Амир Галинойи: - Аввало, Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Сречко Канатецга соғлик тилайман. Эртага бизда кўп имкониятлар бўлмайди. Аввалги икки ўйинда вазиятларни кўкка совурдик. Бу сафар минимал имкониятлардан максимал фойдаланишимиз керак. Ҳозирда бор эътиборимиз Ўзбекистонга қарши баҳсга қаратилган. Шуни айтишим мумкинки, Эрон — дунёдаги энг яхши ва тинч мамлакатлардан бири. Ташқи нарсаларга чалғимай, бор эътиборимизни футболга қаратишимиз, томошабоп ўйин кўрсатишимиз ва Тошкентдан 3 очко олиб кетишимиз керак.
Ҳимоямиздаги йўқотишлар? Дастлабки икки турда «қуруқ ўйин» ўтказдик ва эртага ҳам бу серияни давом эттиришга уринамиз. Мен 50 йилдан бери футболдаман. Шунча йиллик тажрибамдан келиб чиқиб айта оламанки, биз ҳар доим энг яхши ўйинимизни ва мухлисларни хурсанд қилишга ҳаракат қилишимиз керак.
Сардор Азмун: - Эртанги ўйин жуда муҳим, аммо биз Ўзбекистонга қарши қандай ўйнашни биламиз. Умид қиламанки, 3 очко билан қайтамиз. Бироқ, рақибга нисбатан ҳурматни сақлаган ҳолда айтаман, улар сўнгги марта бизга жиддий чақирув ташлаб, муаммо туғдирганига 12 йил бўлди, 2012 йилдан буён Эронни мағлуб эта олишмаяпти...