НИГОҲ: Швейцария 2-дивизионидан ЕКЛга!

НИГОҲ: Швейцария 2-дивизионидан ЕКЛга!

Мана, 2 йилдирки, Конфедерациялар Лигаси футбол мухлисларига ўткир сюжетли ўта ноёб беллашувларни тақдим этмоқда.

Масалан, жажжигина шаҳарчадан чиққан Норвегиянинг «Будё-Глимт» жамоаси гуруҳ босқичида «Рома»ни янчиб (5:1) ташлади, «плей-офф»да «Селтик» ва «АЗ»ни томошабинга айлантириб, чорак финалгача кўтарилди. Миттидек Гибралтар клубининг гуруҳ босқичига йўл олиши ҳам фикримизни тасдиқлайди. Асосийси, бу ҳали ҳаммаси эмас.

КЛнинг 2022|2023 йиллар мавсумида навбатдаги «Катта карлик» - Швейцария 2-дивизиони вакили иштирок этмоқда. Аслида, «Вадуц» Лихтенштейн клуби. Лекин маълум сабабларга биноан, қўшни мамлакат чемпионатида тўп сурмоқда.

Жамоа бу йилги иштирокини 2-саралаш раундидан бошлаб, Словениянинг «Копер» (икки ўйин натижасига кўра, 2:1), Туркиянинг «Коньяспор» (5:3) ва Австриянинг «Рапид» (2:1) жамоаларидан устун келди.

«Вадуц» веналиклар билан ўз майдонида жанговар (1:1) дурангга рози бўлганди. Жавоб учрашувида эса, ўта чиройли комбинациядан кейин амалга оширилган тезкор гол эвазига гуруҳ босқичи йўлланмасини нақд қилди. Швейцариялик турк ўғлони Тунахан Чичекнинг товони билан амалга оширган узатмаси умумий ғалабани таъминлаган голга олиб келди.

Танаффус арафасида ҳимоячи Кевин Виммер ўйин қоидасини бузиб, майдондан четлатилди. Кўпчилик бўлиб қолган «Вадуц» эса ҳисобдаги кичик устунликни сақлаб қолди ва гуруҳ босқичига йўл олди.

Ҳа, жамоа Швейцария чемпионатида ўйнайди, еврокубок мусобақалари йўлланмасини эса Лихтенштейн Кубоги турнири эвазига қўлга киритди - карлик салтанатда бошқа мусобақа йўқ.

УЕФА ўз сафига 55та миллий ассоциацияни жамлаган бўлса, уларнинг фақат биттаси ўз чемпионатига эга эмас. Ҳа, гап дунёнинг энг кичик 6 давлатидан бири бўлган Лихтенштейн ҳақида бормоқда. Князлик ҳудудида ҳаммаси бўлиб 7та жамоа мавжуд. Шу сабабли ассоциация ўз чемпионатини ўтказа олмайди. Шунинг учун клублар «меҳмон иштирокчи» мақомида Швейцария футбол тизимида фаолият юритадилар.

«Вадуц» сўнгги минг йилликнинг 5та мавсумини Швейцария Суперлигасида ўтказган - охиргиси 2020|2021 йиллар мавсумида. У асосан 2-дивизионда тўп суради, бунинг учун Швейцария ФИга 170000 евро миқдорида пул тўлайди. «Вадуц» назарий жиҳатдан Швейцария чемпиони бўлиши мумкин, аммо еврокубок мусобақаларида қатнаша олмайди.

Еврокубокларга қай йўсинда йўл олади? Лихтенштейн ўзининг кубок мусобақасини ўтказади, ғолиб ягона йўлланмани қўлга киритади.

Яқингача Лихтенштейн Кубоги соҳиби халқаро иштирокини ЕЛнинг саралаш босқичидан бошларди. Энди КЛ саралашига йўл олмоқда.

