Ҳа, Германияда тўпланган 24 нафар мутахассиснинг гонорари турлича. Энг кўп ва энг кам ҳақ оладиган мутахассислар ўртасида эса осмону ерчалик фарқ бор пулнинг чўғи борасида.
Энг катта маош эгаси - Гарет Саутгейт Англия миллий жамоасидаги бир йиллик фаолияти ортидан нақ 5,8 миллион еврони қуртдек санаб олади. Инглизлар ундан шунга яраша натижа талаб қилишлари ўз-ўзидан тушунарли. Евро-2024 мураббийлари маош рейтингининг иккинчи қутбида Грузия миллий жамоасини тарихда илк марта қитъа чемпионати финал босқичига олиб чиққан машҳур Вилли Саньолни кўриш мумкин. Маълум бўлишича, франциялик мутахассис грузинлардан шартнома бўйича атиги 200 минг евро олади йилига. Қаранг, орадаги фарқ 5,6 «лимон»ни ташкил этмоқда. Бошқача айтганда, Евро-2024нинг биринчи рақамли маош наҳанги Гарет Саутгейт франциялик ҳамкасбидан нақ 29 баравар (!!!) кўп олади.
Умуман, ёш Юлиан Нагельсманн (Германия), Роберто Мартинес (Португалия), Дидье Дешам (Франция), Рональд Куман (Нидерландия) ва Лучано Спаллетти (Италия)нинг маоши ҳам барчада енгилгина ҳавас уйғотиши тайин. 24та жамоадан 9тасида эса бош мураббий 1 миллион евродан камроқ иш ҳақига кўниб иш юритмоқда. Хусусан, Эдвард Иорданеску (Руминия) ва Иван Гашек (Чехия)нинг йиллик моянаси 300 минг еврога ҳам етмайди.