Рубен Лофтус-Чик: «А» серия худди шахмат тахтаси каби...»

Рубен Лофтус-Чик: «А» серия худди шахмат тахтаси каби...»

«Милан»нинг янги аъзоси - «Челси»дан турли бонусларни қўшиб ҳисоблаганда, 20 миллион евро эвазига сотиб олинган Рубен Лофтус-Чик трансфер расмийлаштирилганидан сўнг Milan TV меҳмони бўлди

 27 ёшли марказий ярим ҳимоячи янги клуб футболчиси сифатида берган биринчи интервьюсида «россонерлар» сафига қўшилишига айнан ким туртки берганини ошкор қилди. Рубен шунингдек, болаликда қайси юлдузга ҳавас қилганию, универсаллик хусусиятини қандай ўзлаштиргани ҳақида гапирди.

- Рубен, «Милан»га хуш келибсан. Айтчи, бу клуб ҳақида айнан нималарни билардинг?

- Албатта, ҳозир ғайриоддий туйғу ичидаман. Зеро, 20 йил давомида «Челси» билан бирга бўлдим - бу ўзим учун алоҳида тарих. Тақдир экан, жонажон клубимдан кетишимга тўғри келди. Ҳаётда янги бобни «Милан»дек жамоада бошлаш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. «Сан Сиро»да ўйнаш имконияти, катта тарихга эга буюк клуб либосини кийиш... Бунга бирдан ишониш қийин. «Милан» афсоналарини эслашнинг ўзи ҳар кимни тўлқинлантириб юборади. Қисқаси, «Милан» формасини қўлга олиш ва кийиш мен учун ҳам шараф ҳисобланади. Дўстим Фикайо Томорининг клуб сафига олдинроқ қўшилганини ҳисобга олсак, хурсандчилигим икки ҳисса баланд...

- Демак, Миланга сени Томори чорлади, шундайми?

- Ўйлайманки, Томорининг фаолияти Англиядан ташқарида янги чорловни қабул қилган футболчи учун ажойиб намуна ҳисобланади. Ҳар ҳолда, у бу ерда ўсишга эришди, катта муваффақият сари қадам ташлади. Қисқаси, Фикайонинг «Милан» билан қайд этган ғалабалари ва умумий тараққиёти мени ўзгача илҳомлантирди, шу аснода жамоа таклифига ижобий жавоб бердим. Бинобарин, Томори билан академия жамоаларидаёқ бирга ўйнаганмиз. Энди «Сан Сиро»да ҳам бир хил либосда майдонга тушишимиз жуда ёқимли. Яширмайман, охирги 1, ҳаттоки 2 ой давомида у билан жуда кўп гаплашдим. Айниқса, ОАВда музокара жараёни бошлангани ҳақида хабарлар чиққанидан кейин Томорининг ўзи тез-тез алоқага чиқиб, яна клубдош бўлишимиз имконияти қандайлиги билан қизиқиб турди. Тўғри, маълум вақтгача ундан тўлиқ ва батафсил маълумот олишдан тийилдим. Ишлар нисбатан жиддийлашгач эса, Фикайодан клуб ҳақида сўрайвериб, жонига ҳам тегдим, шекилли. Аниқроқ айтганда, «Милан»нинг кундалик ҳаёти ҳақида ҳаммасини билишни истадим - ўзи қаерда яшайди, қолган футболчилар-чи, маш­ғулотлар базаси қандай ва ҳоказо... Дўстим эса барча саволларимга лўнда жавоб берди: «Агар келсанг, клуб нақадар катталигини кўрасан, унинг тарихи ва либосида ўйнаш нимани англатишини тушунасан». Шундан кейин «Милан»га ўтиш васвасасига тушиб қолдим очиғи...

- Ўтган мавсум ўйинларини назарда тутсак, «Сан Сиро» муҳитини аллақачон ҳис қилгансан...

- Ҳа, Чемпионлар Лигасида «Милан»га қарши ўйнаш асносида «Сан Сиро» ҳайбати билан танишдим, қайноқ муҳит жамоага нечоғли таъсир қилишини маълум даражада тушундим. Тўғриси, гарчи «Милан» рақиби сифатида майдонга тушган бўлсакда, стадионда юзага келган манзарадан ўзгача роҳатландик - ҳаммаси ажойиб! Ёшлигимда Каканинг «Милан» либосидаги ўйинлари томошасига ошуфта эдим, уни том маънода яхши кўрардим. Айниқса, тўп билан муомаласини ақлимга сиғдиролмасдим. Ўйлайманки, майдонда энг кучли томонларимдан бири - бу тўпни олиб қўйиш ва рақибдан қочиш. Очиқ айтаман, бу хусусиятнинг шаклланишида Кака ўйинига мухлислик қилганим таъсири катта. Зеро, у ўйиннинг ушбу элементларига эга энг кучли ижрочилардан бири эди ўз вақтида.

