РАКУРС: Бекснинг қайси хариди Кинни ақлдан оздирганди?

РАКУРС: Бекснинг қайси хариди Кинни ақлдан оздирганди?

«МЮ» тарихида чуқур из қолдирган афсона - Рой Кин яқинда бир пайтлар Дэвид Бекхэмнинг муносиб ва адекват йигит эканлигига шубҳа билан қараганини эслади.

Маълумот учун, улар 1993-2003 йиллар оралиғида «қизил иблислар» шарафини бирга ҳимоя қилишган. Қизиқ, ирландиялик собиқ марказий ярим ҳимоячига Бекснинг қандай иши ёқмаганди?

Бекхэм ҳамон мода оламига бефарқ эмаслиги ва замонавий жентльмен образи билан машҳур. Аммо британияликнинг битта хариди ҳаттоки, ҳаёти ва бой фаолияти давомида жуда кўплаб ғалати ишларни кўрган Рой Кинни ҳам чинакамига ажаблантирган экан. «Ҳа, Дэвид қўлига катта пул ушлаган биринчи футболчилардан ҳисобланади. Дейлик, «МЮ»нинг автомобиллар тўхташ ҳудудидаги «даража»ни айнан Бекс ўзгартирганди. Бунга шубҳа йўқ. Лекин у чиройли ручка сотиб олгани билан ҳайратимни кескин оширгани ҳам эсимда. Ручкани кўриб, бироз ғазаблангандим ҳам: «Жин урсин, бу матоҳни ким сотиб олди?» Ахир қимматбаҳо ручка кимга ва нега керак? Дабдабали соат, кийим-кечаклар, шунга ўхшаш нарсалар, майли, лекин ручка...», - дея эслади Кин ўша воқеликни.

Айтиш ўринли, мураббий сэр Алекс Фергюсон ҳам Бекхэмнинг хатти-ҳаракатларидаги ғалати жиҳатларни кўп бора қайд этган. «У қарашларни мутлақо ўзгартирди. Бунга заррача шубҳа йўқ. Дэвид машҳурликка эришгач, ОАВ эътибори мислсиз даражада ошиб кетди. Бу мен кўришни истаган ҳолат эмасди. Қисқаси, Дэвидни доира ичида ушлаб туришнинг имкони қолмади. Ахир Бекс кенг жамоатчилик эътиборини ўзига тортган ёқимтой йигит эди», - деганди афсонавий мураббий бир сафар.