Бироқ топ-лигалардан ўзига мос клубни топа олмагач, 30 ёшли нидерландиялик афсона пул топиш учун хорижга йўл олди. Йўқ, Мемфис Саудия Арабистони, ҳатто Туркия жамоалари эмас, Бразилиянинг «Коринтианс» клуби билан келишувга эришди.
Бу қандай юз берди?
Депай - қулай шарт-шароит яратилган жойда муваффақиятга эришадиган ижодкор. Испанияда бунга эриша олмади. Унинг Ла Лигадаги омадсизлигини англаш учун, «Лион»даги ажойиб фаолиятини ёдга олиш лозим. Мемфиснинг Франциядаги 4,5 йиллик фаолиятида ҳар бир ўйинда ФИК 0,66 баллдан юқори бўлган, энг ёрқин ўйинлар даврида эса 1,13гача кўтарилганди.
Ўзининг барқарор ва сермаҳсул ўйинлари билан Мемфис қисқа вақт ичида жамоанинг етакчи ҳужумчисига айланди. Боз устига, «Лион»нинг ҳужумкор услуби, олдинги чизиқдаги касбдошлари билан тезда тил топишиб олгани ва мураббийлар ишончини қозонгани шиддатли парвозга асос бўлганди. Шу тариқа нидерландиялик мерган салоҳиятини юзага чиқариб, финал мавсумида жамоага 20та гол ва 12та ассистни ҳадя этди.
Депайнинг қулай ҳудуди: сохта тўққизлик позицияси, жамоадошларининг чалғитувчи рейдлари ва ҳужумкор услубни танлаган мураббийнинг кескинликни ошириш мақсадида Мемфисга берган эркинлиги. Аслида, «Лион» аввал ҳам яхши базисга эга эди, лекин Депай келгач, мукаммал даражага етди. Натижада Мемфиснинг савияси Руди Гарсия даврида юксак нуқтасига кўтарилди.
Муҳим нюанс: бундай муҳитга Депай тасодифан келган эмас. У аналитик моделлар ёрдамида «Лион»ни танлаганди. Мемфис маслаҳат олиш мақсадида SciSports қомпаниясига мурожаат қилганди. Компания асосчиси ва бош директори Гипс Брауэр ўз интервьюсида шундай деди: «Биз футболчининг агенти Кис Плугсма билан суҳбатлашдик. У мижози ўз фаолиятида янгилик яратмоқчи эканлигини айтди. Мемфис билан манчестерда учрашганимизда, у ПСВдаги сўнгги мавсумида ижро этган ролини такрорлаш ниятини билдирди».
Компания 4та жиҳатни инобатга олган ҳолда танловни бошлади: Ўйин услуби, клубнинг молиявий имконияти футболчи талабига мос келиши, лигалар рўйхати ва муайян ўйин вақти. Якунда «Лион» Депайнинг талабига мос келадиган клуб эканлиги маълум бўлди. Мазкур ёндашув клуб танлашдаги қарорларни фарқлаб беради. Масалан, Мемфис «Коринтианс»га ўтишини қуйидагича изоҳлади: «Ҳиссиётларимни аниқ тушунтира олмайман. Шунчаки, бу ерга қўққисдан келмаганлигимни ҳис этяпман. Бу Яратганнинг хоҳиши. Унда қандайдир чуқур маъно бор».
«Барселона» ва «Атлетико»га оид қарорларда ҳам аналитиканинг кўмаги йўқ. Мемфис каталонияга Куманнинг ишончи туфайли келганди. Бироқ Роналд тез орада жамоани тарк этди, Хавининг режаларига эса Депай мослаша олмади - янада кўпроқ жароҳат ола бошлади. Натижада у катта иш ҳақи оладиган ношуд ўйинчига айланди.
Кейин Депай Симеоненинг «Атлетико»сига ўтди. Чоло унинг ролини қуйидагича таърифлаганди: «Унда Диего Костага ўхшаган ўйинчини кўряпман. Аввал орқароқдан тезлик олишни афзал кўрган ўйинчи энди олдинги чизиқда самарали тўп сурмоқда. Чунки у ўз ролини тўлиқ ўзлаштириб, сермаҳсул тўпурарга айланди».
Бироқ Мемфисни Костага айлантиришнинг иложи бўлмади. Ваҳоланки, Депай 12та ўйинда 9та гол уришга муваффақ бўлганди. Лекин тез орада жароҳат олиб, жамоанинг доимий аъзоси бўла олмади, шикастланишлар оқибатида 28та учрашувда майдонга туша олмади. Ундан аввалги мавсумда 25та ўйинни захира ўриндиғидан кузатганди.
Депайни «Милан», «Рома» ва «Интер»га тавсия этишди. Лекин катта маошдан чўчишди
Мемфис Мадридда энг кўп иш ҳақи оладиган футболчилар рўйхатида 6-ўринга кўтарилиб олганди. Айнан шу сабаб «матрасчилар» ундан воз кечишгани кейинчалик маълум бўлди. Шунингдек, ёзда «Фиорентина» ва таркибини бир қатор эркин агентлар билан кучайтирган «Комо» ҳам қизиқиш билдиришди, улардан кейин Хамесни харид қилган «Райо Вальекано» ҳам уриниб кўрди.
Хуллас, Европада Депай ўзининг молиявий талабини қондирадиган жамоани топа олмади ва хориждан иш топиш ҳаракатини бошлаб юборди.
Мемфисга Бразилиядаги рекорд иш ҳақи белгиланди
Агар ҳужумчининг нияти мўмай даромадга эришиш бўлса, ниятига етди. 2026 йилгача мўлжалланган шартномага биноан, у 13 млн. еврога (80 млн. реал) эга бўлади, унинг 1/4 қисмини «Коринтианс», қолган қисмини клуб ҳомийси бўлмиш Esportes da Sorte компанияси тўлайди. Қисқаси, нидерландиялик ҳужумчининг ойлик маоши 500 минг евро атрофида. Бу Бразилия футболидаги энг катта иш ҳақи. Ҳатто бонусларни ҳисобга олмаганда ҳам, Депай ҳозирда Америка қитъасидаги энг кўп иш ҳақи оладиган 4-футболчи: фақат МЛСда тўп сураётган Лионель Месси (20,4 млн. доллар), Лоренцо Инсинье (15,4) ва Серхио Бускетс (8,8) ундан олдиндалар.
Ҳа, Бразилия матбуоти клубнинг улкан қарзи ҳақида (1,7 млрд. реал ёки 280 млн. евро) бонг ураётган паллада «Коринтианс» Депайни ўз таркибига жалб этди. Сабаби, 26 учрашувда 25 очко жамғарган жамоа ҳозир 18-ўринда бормоқда. Мақсади - элитада жон сақлаб қолиш!
Содиқ СОБИР тайёрлади