Ортиқча баҳо оқибати...

Ортиқча баҳо оқибати...

Осон эмас бу майдон ичра турмоқ, Низомий панжасига панжа урмоқ....

Ҳазрат Алишер Навоийнинг ушбу машҳур байтини кўплаб футбол мухлислари ҳам яхши билишади. Мутафаккир бобомиз ўзидан аввалги хамсанавислар панжасига панжа уриб, довруғ таратди. Яъни бутун дунёга туркий тилда хамса ёзишга ҳар жиҳатдан муносиб эканлигини баралла исботлади ўз вақтида. Футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоаси «Ҳумо-Арена»да нидерландияликлар билан баҳсда дуранг қайд этгач, яна бир бор сўз салтанати соҳибқиронининг ибратли байтини ёдга олдик. Хўш, футзалчиларимиз ЖЧ-2024 стартида Нидерландия термаси устидан ғалаба қозонишлари мумкинмиди? Нима сабабдан турнир аламли йўқотишлар билан бошланди? Тарихий мундиалнинг дастлабки туридан кейин Дилшод Раҳматов футзалчиларимизда етарли даражада иштиёқ сезилмаганини таъкидлади. Хосе Венансио Лопес эса дуранг­ни омад етишмаганига боғлади. Бир қарашда, машҳур мураббий ва тажрибали футзалчининг мулоҳазалари мутлақ ҳақиқатдек туюлади. Бироқ  Испания ва Қозоғистон термалари ўртасидаги кескин рақобатни кузатгач, онг-у шуурингизда яна ўзгачароқ фикр-қарашлар уйғонади, беихтиёр футзал нонини еб, шу соҳа сир-асрорларини ўрганган мутахассислар билан ғойибона баҳс бошланади...

Жорий йил аввалида бўлиб ўтган Осиё кубогида Сречко Катанец бошқарувидаги футбол терма жамоамизни ҳам кутилмаган жароҳатлар таъқиб қилган ва мазкур муаммо охир-оқибат, якуний натижага бевосита жиддий таъсир кўрсатганди. Энди шу ҳолат футзалчиларимиз билан такрорланмоқда. Нималар бўляпти ўзи? Хорижлик мутахассислар қўл остида шуғулланаётган футболчи ва футзалчиларимиз билан боғлиқ бир хил ёқимсиз жараён тасодифми ёки улар орасида қандайдир боғлиқлик бор? Мазкур саволга жавоб беришдан олдин фақат шахсий қарашларимизни баён этишимизни алоҳида эслатмоқчимиз. Саволнинг жавобига келсак, бири қиш, иккинчиси куз фаслида кузатилган икки воқеликни кўринмас ип - сабаблар боғлаб турибди, назаримизда. Фикримизча, айрим етакчи футболчи ва футзалчиларимиз функционал ҳолат бўйича евростандарт юкламаларига тайёр эмасдек кўринишмоқда.

Ҳа, футзалчиларимиз Нидерландия термаси дарвозаси томон йўлланган бир неча зарбани голга айлантиришолмади. Хосе Венансио Лопес айт­ганидек, ўша вазиятларда вакилларимизга омад етишмадими? Йўқ, бу ҳолатни фақат омадсизликка йўйиш нотўғри. Унда Дилшод Раҳматов таъкидлаганидек, футзалчиларимизга иштиёқ етишмабди-да. Узр, бу хулосага ҳам қўшилиш қийин. Хўш, терма жамоамиз қайси сабабга кўра, мундиалнинг 1-турида  ғалаба қозониш миссиясини уддалай олмади? Балки ҳамма ҳам фикримизга қўшилмас. Лекин айни чоғда терма жамоамизда юз кўрсатаётган муаммо илдизини бразилиялик «афсунгарлар»га қарши ўтказилган икки ўртоқлик ўйини ва уларда кузатилган йирик ҳисобли мағлубиятлар билан изоҳлаймиз. Очиғи, йигитлар руҳан эзилишибди, жисмонан толиқишибди. Уларнинг юракларида юртимиз мезбонлик қилаётган илк мундиалда ўзларини кўрсатиш илинжида порлай бошлаган олов барвақт сўниб қолгандек гўё. Мухлислар интизор кутган иштиёқ оловини Бразилия термасининг ниҳоятда залворли босими ўчириб қўйгандек. 

