Одил Аҳмедов: «Машғулот жойигача 10 километр пиёда йўл босардим...»

Одил Аҳмедов: «Машғулот жойигача 10 километр пиёда йўл босардим...»

ФУТБОЛИМИЗ ФАХРИ ОДИЛ АҲМЕДОВ БИЛАН КАТТА СУҲБАТ.

Setanta Sports журналисти Валерий Самсонов Тошкентда бўлиб, Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ сардори Одил Аҳмедовдан катта интервью олди. Ўзбекистон футболининг энг машҳур вакилларидан бири суҳбат жараёнида бутун ёрқин фаолияти ҳақида гапирди - бошланиш чизиғидаги қийинчиликлар, «Пахтакор»,  юлдузларга тўла ўта бой «Анжи»нинг муаммолари, шахсий клуб саналган «Краснодар», Хитой чемпиони «Шанхай СИПГ»даги ўйинлари ва менежер ролида эришган ютуқлари... 2021 йилнинг охирида ЎФА вице-президенти ролида иш бошлаган Аҳмедов яна шахсий академиясини Тьерри Анри ва Килиан Мбаппени тарбиялаган билим даргоҳига тенглаштирмоқчи эканлигию, ҳамон жаҳон чемпионатини орзу қилаётганини яширмади.

5 МИЛЛИОН ЕВРОГА ТЕНГ ЙИЛЛИК МАОШДАН БОШ ТОРТИШ...

- 2011 йили пулга кўмилган «Анжи» сафига қўшилдингиз. Эртак ичига тушиб қолганингизни айнан қайси вақтда тушундингиз?

- 2011 йилги Осиё кубогидан сўнг (Ўзбекис­тон термаси 4-ўринни эгаллаган турнирда Аҳмедов 2та гол урган) 3-4та манфаатли таклиф тушди. Асосан Саудия Арабистони клубларидан. Охирги музокара «Ал-Шабаб» эгасининг шахсан ўзи билан бўлди. Шайх бир неча соатдан кейин йилига 5 миллион евро миқдорида маош беришини айтди. Лекин отам бу йўлдан қайтарди: «Шошма, Саудияда ўйнашга ҳали улгурасан». Ўзим ҳам Европада ўйнашни хоҳлардим. Шу тариқа агентларга Европада фаолият бошлаш учун Россия варианти яхшироқ эканлигини айтдим. Шу орада Москва «Динамо»сидан чорлов бўлди. Клуб ҳаттоки, Кипрдаги йиғинга боришим учун виза билан таъминлади. Сафарга чиқишимга 3 кун қолганида эса, агент «Анжи»нинг қизиқиши ҳақида сўз очди. Аввалига кўнглим чопмади ва рад этдим. Кейин ҳозир «Навбаҳор»ни бошқараётган «Пахтакор» директори Самвел Бабаян «Анжи» бош мураббийи Гаджи Гаджиев билан боғланди. У клуб режалари ҳақида маълумот берди ва аллақачон Роберто Карлос билан шартнома тузишганини айтди. Дарвоқе, болалигимда хонам деворида айнан бразилиялик ҳимоячининг суратлари бўларди. Хуллас, шуни ўйлаб, «Анжи»ни танладим. Туркия йиғинида жамоа сафига яна бир қатор катта футболчилар қўшилишди. Шу аснода «Анжи» лойиҳаси жиддий эканлигини англадим.

- Йилига 5 миллионлик маошдан қандай воз кечдингиз?

- Бу масалада ортиқча бош қотирмадим. Камбағал оилада улғайганман: қийинчилик, пул етишмаслиги... Муҳими, футболчи сифатида ўсишни мақсад қилгандим. Қолаверса, катта пул вақт масаласи эканлигини ҳам билардим.

- Камбағаллик даражаси қандай эди?

- Қишлоқда улғайганман, у ерда одамлар асосан қора ишлар билан тирикчилик қилишади. Отам эса давлат идорасида ишлаган. Маош кичик, лекин оила катта. Менда 4 нафар ака-укам ва бир синглим бор. Хуллас, болаликдан акам билан отамизга ёрдам берардик. Масалан, олма ва нок сотиш учун бозор ёки стадионга борардик. 2000 йили «Пахтакор» мактаб-интернатига кўчиб ўтдим. Баъзан метро ёки автобусга тўлаш учун пул топилмасди ва маш­ғулотлар базасигача 10 километр пиёда йўл босардим. Шукрки, Аллоҳ ёрдами билан шундай шароитлардан чиқиб олдим.

