Нигоҳ: Дастлабки аёл-ҳакамларни биласизми?

Нигоҳ: Дастлабки аёл-ҳакамларни биласизми?

Эркаклар футболида аёл ҳакамлар ҳозирги Анастасия Пус­товойтова ҳамда Бибиана Штайхауслардан салкам 1 аср муқаддам пайдо бўлишган.

Эдит Клингер 1930-йилларда тегишли лицензияга эга бўлган, лекин унга доимо халал беришган.

Клингер аёллар футболини жорий этган ва Митроп Кубогини орзу қилганди

Ўтган асрнинг биринчи ярмида Австрия футболи ривожланган давлатларнинг бири эди. Айнан шу мамлакатда 1924 йили Европа қитъасидаги дастлабки профессионал лигага асос солинди. Умуман, Австрияда ўта жадаллик билан бўлмасада, аёллар спорти ривожлана бошлади. Австрияликлар Биринчи жаҳон урушидан кейиноқ футбол ўйнаганлари тарихдан маълум. 1923 йилда «Монтаг Фрауен» газетасининг ташаббуси билан ташкил этилган кўрикда 150 нафарга яқин аёллар иштирок этишганди. Турнирлар ҳеч бўлмаганда, 1926 йилга қадар ўтказиб турилди, аммо аёллар футболи жамоатчилик томонидан етарли даражада қўллаб-қувватланмади. Шу сабабли дастлабки клублар тезда тар­қалиб кетишди.

Мамлакатда яна аёлларнинг яшил майдонга қайтариш учун бир неча йиллик тинимсиз ҳаракатлар талаб этилди. Ниҳоят, 1934 йилда велоспортчи Ферри Дусик мамлакатнинг бошқа бир нашри, «Спорт Телеграф»нинг тавсияси билан Венада «Колоссал» (кейинчалик «Вена» номига ўўзгартирилган) жамоасини шакллантирди. Тез орада «Виндобона» (шаҳар ўрнидаги қадимий қабила номи) ва «Темпо» (ўша даврда шаклланиб улгурган «Рапид»га шама) ташкил топишди. «Темпо» 24 ёшли Эдит Клингернинг жонбозлиги эвазига яратилди. Аввалига ўз жамоасини ўта содда «Венанинг дастлабки аёллар футбол клуби», - деб номлаган Эдит аёлларнинг спортда ҳам тенг ҳуқуқли бўлишлари тарафдорларидан бири эди.

Клингер футболни эркаклардан ўрганишнинг уятли ери йўқ, деб ҳисоблаган, ўша паллада Австрия дунёнинг етакчи терма жамоалари сафида эди. Машҳур «Вундертим» ўйинчилари билан тил топишиш борасида радиошарҳловчи ва журналист Вилли Шмигер Клингерга баҳоли-қудрат ёрдам берганди. Уларни футболга жалб этиш ғояси Виллига жуда ёқиб қолган, чунки аёллар бошқа жамоавий спорт турларида бинойидек иштирок этаётган эдилар.

1936 йилда Клингер Аёллар Футбол Иттифоқини тузди. Аммо режалари янада кенгроқ эди. У эркаклар жамоаларининг 1929 йилда ташкил этилган дастлабки халқаро турнири Митроп Кубогидаги ўйинларини ҳавас билан кузатиб борарди. Мусобақада Австрия, Чехословакия, Италия, Венгрия ва Югославия клублари иштирок этишарди. Эдит аёллар ўртасида айнан шунақа турнирни ташкил этишни орзу қилганди.

Клингер эркаклар жамоалари учрашувларида арбитр мақомида ишлаган. Якунда лицензиядан маҳрум этилган

Эдит Клингернинг биринчи аёл-рефери эканлиги хусусида аниқ маълумот мавжуд эмас. Лекин унинг ўтмишдошлари бўлган тақдирда ҳам, номларини ҳеч ким билмайди. 1935 йил апрелида Клингер АФИнинг арбитрлар курсини аъло баҳолар билан тамомлаган, унгача бирорта аёл лицензия олган эмас.

Эдит эркаклар лигасининг қуйи дивизионлар жамоалари учрашувларини бошқарган, Чехословакияда бўлиб ўтган ўртоқлик беллашуви фаолиятининг юксак чўққиси бўлганди. Ўшанда у қўшни мамлакатда маҳаллий «Брно» ва Венанинг 2-дивизион жамоаси «Остмарк» ўйинини бош­қарган. Икки йилдан кейин уни яна Чехословакияга таклиф этишган, бу сафар маҳаллий «Русинов» Австриянинг «Маллерсдорф»ини қабул қилганди. Ўша йилнинг кузида АФИ Клингернинг лицензиясини бекор қилди ва у нафақат эркаклар, балки аёллар жамоалари учрашувларини ҳам бошқариш ҳуқуқидан жудо бўлди.

Ўша даврда Австрия тоталитар давлатга айланган, ҳокимият Курт Шушинг етакчилигидаги ўнг радикаллар ихтиёрига ўтганди. Шушинг Бенито Муссолини тузумида иш юритган, умуман, Австрия фашизми Италияникидан фарқ қилмасди. Фақат маънавий қадриятлар бир оз ўзгача эди, холос. Янги шароитда Клингер ўз фаолиятини давом эттира олмасди.

1936 йил октябрида АФИ аёлларга футбол ўйнашни ман этди. Бир қатор клублар фаолиятни давом эттирган бўлсаларда, учрашувларни кичик стадионларда ўтказишар, кўпинча полиция уларни қувиб юборарди. Ҳакамлик қилишнинг ҳам иложи бўлмай қолди: Эдитдан лицензияни қайтариб олишди, у хоккей арбитри сертификатини олишга уриниб кўрди. Бироқ бу соҳанинг келажаги ҳам мавҳум эди - Австрия тузуми барча аёллар жамоавий спортини зуғум остига олганди.

1938 йил февралида Клингер аёллар ФИни тарк этди. Орадан бир неча ҳафта ўтгач, Австрия давлати ҳам барбод бўлди - Гитлер Германияси уни босиб олди. Эдит Клингернинг кейинги тақдирини ҳеч ким билмайди.

30 йилдан кейин Клингер ишини Лея Кампос такрорлади. У гўзаллик танловида ғолиб чиқди ва амалдорларни фикридан қайтарди

Эдит Клингернинг фаолияти Австрия диктатураси туфайли барвақт сўлган бўлса, қаттиққўл тузум Лея Кампосга қўл келди. 1969 йилда Бразилияда ҳокимият генерал Эмилио Гаррастазу Медиси тасарруфига ўтганди. Ўн йиллик якунига қадар мамлакатни ҳарбий хунта бошқарди. Бироқ президентлик тузумига қайтиш вазиятнинг ижобий ўзгаришини таъминлай олмади. Оппозицияга қарши аёвсиз кураш ва ўлим жазосининг қайта тикланиши бевосита Медиси билан боғлиқ.

Лекин Лея Кампосни сиёсат унчалик қизиқтирмасди. У футбол ҳаками бўлишни орзу қиларди. Лея 1945 йилда, Бразилияда айрим спорт турларида фақат эркаклар иштирок этиши ҳақидаги қонун жорий этилганига 4 йил бўлган даврда дунёга келганди. Леянинг орзуси бўлган футбол эса, айнан тақиқланган спорт турларининг бири эди. Мазкур ўзгариш ФИФАнинг бўлажак президенти, айни паллада Бразилия ФКнинг раҳбари лавозимидаги Жоао Авеланжни тўла қониқтирганди.

Кампос эса тақиқларга зид равишда ҳовлида завқ билан тўп сурар, буни кўрган ота-онаси шундай чирой ва қомат билан гўзаллик танловида иштирок этиш яхшироқ эканлигини таъкидлашарди. Таажжубки, айнан шу маслаҳат Леяга ўз орзусини рўёбга чиқариш эшикларини очди. Танловлардан бирида ғолиб чиққач, уни «Крузейро» клуби матбуот хизматига ишга олди. 1967 йилда Лея арбитрлар курсида таҳсил ола бошлади. Лекин расман ҳакамлик қилишнинг иложи йўқлиги боис, ҳаваскор жамоалар ўйинларини бошқариш билан кифояланди. Кампоснинг сўзларига кўра, у мунтазам равишда полиция назоратида бўлган, бир неча марта ҳибсга олинганди. Бироқ 1971 йилда тўсатдан уни Мексикада ташкил этилган аёллар турнирига таклиф этишди. Лекин ташкилотчилар Авеланждан рухсат олишни унинг зиммасига юклашди.

Буни уддалаш осон эмаслигини яхши билсада, доимо ҳакамликни орзу қилган Лея уриниб кўришга қарор қилди ва уддалади. У гўзаллик танлови соҳасидаги танишлари кўмагида президент Медиси билан 3 дақиқага учрашиш имкониятига эга бўлди ва мамлакат раҳбарига вазиятни тушунтирди. Бир неча кундан кейинги такрорий учрашувда Кампос Бразилия президенти қўлидан мамлакат ФК президенти унга футбол ҳаками мақомида ишлаш ҳуқуқини берганлиги ҳақидаги ҳужжатни тақдим этди.

«Крузейро» ва «Атлетико Минейро» ёшлар жамоалари ўртасида 1972 йилда бўлиб ўтган учрашув Лея Кампос фаолиятидаги энг ёрқин ўйин бўлиб қолди. Икки йилдан кейин у ўта оғир ҳалокатни бошдан кечирди, узоқ вақт муолажа билан банд бўлди ва ҳакамликдан воз кечди.

Манба: А.АҲМЕДОВ тайёрлади.