Дилшод Раҳматов футзалчиларимизни савия бўйича бразилияликлар билан қиёслашни тасаввурга сиғмас даражада баҳоламоқда. Бу қараш-тасаввурга кўра, бразилиялик футзалчилар билан тенгма-тенг ўйнаш қўл етмас орзу, яъни бундай масалани кун тартибига қўйиш ножоиз, гўё. Дилшод Раҳматовга хос бундай тасаввур бошқа футзалчиларимиз онг-у шуурига ҳам мустаҳкам  ўрнашиб олган бўлса керакки, ўртоқлик учрашувлари  деярли қаршиликсиз ўтди. Тўғри, бундай очиқ ва адолатли тасаввур-муҳокама учун кимнидир айблаш ноўрин. Ҳамма айб Хосе Весансио Лопесда. Испаниялик мутахассис футзалчиларимиз имкониятлари,  уларнинг руҳиятидаги босимга дош бериш чегарасини ортиқча ҳамда нохолис баҳолаган кўринади. Футзалчиларимиздаги мундиал чоғи иш бериши кўзда тутилган энергия­нинг катта қисми халқаро  ўртоқлик учрашувларидаёқ сарфлаб бўлинибди. Хайриятки, йигитлар чинакамига матонат кўрсатишди ва охирги кучларини жамлаб, мағлубиятдан қутулиб қолишди. Яна савол ўртага тушади - Хосе Весансио Лопес ўртоқлик учрашувида Бразилия термаси панжасига панжа уриб, нима топди? Бугун аёнлашяптики, деярли ҳеч нима. Аксинча, ноўрин панжа урмоқ футзалчиларимиз имкониятларини пасайтириб юборибди. Ана, ўртоқлик учрашуви зарур бўлса,  яна ва яна қозоғистонлик футзалчилар билан баҳслашиш керак эди. Зеро, вакилларимиз қозоқ бовурларига қарши ҳамиша иштиёқ билан тўп суришади. Айни чоғда бундай учрашувларда футзал терма жамоамиз ўйини билан боғлиқ муаммо ва ютуқлар дарҳол кўзга ташланади. Бразилия термасига қарши «ўртоқлик»лардан қандай наф борлиги хусусида эса бирор жўяли хулоса айтиш мушкул.

Хосе Венансио Лопес шогирдлари каби Кака бошқарувидаги Қозоғистон терма жамоаси ҳам  1-турда дуранг қайд этди. Аммо  бу икки дуранг бир-биридан анчайин фарқланади. Зеро, қозоғистонликлар очиқдан очиқ шу натижа учун тўп суришди, бор имкониятларини очко олишга йўналтиришди. Натижада мундиал фаворитларидан бири саналган Испания термасининг моҳир футзалчилари ҳарчанд уринишмасин, Лео Игита дарвозасига иккинчи марта йўл топа олишмади. Ҳатто Даурен Турсагулов майдондан четлатилиб, Қозоғистон жамоаси 2 дақиқа давомида майдонда уч киши бўлиб қолган паллада ҳам испанлар маҳаллийлаштирилган дарвозабонни ранжитиш йўлини топишолмади. Хосе Венансио Лопес шогирдлари эса ҳар сафар рақиб голидан кейин мувозанатни тиклаш учун катта куч сарфлашди ва эҳтимол, шунинг учун ғалаба голини уришга кучлари етмади. Умид қиламизки, футзалчиларимиз  Парагвай ва Коста-Рика терма жамоаларига қарши баҳсларда том маънода ирода кўрсатадилар. Ўша ноўрин йўқотилиган энергия ўрнини мухлисларнинг олқиш ҳамда далдалари орқали тўлдирадилар. Бундай нуфузли турнир ҳар доим ҳам мамлакатимизда меҳмон бўлавермайди. Шундай экан, унда муносиб иштирок этиш, Ватан ва халқ шаъни учун астойдил тўп суриш футзалчиларимиз учун фарзандлик бурчи, масъулиятидир. 

Қарангки, футзал мундиали таъсирида Суперлига 18-тур ўйинлари мухлисларда катта қизиқиш уйғотолмади. ФИФА кунларидан кейин ўтказилган ўйинларда етакчилар майдонда зафар оловини ёқишни истамадилар. «Пахтакор», «Сўғдиёна», «Нефтчи» гўё келишиб олгандек, 1тадан очко билан кифояланди. Агар «Насаф» зиммасида чемпион бўлиш масъулияти турмаганида, балки Намангандаги учрашувда ҳам дурангга имзо чекиларди. Лекин «аждарлар» жорий мавсум ҳам олтин маррага етиш имкониятини қўлдан чиқаришса, буниси ҳеч бир қуюшқонга сиғмайди. Айни шу сабаб туфайли Жамбули Жигаури «Навбаҳор» дарвозасини ишғол қилганидан сўнг «лочинлар» мағлубиятдан қутилиб қолиш чораси йўлида жиддий изланишмади. Сергей Лушан эса матбуот анжуманида «Насаф»га қарши ўйин ҳақида ортиқча бош қотирмаганини яшириб ўтирмади. У фақат Ўзбекистон кубоги финали ҳақида ўйлаётган экан! Қизиқ, Александр Хом­я­ков ҳам ҳамкасбининг ҳолатидамикан? «Андижон»нинг ўз майдонида «Локомотив»га ютқазиб, мағлубиятли сериясини 5та ўйинга чўзганини яна қандай изоҳлаш мумкин?!

Муҳаммад ВАЛИ