РЕЙТИНГ: «Сигнал Идуна Парк» пешқадам, барибир!

РЕЙТИНГ: «Сигнал Идуна Парк» пешқадам, барибир!

Мана, Европа футбол мавсуми ўз экваторига ҳам етди, ҳисоб, демак, баъзи жиҳатлар бў­йича дастлабки хулосаларни чиқариш мумкин.

Хусусан, тransfer-markt портали мухлислар ташрифи энг баланд стадионлар рейтингини эълон қилди. Бунда фақат қитъанинг футболи энг кучли 5та мамлакатидаги стадионларга жорий мавсум қанча мухлис тушгани ҳисоблаб чиқилган. Кутилганидек, рўйхатда Германия клубларига тегишли ареналар олдинда. Италияда эса «Интер» мухлис тўплаш бобида ҳамшаҳри «Милан»дан ўзиб кетди, Англияда «Олд Траффорд» («МЮ») энг гавжум стадион бўлиб турибди. 

«СИГНАЛ ИДУНА ПАРК» -  РЕКОРДМАЙСТЕР!

Анъанавий ҳолат: мухлис тўплаш бўйича Германия топ-клублари юқори даражада. Дейлик, умумий рейтингнинг дастлабки 2 поғонаси Бундеслига вакилларига тегишли. Дортмунд «Боруссия»си «Сигнал Идуна Парк» аренаси билан пешқадам бўлса, «Бавария» («Альянс Арена») бош таъқибчи ролида. Тransfermarkt порталидан алоҳида таъкид - Дортмунд жамоаси аренаси рекордмайстер! Умуман, «Идуна Парк» жорий мавсум трибуналари 100 фоиз тўлаётган дунёдаги ягона стадиондир. Кучли учликда АПЛ иншооти ҳам бор - «Олд Траффорд». Табиийки, «МЮ» ўз майдонидаги ўйинларга мухлисларнинг ўртача ташрифи бўйича Англия клублари орасида мутлақ пешқадам. Рўйхатнинг 4-5-поғоналари 2та клубга хизмат қилаётган битта аренага тегишли - «Сан Сиро». Фақат шуниси борки, «Интер» ушбу стадионга мухлис йиғиш бобида «Милан»дан ўзиб кетди. Ҳозирда «нерадзурралар»нинг уй учрашувларига «россонерлар»никига нисбатан билинар-билинмас кўпроқ мухлис ташриф буюрмоқда. «Реал»га ҳамиша илҳом бағишловчи «Сантьяго Бернабеу» айни пайт рўйхатнинг 6-қаторида. Лекин шуни ҳисобга олиш керакки, Мадриддаги аренада ҳали реконструкция ишлари давом этмоқда.

 

ИТАЛИЯ ВА АНГЛИЯДАН 3та...

Тransfermarkt рейтингининг кучли 10талигида Италиядан 3та клуб бор. Агар «Интер» ва «Милан» битта аренадан фойдаланишини ҳисобга олсак, 2та стадион. Шунингдек, Англиядаги 3та аренани топ-10да кўриш мумкин. Қолган 4та гавжум стадион Германия (2та), Франция ва Испанияда. Алоҳида қайд этиш керак, Франциядан «ПСЖ» эмас, балки «Марсель» кучли 10таликка кирди. Яна бир қизиқ ҳолат: ўтган мавсум якунида Бундеслига-2га тушиб кетган «Шальке» умумий рейтинг­да АПЛ вакили «Арсе­нал»дан олдинда.