РАКУРС: Бешафқат «Барселона-W», айниқса «Реал»га нисбатан

РАКУРС: Бешафқат «Барселона-W», айниқса «Реал»га нисбатан

Каталонияда футболга эътибор бошқача, барибир.

Ҳа, ҳудуднинг фахри саналган «Барселона» охирги йиллар ўта беқарор иштироки билан ўз нуфузини бир қадар тушириб юборгани рост. Бу вақтда «Барса» раҳбарияти эркаклар жамоаси омадсизлигига аёллар клуби натижалари воситасида компенсация тўлаётгандек, гўё.

Мана, «Барселона» аёллар жамоаси Испания чемпионати 21-тури доирасида Мадридда «Реал» меҳмони бўлди ва ортга 3:0 ҳисобидаги ишончли ғалаба билан қайтди. Жамоа голларига Фридолина Рольфе, Айтана Бонмати ва Каролина Хансен муаллифлик қилишди. Асосий факт шуки, «Барса-W» миллий чемпионат доирасидаги аёллар «Эль-класико»сида қаторасига 14 марта ғалаба қозонди. Яъни «Реал» аёллар жамоаси Примерода шунча ўзаро ўйиндан буён «Барса»дан очко ололмаяпти. Эркаклар футболида шундай бўлишини тасуввур  қилиш ҳам мушкул. Айтиш керак, ушбу статистика 2020 йилдан буён юритилмоқда. Ўшанда «Такон» базасида «Реал» аёллар жамоа­сига асос солинган эди.

Умуман, «Барселона» аёллар миқёсидаги барча турнирларда «Реал»ни қаторасига 16та ўйинда доғда қолдирди. Бу сериядаги умумий голлар нисбати - 64:7. Аслида «Реал-W» у қадар заиф ҳам эмас. Дейлик, Испания аёллар чемпионати турнир жадвалида 49 очко билан 2-ўринда бормоқда. «Барселона» эса шунчаки, космос - 61 очко!