- Энди жаҳоннинг энг яхши вингерларидан бири ҳисобланган Рафаэль Леау­га қарши эмас, балки у билан бирга ўйнайсан. Бу қандай бўларкин...?

- Ўтган мавсум доирасидаги ўзаро ўйинлар якунида Леау билан қўл бериб кўришдик. Айни пайт у мутлақ бошқа даражада, глобал юлдузга айланиб улгурди. Рафаэль ҳали фақат ва фақат янада кучайиши мумкин. Биринчидан, нисбатан ёш, иккинчидан, ўсиш учун барча зарур хусусиятлари бор. Айтганча, Рафа ҳам бир неча ҳафта бурун менга хабар юбориб, ёнига чорлади. Шундай экан, муаммо йўқ, ўйлайманки, майдонда ўзаро ҳамкорлигимиз жуда яхши чиқади.

- Ўзи айнан қайси позиция­да ўйнашни маъқул кўрасан? Аниқроқ сўраганда, қаерда ўзингни сувдаги балиқдек ҳис қилишинг мумкин?

- Шу кунга қадар турли позицияларда ўйнаб кўрдим, барчасида ҳаракатланиш бобида озми-кўп кўникмага эгаман. «Челси»нинг ҳамиша турли схемаларга таянгани универсал бўлишни тақозо этарди. Турли позицияларда тўп суриш ўзимга ҳам ёқади. Саволга лўнда жавоб беришим керак бўлса, ярим ҳимояда, box-to-box позициясида эркинроқ ҳаракатлансам керак. Чунки олдинга интилиш ва гол уришни ёқтираман. Менимча, жисмоний имкониятим вақтида ортга қайтиб, ҳимоя ишларига улгуришимга имкон беради. Қисқаси, фикримча, box-to-box ролида кўпроқ наф келтиришим, ўйинга кучлироқ таъсир ўтказишим мумкин. Сир эмас, АПЛда босим катта, ўйинлар жисмоний куч ва меҳнат талаб қилади. Кўрганларим ва билганларим асосида айтсам, «А» серияда бошқача - тактика биринчи ўринда. Италия чемпионати худди шахмат тахтасига ўхшайди. Демак, тактик билимни оширишим, барчасини ўйин ичида ҳис қилишим керак. Яхшики, тактикага урғу қаратадиган италиялик мураббийлар қўл остида ишлаганман ва бу борада муайян тажрибам йўқ эмас.

- Рубен Лофтус-Чик одатий ҳаётда қандай йигит?

- Табиатан анча хотиржам ва қизиқувчан инсонман. Футболдан ташқарида, дўстлар билан ҳордиқ чиқаришни хуш кўраман, бўш вақтда кўпроқ теннис билан шуғулланаман - бу мен учун футболдан ке­йинда турувчи спорт тури. Қайсидир масалада ташаббус кўрсатиш талаб этилса, барчасини қўлга олишим мумкин. Лекин аслият ўзгармайди - футболни бошқача яхши кўраман, асосийси шу.

- «Милан» мухлисларига нимадир дейишни хоҳласанг, марҳамат...

- Аввало, ҳаммага салом. Мухлисларга яна бир бора такрорлайман: бу клуб сафига қўшилиш мен учун шарафдир. Ҳозир «Милан» либосини кийиш ва кўз олдингизда ўйнаш онларини сабрсизлик билан кутяпман. Илиқ қабул ва қўллаб-қувватлов учун ташаккур, барчангиз билан кўришишга илҳақман.

Рубен Лофтус-Чик ке­йинчалик «Челси»дан нега кетгани хусусида алоҳида тўхталди: «Албатта, жонажон клубимни ҳамон яхши кўраман. Аммо «Стэмфорд Бриж»да етарли амалиёт ва имкониятга эга бўлмадим. Аслида кўпроқ имкониятга муносиб эдим, аммо буни менга раво кўришмади. Ваҳоланки, менда жисмоний томондан қандайдир муаммо сезилмаётган ва майдонга тушганимда ўз даражамни намойиш этаётгандим. Қисқаси, шу муносабат ўлароқ, кетиш вақти етганини тушундим...».

МУҲАММАДХОН тайёрлади