***

- «Анжи» қайси жиҳатларда савияга мос эмасди?

- Ҳаммаси зўр эди, маъмуриятдан ташқари. Масалан, машғулотлардан кейин кир формаларни саватга ташлардик, уларни ювгач, қайтариб олиб келишарди. Биз эса сават ичидан ўз формамизни қидирардик. Ке­йинроқ «Бавария»дан маъмур чақиришди ва у барча ишларни тартибга солди: машғулотга келасан, ҳаммаси тайёр, бирор нарса сўрасанг, дарров топиб беради...

- «Анжи»да сизни нима кўпроқ ҳайратлантирди?

- Клуб эгаси Сулейман Керимов бир сафар Роберто Карлосга «Бугатти» ўйинчоғини совға қилди, унинг ичида эса ҳақиқийсининг калити бор эди. Карлос жуда содда, самимий инсон. Унга қарасангиз, олдингизда футбол афсонаси турганини сира ўйламайсиз.

- Игорь Денисов «Анжи»нинг қора танли футболчилари ҳақида кўп нохуш гаплар айтди. Ушбу иқтибосингизга изоҳ берсангиз...

- Денисов - характери оғир футболчи. У ўйинлардан бири якунида Буссуфа ёки Диарра билан тортишиб қолди ва шу билан жамоа­да можаро бошланди: футболда жуда муҳим саналган бирдамликка путур етди. Шундан кўп ўтмай, Гус Хиддинк кетди ва бизга клубнинг ривожланиш йўналиши ўзгарганини, хоҳлаган футболчи кетиши мумкинлигини маълум қилишди. Хиддинк жуда обрўли эди, аммо жамоада деярли ҳаммасини Самуэль Это~О ҳал қиларди. У фақат ғалаба қозониш, гол уришни хоҳларди, клуб манфаати йўлида анча жой куйдирарди. Масалан, футболчилар мукофот пулидан маъмурлар ва бошқа ходимларга йиғиб берганини айтиш мумкин. Это~О шунингдек, «Реал»даги эски тушунмовчилик туфайли Роберто Карлосни жамоадан йўқотди. Тўғри, бразилиялик ҳимоячининг кетгани фойдамизга ишлади. Унга ҳурмат сақлаган ҳолда айтганда, ёши 40га яқинлашиб қолган ва аввалги Карлос эмасди.

***

- 2011 йилнинг ёзида сизни Лондоннинг «Арсенал» жамоасига чақиришди. Нега натижа чиқмади?

- «Анжи» сафига қўшилганимга атиги 6 ой бўлганди. Махачқалъа клуби катта амбицияларга эга эди, шунинг учун мени қўйиб юборишмади. Қолаверса, ўзим АПЛга сакрашдан олдин Россияда 2-3 йил ўйнашни хоҳладим. Ахир бунга қадар фақат Ўзбекистон чемпионатида тўп сургандим.

- Алишер Усмоновнинг ўзи ҳам қўнғироқ қилдими?

- Йўқ. У билан йўлларимиз бир марта кесишди, лекин саломлашдик, холос.

- 2022 йили «Анжи» лойиҳаси ўлди. Бу ҳақда эшитганингизда, кўнглингиздан нималар ўтди?

- О, билмадим. Бундай тарихга эга клубнинг ўз фаолиятини тўхтатгани жуда ачинарли. Доғистонда РПЛда ўйнайдиган клуб бўлиши шарт.

- «Анжи» РПЛдан тушиб кетгач, сизга ЦСКА ва «Зенит» қизиқди. Нима учун айнан «Краснодар»ни танладингиз?

- Шунчаки, клуб эгаси Сергей Галицкий мени кўндирди. Бундан ташқари, Краснодар иқлим бўйича Ўзбекистонга яқин. У ерда ўзимни уйдагидек ҳис қилдим.

- Аммо якунда ЦСКА чемпионликка эришди ва тўғридан-тўғри ЧЛ гуруҳ босқичига чиқди.

- Албатта, салоҳиятимни ЧЛда синаб кўришни истардим, аммо Галицкий «Краснодар» тез орада ушбу турнирнинг доимий иштирокчиси бўлишига ишонтирди.

- «Краснодар» 2015 йили биринчи марта бронза медалини ютди. Бунга қандай эришдинглар?

- Аслида олтин медаль олишимиз ҳам мумкин эди, фақат тажриба ва менталитет етишмади: мавсумнинг охирги ўйинларида муҳим очколарни йўқотдик.

- Игорь Шалимов ва Олег Кононов - «Краснодар»ни бошқарган шу икки мураббий ўртасида қандай фарқ бор?

- Менга Кононов билан ишлаш осонроқ бўлди, чунки унинг талаблари ва тактикасини енгилгина тушундим. Шалимов даврида эса жуда қийналдик, аммо айнан унинг шарофати билан Фёдор Смолов РПЛнинг энг яхши тўп­урарига айланди (Смолов мавсум-2015|2016да 20та, кейингисида 18та гол урди). Шалимов унга оддий нарсаларни ўргатди: тўп билан олдинга ҳаракатланиш. Шу тариқа Смолов голлар ура бошлади.

- Кокорин - жуда иқтидорли футболчи. Афсус, унга феъл-атвори ва интизоми панд берди. Смолов ҳақида нима дея оласиз?

- Бир-бирига ўхшаш футболчилар. Фақат Смолов эҳтиросларини назорат қила олди. У нисбатан профессионалроқ.

***

ЕВРОПА ЭМАС, ХИТОЙНИ ТАНЛАШ...

- Хитойга қандай бориб қолдингиз?

Мавсум-2016|2017нинг қишки бозорида олдимда 2та вариант бор эди: «Ницца» кичик маош ва трансфер суммаси таклиф қилди, «Шанхай» эса бутунлай бошқача имкониятлар. Деярли 30 ёшда эдим, шунинг учун Хитойга боришни маъқул кўрдим.

- 2011-2013 йиллар Европани орзу қилгандингиз, кейин эса бирдан Хитойни танладингиз. Нима ўзгарди?

- 24-26 ёшда бемалол Европага кетган бўлардим, 29 ёшда эса менда бироз бошқача қарашлар бор эди. Шунингдек, Хитойда кучли футболчиларни йиға бошлашгани ҳам Осиё томон юз буришимга туртки берди.

- «Краснодар»да йилига деярли 2 миллион евро олгансиз. Хитой клуби бундан неча баробар кўп таклиф қилганди?

- Икки ҳисса.

- Аҳмедов футбол эмас, пулни танлади - бундай гап-сўзларга қандай муносабатдасиз?

- Ўзбекистонда ҳам шундай ёзишганди. Ишончим комил, бу гапни айтганлар шундай таклиф олдида ожиз қолишарди: ўшанда Хитой, ҳозир эса Саудия Арабистонидан.

- Хитойда ўзбекистонлик шахсий ошпаз хизматидан фойдалангансиз. Нима, ов­қатланиш масаласи ёмонмиди?

- Дастлабки йиллар зираворлар кўплиги туфайли маҳаллий таомларни истеъмол қилишда анча қийналдим. Шунинг учун палов тайёрлаш учун Ўзбекистондан ошпаз чақиртирдим, маҳаллий маҳсулотларга ҳам буюртма берардим. Барчасига ўз ёнимдан тўлардим, лекин чиқим унча катта эмасди. Қолаверса, ошпаз қариндошим эди. 

- Хитойда мавсум бошланишига 1 ой қолган вақтда майдонга тушадиган легио­нерлар лимити 3 нафарга қисқартирилди. Клубда бунга қандай қарашди?

- Мутлақо кутилмаган қарор. Клублар бу масалада федерация билан баҳслашиб-баҳслашиб, якунда кўнди. Шу тариқа Андре Виллаш-Боаш хорижлик футболчиларга юзланиб, ҳар биримиз навбати билан 1тадан ўйин ўтказиб юборишимизни айтди. Амалда ҳам шундай бўлди.

- Хитой футболидан нималар эсингизда қолган?

- Легионерларга таянган футбол: кучли хорижликлар билан шартнома имзолаган клублар чемпионлик учун курашди. Деярли барча стадионлар янги бўлиб, доимо тўлиб-тошарди. Россиядан фарқли ўлароқ, мухлислар ҳеч қачон футболчиларни сўкишмасди, улар фақат қўллаб-қувватлашарди.

- Юлдузли легионерлардан қай бири сизни кўпроқ ҳайратга солди ва нима учун?

- Марко Арнаутович. У ҳаммасига шунчаки, бепарво қарарди - австриялик «Кокорин». Халк эса ҳаммадан кўпроқ тер тўкарди: машғулотдан олдин ва кейин қўшимча ишларди. Оскар аксинча, унча жой кундирмасди, лекин ўйинда зўр эди.

Давоми газетамизнинг кейинги  сонларида. 

А.АҲМЕДОВ тайёрлади