ШАҲРИХОНЧИ (АНДИЖОН)
100 йилга яқин тарихга эга бўлган Андижоннинг "Шаҳрихончи" клуби 1926-йилда ташкил этилган. Илк бора 1968-йил СССР иккинчи лигаси ва Ўрта Осиё биринчи лигасида иштирок этган. Ушбу мусобақада жамоа фахрли 2-ўринни қўлга киритган.
Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг, 1992-йилда биринчи бор Ўзбекистон Олий лигаси мусобақаси ўтказилди. "Шаҳрихончи" ушбу тарихий турнирда иштирок этган 18 жамоадан бирига айланди. Ўшанда жамоага биргина "Москва" солхози ҳомийлик қилди. Клуб мусобақа доирасида МХСК, Сурхон, Динамо, Трактор каби жамоаларни мағлуб этишни уддалади. Мавсумни Олий лиганинг 16-ўрнида якунлади.
Бу спорт принциплари бўйича лигада қолиши керак бўлган ўрин эди. Бироқ Шаҳрихон тумани ҳомийлигидаги ўзгаришлар, футболга қизиқадиган Муҳаммаджон Раҳимов каби бошқа ҳоким чиқмагани боис жамоа ҳозирги ҳолатга келиб қолди.
Ўшанда жамоа янги ҳокимнинг мурожаати билан қуйи лигага тушириб юборилди. Қуйи лигадан эса Олий лигага қайта олмади.
"Шаҳрихончи" бир неча йил Ўзбекистоннинг пастки лигалари, шунингдек, Андижон вилояти лигасида иштирок этди. Бир муддат фаолияти тўхтаб ҳам қолди.
2019-йил клубни Ўрта Осиёдаги энг йирик сут маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи "Раш-милк" жамияти ўз қарамоғига олди ва жамоа яна Ўзбекистон 1-лигасига қайтди. Бир муддатдан сўнг, яна жамоада ўзгаришлар рўй берди. Ҳаттоки жамоа ўтган мавсум Ўзбекистон кубоги мусобақасининг финал босқичида ҳам иштирок этди.
Лекин ўтган йилги натижалардан сўнг, ушбу жамоа яна вилоят биринчилигига тушиб кетди ва ҳозирда ҳам ушбу турнирда қатнашмоқда.
Манбаа: SamvelKarlenovich