ОЧЛ-2024/2025 учун биттагина жой...Қанақасига?

ОЧЛ-2024/2025 учун биттагина жой...Қанақасига?

2024/2025 йиллар мавсуми учун Ўзбекистонга ОЧЛ ва ОФК кубогида 1тадан йўлланма ажратилади. Буни таниқли мутахассис Алишер Никимбаев «Телеграм»даги каналида маълум қилди. Хўш, нега, қанақасига?

- ОФК ижроий қўмитаси Мусобақалар бошқармасининг сўнгги қарорларини тасдиқлаши керак. Ушбу қарорлар ратификация қилинган тақдирда:

* 2024/2025 йиллар мавсумида Ўзбекистон ОЧЛ ва ОФК кубоги гуруҳ босқичида 1тадан ўринга эга бўлади;

* Тожикистон ОФК кубоги учун 1та ўрин ва ОФК кубоги саралаши «плей-офф» раунди учун 1та жой олади;

* Туркманистон ОФК кубоги саралаши «плей-офф» босқичи учун 1та ўрин ва учинчи даражали мусобақа (ҳали ном қўйилмаган) учун 1та ўрин олади;

- Қирғизистон учинчи даражали турнир саралаши «плей-офф» босқичи учун 1 ўрин олади.

*** 

- Ўзбекистонга 2024/2025 йиллар мавсумида клублар миқёсидаги Осиё турнирларида бор-йўғи 2та йўлланма берилиши ҳақидаги хабар ўқувчиларда кўплаб саволлар туғдирди. Ҳаммаси тушунарли. Ахир 2023/2024 йиллар мавсумида Ўзбекистон ОЧЛда «2+2» шаклида жой олди. Хўш, чиндан ҳам, бизнинг квоталар қаерга кетди? Каналимизда ҳам 2024/2025 йиллар мавсумида Ўзбекистон улуши «3+1» шаклида яхшиланиши мумкинлиги ҳақида ёзгандик. Лекин шунинг баробарида ҳар доим қўшиб қўйганмиз: «Агар ОФК мавжуд тизимда ҳеч нарсани ўзгартирмаса». ОФК эса ўзгартирди. Биринчидан, ОЧЛда 40та эмас, 24та жамоа ўйнайди. Демак, хоҳлаймизми-йўқ, мамлакатлар квоталари ўзгариши тайин. ОФК Мусобақалар бошқармаси янги форматдаги ОЧЛ йўлланмаларини қу­йидагича тақсимлашни таклиф қилди:

Минтақавий рейтингда 1-ўриндаги мамлакатга - ОЧЛ гуруҳида 3та ўрин + ОФК кубоги гуруҳида 1та ўрин

Минтақавий рейтингда 2-ўриндаги мамлакатга - ОЧЛ гуруҳида 2та ўрин + ОЧЛ саралаши «плей-офф» босқичида 1та ўрин + ОФК кубоги гуруҳида 1та ўрин

Минтақавий рейтингда 3-ўриндаги мамлакатга - ОЧЛ гуруҳида 2та ўрин + ОЧЛ саралаши «плей-офф» босқичида 1та ўрин + ОФК кубоги гуруҳида 1та ўрин

Минтақавий рейтингда 4-ўриндаги мамлакатга - ОЧЛ гуруҳида 1та ўрин + ОЧЛ саралаши «плей-офф» босқичида 1та ўрин + ОФК кубоги гуруҳида 1та ўрин

Минтақавий рейтингда 5-ўриндаги мамлакатга - ОЧЛ гуруҳида 1та ўрин + ОФК кубоги гуруҳида 1та ўрин

Минтақавий рейтингда 6-ўриндаги мамлакатга - ОЧЛ гуруҳида 1та ўрин + ОФК кубоги гуруҳида 1та ўрин

Шу билан тамом! Минтақавий рейтингда 7-ўриндан пастдаги мамлакатлар клублари ОЧЛда ўйнай олмайди. Албатта, агар уларнинг клуби ОФК кубогини қўлга киритмаса. Аммо ОФК кубогида энди етакчи давлатларнинг учинчи ёки тўртинчи жамоалари иштирок этади, шунинг ҳисобига турнирда рақобат кучаяди. Айтганча, ОФК кубоги иштирокчилари сони ҳам қисқаради. Бундан буён 32та жамоа қатнашади:

* Минтақавий рейтингда энг яхши 10та мамлакатнинг 1тадан вакили;

* ОЧЛ саралаши «плей-офф» босқичида мағлубиятга учраганлар;

* Минтақавий рейтингнинг 7-12-ўринларидан жой олган мамлакатлар клублари ўйнайдиган ОФК кубоги саралаши «плей-офф» босқичи ғолиблари

Ўзбекистон ҳозирги рейтингнинг 2-қаторида экан, бизга қанақасига 5-6-ўринлар даражасида квота ажаратилади? Бу эса ОФК ислоҳотининг иккинчи қисми туфайли. Агар илгари рейтинг сўнгги 4 мавсум бўйича ҳисобланган бўлса, энди бу 8 мавсумга кенгайтирилди. Тўғри, мавсумлар тарихи қанча узоқ бўлса, унинг рейтингдаги вазни шунча камаяди. Дейлик, жорий мавсум тўлиқ ҳисобланади, аввалгиси 0,9 коэффициенти, ундан олдингиси 0,8 коэффициенти бўйича ва ҳоказо. Шу тариқа энг узоқдаги мавсумнинг таъсири 0,3 коэффициентига тушади. Муддат 8 мавсумга узайтирилгани эски ҳисоблаш тизимида ОЧЛсиз қолиб кетган Хитой ва Австралия каби олдинги етакчиларга устунлик берди. Қолаверса, ОФК ҳар бир турнир учун алоҳида эмас, балки барча клубларнинг тўплаган очколарини ўртача ҳисоблаш адолатли эканлигини англаб етди ниҳоят. Бунинг натижасида Ўзбекистон (шунингдек, Гонконг, Малайзия, Тожикистон, Ҳиндистон, Иордания, Туркманистон ва бошқа мамлакатлар) устунликни қўлдан бой берди. 
ochl-reyt1.jpg