Рейтинг: Кимдир олдинга, бошқси...

Рейтинг: Кимдир олдинга, бошқси...

АПЛнинг энг қимматлашган ва арзонлашган футболчиларидан тузилган рейтинг­ларда «Челси» ҳамда «МЮ»дан вакил кўп.

Transfermarkt портали ёзги футбол бозори якунига кўра, АПЛдаги деярли 40 фоиз ўйинчи баҳосини ўзгартирди. Зеро, якунланган трансферлар кампаниясида Англия клублари чемпионат рекордини янгилади. Оддий айтганда, дунёнинг энг қимматбаҳо лигаси футбол бозорида ҳар қачонгидан кўпроқ сарфлади. Ҳозирги кунда 20та иштирокчи клубнинг таркиби умумий ҳисобда 9,86 миллиард еврога баҳоланмоқда. Бу сумма пандемия давридагидан 130 миллион евро кўпдир. Антони, Александер Исак, Амаду Онана, Лисандро Мартинес, Дарвин Нуньес каби янги футболчилар ҳисобига Премьер-лигадаги барча ўйинчиларнинг умумий қиймати сезиларли даражада ошди. Шунинг баробарида трансфер баҳоси пасайган футболчилар ҳам бор, албатта.

ТРАНСФЕР БАҲОСИ БЎЙИЧА  ҚУЛАГАНЛАР

1. Чаглар Сеюнжю («Лестер») - 40 миллион евро  28 миллион евро

Қулаш меъёри - 12 миллион евро

Факт. АПЛ-2021|2022нинг 28та ўйинида 2498 дақиқа ҳаракатланган ҳимоячи жорий чемпио­нат стартида ўз ўрнини йўқотди ва «тулкилар» захирасига жойлашди. Турк футболчиси Анг­лия Лига кубогидан ўрин олган «Стокпорт»га қарши баҳсдагина 90 дақиқа ҳаракатланди.

2. Вильфред Ндиди («Лестер») - 60 миллион евро  50 миллион евро

Қулаш меъёри - 10 миллион евро

Факт. Нигериялик 25 ёшли футболчи старт­да 6 марта майдонга тушди, бироқ «Лестер» ҳаддан ортиқ кўп гол қўйиб юборди. Виль­фред эса жамоанинг таянч нуқтасига масъул. 

3. Юри Тилеманс («Лестер») - 55 миллион евро  45 миллион евро

Қулаш меъёри - 10 миллион евро

Факт. «Лестер» ярим ҳимоясида Ндиди билан бирга ўйнаётган Юри ҳам янги мавсумда 6та ўйин ўтказиб, 1та голга ассистентлик қилди. Лекин бельгиялик ярим ҳимоячи яққол қийналмоқда.

4. Диего Карлос («Астон Вилла») - 40 миллион евро  30 миллион евро

Қулаш меъёри - 10 миллион евро

Факт. Бразилиялик 29 ёшли марказий ҳимоя­чи мавсум-2021|2022да «Севилья»нинг Ла Лигадаги 34та ўйинида иштирок этиб, 3та гол (шахсий рекорди) урганди. Лекин «Астон Вилла» либосида 2 марта майдонга тушган Диего энди жиддий жароҳат туфайли узоқ вақт четда қолса керак. 

5. Криштиану Роналду («МЮ») - 30 миллион евро  20 миллион евро

Қулаш меъёри - 10 миллион евро

Факт. Роналду жорий мавсум 6та ўйинга чўзилган голсиз серияга йўлиқди. Қолаверса, ёш фактори ҳам бор.

Шунингдек, Люк Шоу («МЮ»), Гарри Магуайр («МЮ»), Ҳаким Зиеш («Челси») 8 миллион евродан йўқотишди, Конор Коуди («Эвертон») ва Аарон Ван-Биссака («МЮ»)да эса қулаш меъёри 7 «лимон»га тенг. 

 

ТРАНСФЕР БАҲОСИ БЎЙИЧА ПАРВОЗ ҚИЛГАНЛАР

1. Антони («МЮ») - 35 миллион евро  75 миллион евро

Парвоз меъёри - 40 миллион евро

Факт. «МЮ» аслида Антони трансферига 95 млн. евро тўлади. «Аякс»да нур сочган футболчи эса дебют ўйинидаёқ «Арсенал» дарвозасига гол уриб, «Юнайтед» ғалабасига ҳисса қўшди.

2. Марк Кукурелья («Челси») - 28 миллион евро  55 миллион евро

Парвоз меъёри - 27 миллион евро

Факт. «Брайтон»да етакчи ролга кўтарилган 24 ёшли чап қанот ҳимоячиси «Челси»нинг АПЛдаги 8та ўйинида 2та самарали узатма қайд этишга улгурди.

3. Уэсли Фофана («Челси») - 40 миллион евро  65 миллион евро 

Парвоз меъёри - 25 миллион евро

Факт. 21 ёшли марказий ҳимоячи жароҳат туфайли ўтган мавсум деярли ўйнагани йўқ. Шунга қарамай, «Челси» унинг трансфери йўлида «Лестер»га 80,4 млн. евро тўлади. 

4. Ромео Лавиа («Саутгемптон») - 2 миллион евро  25 миллион евро

Парвоз меъёри - 23 миллион евро

Факт. «Манчестер Сити» тарбияланувчиси «Саутгемптон» сафига қўшилишига қадар катта футболда тажрибага эга эмасди, лекин янги клубида дарҳол асосий таркибдан жой олди ва «Челси» дарвозасига гол уришга ҳам эришди.

5. Александер Исак («Ньюкасл») - 30 миллион евро  50 миллион евро 

Парвоз меъёри - 20 миллион евро

Факт. 22 ёшли швециялик 70 «лимон» эвазига «Ньюкасл» футболчисига айланди. Исак дебют ўйинидаёқ «ҳаккалар» учун гол урди, аммо унинг янги жамоаси «Ливерпул»га бас келолмади - 1:2. 

Трансфер суммаси бўйича сезиларли ўсишга эришган бошқа футболчилар: Энтони Гордон («Эвертон») - 20 млн. евро, Амаду Онана («Эвертон») - 20 млн. евро, Мойсес Кайседо («Брайтон») - 19 млн. евро, Лисандро Мартинес («МЮ») - 18 млн. евро ва Дарвин Нуньес («Ливерпуль») - 15 млн. евро. 

 А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади