билан танишиш ва оз бўлсада, ўз ўйин услубини тушунтириш учун вақт етарли бўлди. Танаффусдан кейин жамоа «Реал» билан беллашди ва айтиш мумкинки, Алонсо учун бундан яхши дебют бўлиши қийин эди - ўйинда 1:1 ҳисоби қайд этилди. Очколарга сув билан ҳаводек чанқоқ бўлган жамоага келган янги мураббий ишни ҳимоя чизиғидан бошлайди. «Севилья» эса бу борада мақтана олмайди: ортда қолган 11 учрашувдан атиги 2таси «қуруқ» ўйин. Алонсо даврида Уругвай терма жамоаси ҳимояда ўта ишончли ўйин кўрсатиб, 12та беллашувда атиги 4 марта ўз дарвозасидан тўп олиб чиққанди. Эҳтимол, бу Табаресдан мерос бўлиб қолган пухталик самарасидир - лекин Диего ҳеч бўлмаганда, ўша услубга зарар етказмаганди.
Албатта, «Севилья»да Хосе Хименес савиясидаги ҳимоячи йўқ. Лекин терма жамоадаги ҳимоявий ишланмалар клубда Алонсога асқотиши мумкин. Айниқса, дастлабки беллашувларда. Ҳозирча, «Севилья» кўп гол ўтказиб юбормоқда. Ҳимоядаги муаммолар бартараф этилса, ижодкорлик ҳужум чизиғида давом этиши мумкин бўлади. Фақат шундан кейин биз мураббий Алонсонинг малакасини билиб олишимиз мумкин. қайсидир жиҳатдан Диегога омад кулиб боқди: ҳа, «Севилья» муаммоларга кўмилган, лекин унинг зиммасига юксак натижаларга эришиш мажбурияти йўқ, ортиқча босимлардан холи. Европада дебютини нишонлайдиган мураббий учун бу муҳим аҳамиятга эга.
Мавсум бошидан бери Ла Лигада 3 нафар қудратли ва тажрибали жанубий америкалик мураббийлар - Симеоне, Пеллегрини ва Агиррелар иш олиб боришмоқда. Алонсо Испания чемпионатига дадил кирган ҳолда улар ёнига кўтарила оладими? Ёки қанчалик тез ва қўққисдан келган бўлса, шунчалик тез ғойиб бўладими? Бу жумбоқ яқин кунларда ойдинлашади.
С.РАҲМОНОВ тайёрлади
Вадим Абрамов бошқарувида Суперлигага қайтган Самарқанд «Динамо»си жорий мавсум ўз олдига катта мақсадлар қўймаган бўлсада, мазмунли ўйинлари билан ижобий таассурот уйғотди кўпчиликда
Агар АПЛнинг 11-турдан кейинги турнир жадвалига разм солсангиз, нигоҳингиз 3-поғонада тўхташи аниқ.
Рафинья - «Барселона» қаҳрамони. У ўзининг хет-трики билан «Бавария»ни пачоқлаб ташлади.
Introduction about the author of this blog
Адрес
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Телефон
+(123) 345-6789