УЕФАнинг клублар рейтингида кўрсаткичи паст бўлгани боис, жамоа ЕЧЛда тўп суриш учун ягона имкониятга эга - КЛ, кейин ЕЛда ғолиб чиқиши керак. Тан олайлик, бу - ҳазилакам иш эмас.

«Вадуц» - ўз тарихига эга клуб. «ПСЖ»дан 0:7 ҳисобида енгилган, шотланд клубига эса, аламли тарзда йўлланмани бой берганди.

«Вадуц» - Лихтенштейн Кубоги турнирининг доимий фаворити: 1997|2098 йиллар мавсумидан бери атиги 1 марта совринсиз қолган - 2012|2013 йиллар мавсумидаги финалда пенальтилар сериясига кўра «Эшен-Маурен»га имкониятни бой берганди. Жамоа ҳисобида 48та кубок бор. Энг яқин таъқибчисида эса 11та. Ваҳоланки, жамоа  таркибида дарвозабон Ян Зоммер ва ҳужумчи Марко Девич каби афсоналар тўп суришарди.

Бироқ саралаш босқичлари - «Вадуц» учун жиддий муаммо. Жамоа халқаро мусобақада сўнгги марта 1996 йилда қатнашганди. Ўшанда у Кубок эгалари Кубоги турнирида Риганинг «Университате» клубини пенальтилар сериясида маҳв этган ва «ПСЖ»га дуч келганди. Табиийки, Леонардо, Бернар Лама ва Поль Ле Гуэндек юлдузларни енгишга камтарин жамоанинг кучи етмаган ва у 0:4, 0:3 ҳисобидаги мағлубиятларни қабул қилганди. 2002 йилда Лихтенштейн клуби УЕФА Кубоги саралашидан ўтишга яқин турганди. Лекин меҳмонда урилган гол устунлиги эвазига гуруҳ босқичига Шотландиянинг «Ливингстон» клуби йўл олди. Ўз майдонидаги жанговар (1:1) дурангдан сўнг «Вадуц» сафарда можароли (0:0) дурангга имзо чекканди.

Нима учун можароли? Чунки меҳмонлар ўйиннинг қўшимча дақиқасида бурчак зарбасини амалга оширишган ва гол уришганди. Бироқ хорватиялик ҳакам Иван Новак айнан «Вадуц» футболчиси дарвозага зарба йўллаган пайтда финал ҳуштагини чалганди.

Кейинги йилларда еврокубок мусобақаларининг саралаш босқичлари янада мураккаб кўриниш олди. Жумладан, 2004 йилда раундлар сони кўпайди. Шу сабабли, ЕЛнинг гуруҳ босқичи «Вадуц» учун ҳозирча орзу бўлиб қолмоқда. Лекин КЛда ишлари чакки эмас. Энди унинг шинам стадионига УЕФА тасарруфидаги учинчи ва энг экзотик мусобақа ташриф буюради.

Дарвоқе, «Вадуц» еврокубок мусобақаларидаги ягона 2-дивизион вакили эмас. Охирги шов-шувли воқеага 2013|2014 йиллар мавсумида «Уиган» сабабчи бўлганди. Ўшанда жамоа Англия Кубогини қўлга киритган, лекин АПЛда омадсизликка учраб, Чемпионшипга тушиб кетганди. Айтганча, халқаро аренада у қозоннинг «Рубин» клуби билан куч синашган ва ўз майдонида дурангга эришганди.

Ҳатто Швейцария чемпионати учун ҳам янгилик эмас , 2010|2011 йиллар мавсумида қуйи лига вакили бўлмиш «Лозанна» Швейцария Кубоги турнирининг финалчиси сифатида ЕЛ саралашида қатнашган ва гуруҳ босқичини 1 очко билан сўнгги ўринда якунлаганди. Лекин у саралашнинг плей-офф беллашувида Москванинг «Локомотив»идан (2та ўйин 1:1, пенальтилар сериясида ғалаба) устун келганди.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади