Нигоҳ: Ишбилармон «новвослар»

Нигоҳ: Ишбилармон «новвослар»

Сўнгги пайтларда «РБ Лейпциг» учун савияли футболчиларни учирма қилиш одат тусини олди.

Кўплаб таниқли футболчилар айнан шу клуб тизимидан ўтишган. Масалан, Жошуа Киммих. Ҳозирда Германия терма жамоасининг етакчилари сафига кўтарилган ўйинчини «новвослар» 2015 йилда «Штутгарт»га атиги 1,5 млн. еврога бериб юборишганди. Бироқ жамоа тез орада савдо санъатини мукаммал ўзлаштириб олди. Қуйидаги материал «Лейпциг» тарихидаги қимматбаҳо ўйинчилар ҳақида.

Ибраима КОНАТЕ

Қаерга: «Ливерпуль»

Қанчага: 40 млн. евро

Конате Лейпцигга 2017 йилнинг ёзида эркин агент мақомида «Сошо»дан ўтганди. 4 йилдан кейин у «Ливерпуль»га йўл олиб, «новвослар»га 40 млн. даромад келтирди. Ибраима Германияда мавсумларни барқарор ўтказа олмаган бўлсада, топ-клуб талабини қондирадиган савияга эришди. Тўғри, Конатенинг Англияда ҳам иши юришмаяпти - дастлабк мавсумни захирада ўтказди, кейин жароҳатлар халал берди. Эҳтимол, 24 ёшли хавбек янги мавсумда ишончли ўйинлари билан «қизиллар» ва мухлисларини мамнун этар.

Дайо УПАМЕКАНО

Қаерга: «Бавария»

Қанчага: 42,5 млн. евро

Франциялик навбатдаги қаҳрамонимиз 2015 йилда 2,5 млн. евро эвазига «Валансьен»дан «РБ Зальцбург»га йўл олганди. 2017 йил январида у 16 млн.га қимматроқ баҳода Лейпцигга ўтди. У ҳам Конате каби 4 мавсумни «новвослар» сафида ўтказиб, кейин Мюнхен гранди таркибидан жой олди. Дайонинг савияси ошганлиги баҳосининг қимматлашганидан билиб олиш мумкин. Бироқ у ҳозирча барқарор ўйин кўрсата олмаяпти. Шундай бўлсада, «Бавария»даги 3-мавсумини ўтказмоқда.

Тимо ВЕРНЕР

Қаерга: «Челси»

Қанчага: 53 млн. евро

Вернер «Лейпциг»га 2016 йилда 23 млн. эвазига «Штутгарт»дан ўтганди. Янги жамоадаги дебют мавсумида Тимо 21та гол урди, энг сермаҳсул ўйинларини эса 2019|20 йиллар мавсумида намойиш этди - 28та гол. Шундан кейин тўпурар Лондонга йўл олди. Бироқ Лондонда ҳужумчи 2 мавсумда жами 10та гол урди, холос. Тўғри, у тез-тез самарали узатмаларни амалга ошириб турди, лекин ундан аввало гол кутишганди. Шу боис, 2022 йил ёзида Тимо 20 млн. эвазига Лейпцигга қайтди ва фаолиятини давом эттирмоқда.

Наби КЕЙТА

Қаерга: «Ливерпуль»

Қанчага: 60 млн. евро

Кейта ҳам Упамекано каби жиддий фаолиятини «Зальцбург»да давом эттирди, фақат у 2014 йилда «Истр» клубидан 1,5 млн еврога ўтганди. 2 йилдан кейин футболчи 20 баравар қимматроқ баҳода Лейпцигга йўл олганди. Кейтанинг Германиядаги 2 мавсуми самарали ўтди, у марказий ярим ҳимоячи учун юксак маҳсулдорликни намойиш этди ва «Ливерпуль» эътиборини жалб этди. Гвинеялик футболчи «қизиллар» таркибида аввалги клубларидан кўпроқ, 5 йил тўп сурди. Лекин барибир Клопп ишончини қозона олмади ва эркин агент мақомида «Вердер»га ўтиб кетди.

Кристофер НКУНКУ

Қаерга: «Челси»

Қанчага: 60 млн. евро

Нкунку «новвослар» учун ноёб топилма бўлди. 2019 йилнинг июлида уни «ПСЖ»дан 19,5 млн.га сотиб олишди. Футболчи дебют мавсумида15 ассистни амалга оширган бўлса, ўтган мавсумда Бундеслигада 16та гол урди. 1 йил аввал 20та гол билан Германия чемпионатининг энг яхши ўйинчиси бўлганди. Шу йил ёзида Кристофер «Челси»га бориб, мавсумолди тайёргарлиги давридаёқ яхши таассурот қолдирди. Бироқ тиззасидан жароҳат олиб, бир неча ойга сафдан чиқди. 25 ёшли хавбек ҳозир саломатлигини тиклаш билан банд.

Доминик СОБОСЛАИ

Қаерга: «Ливерпуль»

Қанчага: 70 млн. евро

«Қизиллар» ёш иқтидорлар борасида доимо «новвослар»­га мурожаат қиладилар. Доминик шундай ўйинчиларнинг бири. Венгриялик иқтидор Германияга қадар бир неча йилни Австрияда, жумладан, «РБ Зальцбург»да ўтказди. 2021 йил январида у 36 млн. евро эвазига «Лейпциг» аъзосига айланди ва 91та ўйинда 20та гол ва 22та ассистни амалга оширди. Ҳужумкор ярим ҳимоячи учун рисоладагидек кўрсаткич. Шу йилнинг ёзида уни ўз сафига жалб этган «Ливерпуль» бирданига асосий таркибдан жой берди. Бир неча позицияларда юксак савияни намойиш эта оладиган дебютантдан Юрген Клопп ҳам жуда мамнун. Шу кетишда Собослаи мерсисайдлар билан узоқ вақт ҳамкорлик қилиши аниқ.

Йошко ГВАРДИОЛ

Қаерга: «Манчестер Сити»

Қанчага: 90 млн. евро

Айни паллада Гвардиол «новвослар»нинг энг қиммат сотуви мақомида. Ўзининг нималарга қодир эканлигини намойиш этиш учун хорватлар ўғлонига 2 йил этарли бўлди. Загребнинг «Динамо»сидан 36,8 млн.га харид қилинган футбочи 50 млн.дан кўпроқ фойда келтирди. Ҳозирда Йошко - дунёдаги энг қимматбаҳо ҳимоячи. Энди жамоатчилик Хосепнинг фамилиядошидан янада ёрқинроқ ўйинларни кутмоқда. 21 ёшли иқтидор эса ўтган мавсумда треблга эришган жамоанинг қайд этилажак муваффақиятларига муносиб ҳисса қўшишига шубҳа йўқ.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади