Салоҳ суратлари бутун хонага безак

Салоҳ суратлари бутун хонага безак

Хорватиялик Деян Лов-реннинг мисрлик Муҳаммад Салоҳга муҳаббати бошқача.

 У бутун уйига голеадор ҳужумчи суратларини ёпиштириб чиққан. Ҳаттоки, тўшаги ёпинчиғига ҳам Салоҳ сурати босилган. Деян шунингдек, ҳар тонг газеталарни варақлаб, мисрлик футболчига тааллуқли хабарлар ва фотоларни йиғади.

Муҳаммад Салоҳ 2017 йили «Ливерпуль» сафига қўшилган пайт Деян Ловрен «қизиллар» шарафини ҳимоя қиларди. Мисрликнинг янги жамоа муҳитига осонгина мослашганида Ловреннинг хизмати катта. Шу-шу иккиси кучли дўстлик ришталари билан бир-бирига мустаҳкам боғланган. Ҳар ҳолда, Ловрен 2020 йили «Ливерпуль» билан хайрлашган бўлсада, у ҳамон мисрлик ҳужумчи билан алоқада.

Муҳаммад Салоҳ ҳам Деян билан тез-тез видеоалоқага чиқишини кўп бора таъкидлайди. Ловрен яқинда тонгни қандай қарши олиши акс эттирилган видеороликни ижтимоий тармоқларга жойлаштирди. Унинг қисқача тафсилоти: айни пайт Россиянинг «Зенит» клубида ўйнаётган Деян мисрлик футболчи тасвири босилган ётоқ ёпинчиғи устидан туради, шиппак, футболка кияди - бу буюмларда ҳам «Ливерпуль» етакчиси сурати. Кейин қўлига кружка олади. Яна ўша манзара... Энг муҳими, Деян кровати тепасида Салоҳнинг «МЮ» дарвозасига урган сеҳрли голи лаҳзаси туширилган катта плакат бор. Эҳтимолки, бу хорватиялик ҳимоячининг навбатдаги ҳазилидир, лекин нима бўлган тақдирда ҳам, у барчасига пухта тайёргарлик кўргани тайин.