«Рома»дан кутилмаган қарор!

«Рома»дан кутилмаган қарор!

«Рома» раҳбарияти жамоа таркибини ўзгартиришни қишки трансферлар ойнаси даврида ҳам давом эттирадиган бўляпти.

 Италия матбуоти «бўрилар» Норвегиянинг «Будё Глимт» жамоаси ҳужумчиси Ола Сольбаккенни эркин агент сифатида ўз сафига қўшиб олмоқчи. Римликлар норвегиялик форвардни қишки трансферлар вақтида эркин агент сифатида ўз сафига қўшиб олишни маъқул топди. «Рома» раҳбарияти Элдор Шомуродов устози Жозе Моуриньонинг ишончини қайта қозонишга ҳарчанд уринмасин, унга етарли даражада, ҳеч бўлмаса, мавсум охиригача имкон бермоқчи эмас. Пойтахтлик мутасаддилари Ола Сольбакенни айнан ўзбек ҳужумчисининг ўрнига олиб келмоқчи. La Gazzetta dello Sport журналисти Массимо Чеккинининг ёзишича, «Рома» январда Элдор Шомуродовни ижарага бериб юборишни режалаштирмоқда. Шу ўринда, Жозе Моуриньо Шомуродов масаласида бироз адолатсизлик қилаётгандек кўринмоқда. Легионеримиз мураббийлар штаби томонидан ўзига берилган арзимас бир неча дақиқа давомида ўзини кўрсатиб, бир неча бор хавфли вазиятлар яратмоқда. Европа Лигасида римликларнинг илк голини ҳам айнан Элдор киритди. Трансферларга ихтисослашган transfermarkt.world порталидаги статистикаларга эътибор берсак, Шомуродов самарадорлик бўйича яхши кўрсаткичга эга. Лекин вазият қандай якунланишини вақт кўрсатади, албатта.