ОКМК – "Нефтчи":  Ислом Тўхтахўжаевга "қизил" кўрсатилиши керак эди!

ОКМК – "Нефтчи":  Ислом Тўхтахўжаевга "қизил" кўрсатилиши керак эди!

ОКМК – “Нефтчи” учрашувида юзага келган баҳсли вазиятлар юзасидан Эксперт ҳакамлар комиссияси хулосаси

Аввалроқ хабар берганимиздек, Суперлига 17-туридан ўрин олган ОКМК ҳамда “Нефтчи” жамоалари ўртасидаги учрашувда юзага келган баҳсли вазиятлар иши мухлисларнинг кўплаб норозилиги ва эътирозларини инобатга олган ҳолда, Эксперт-ҳакамлар комиссиясига оширилган эди. Комиссия аъзолари 3 та баҳсли вазият бўйича ўз фикрларини билдириб, якуний хулосаларини маълум қилди.

1-вазият: Пеналти бор ёки йўқ?

Дастлаб учрашувнинг 42-дақиқасида “Нефтчи” дарвозаси томон белгиланган пеналти вазияти кўриб чиқилди. Унга кўра, комиссия вакиллари узоқ вақт давом этган баҳслардан сўнг, овоз бериш йўли билан масалани ҳал қилди. Натижада, овозларнинг катта қисми (80%) ушбу вазиятда пеналти бор деб топди ва ҳакамнинг қарори тўғри, дея баҳоланди.

2-вазият: Офсайд бормиди ёки “Нефтчи”нинг голи ноҳақ бекор қилиндими?

Ўйиннинг 45-дақиқасида юзага келган “Нефтчи” томонидан урилган голнинг офсайд сабабли бекор қилиниши ҳам кўплаб норозиликларга сабаб бўлди. Шу туфайли, ўша вазиятда ВАР томонидан офсайд чизиғи тортилгани ва вазият ўша пайтиёқ текширилиб, қарор тўғри чиқарилгани акс этган видеотасвирни илова қилмоқдамиз. Эксперт ҳакамлар комиссияси аъзолари бир овоздан ҳакамларнинг қарори бу ҳолатда тўғри бўлган, деган хулосага келди.

3-вазият: Қизил ёки сариқ карточка?

Баҳснинг 57-дақиқасида ОКМК футболчиси Ислом Тўхтахўжаев томонидан рақиб футболчисига нисбатан ўйин қоидаси қўпол тарзда бузилган. Бош ҳакам Илгиз Танташев эса дастлаб футболчига тўғридан тўғри қизил карточка кўрсатган, бироқ ВАРга мурожаат қилгач, қарорини ўзгартириб, бу вазиятда сариқ карточка билан кифояланган. Эксперт ҳакамлар комиссияси ушбу ҳолатни чуқур таҳлил қилгач, қизил карточка кўрсатилиши керак бўлган, деган хулосага келди.