СЕНСАЦИЯ: Биттагина гол билан 1/8 финалга!

СЕНСАЦИЯ: Биттагина гол билан 1/8 финалга!

Аёллар ўртасидаги ЖЧ-2023 гуруҳ босқичидаёқ бир қатор кучли сенсациялар рўй берди.

Лекин одатий фаворитлар - Бразилия ва Германия терма жамоаларининг квартетда қолиб кетгани ўз йўлига. Булар ямайкакалик аёллар кўрсатган натижа олдида шунчаки, ҳолва... Диққат қилинг, Янги Зеландия мундиалида қатнашиш учун интернет орқали маблағ йиққан Ямайка термаси гуруҳ раундида 1тагина гол урди ва 1/8 финалга сакради!

Ямайка жамоасининг «плей-офф»га чиққани - ўз-ўзидан мўъжиза. Бинобарин, камтарин жамоа икки қудратли рақиб - Франция ва Бразилия термаларига қарши баҳсларда 0:0 ҳисобини сақлаб қолди. Бу икки оғир учрашув орасида эса Панама термаси тартибли ҳаракатлар билан доғда қолдирилди - 1:0. Умуман, ямайкаликлар аёллар ЖЧда 2-марта қатнашишяпти, улар 4 йил олдинги дебютда 3та ўйинни ҳам бой беришганди (умумий - 1:12 ҳисобида). Жумладан, Бразилия термасига 0:3 ҳисобида ютқазишган, Янги Зеландияда эса бу рақиб билан баҳсда 0:0 ҳисобини сақлаб қолиш асносида уни «плей-офф»га чиқишдан мосуво қилишди.

Энг таъсирли томони, бир неча ой олдин ҳам Ямайка термасининг турнирда иштирок этиши катта сўроқ остида эди, албатта, маблағ йўқлиги туфайли. Фақат ярим ҳимоячи Гаван Солауннинг онаси ташаббус кўрсатиб, интернетда Океания сафари учун деярли 50 минг доллар йиққани қўл келди. Ваҳоланки, маҳаллий мутасаддилар жамоани ЖЧга юбориш учун пул йўқлигини яширишмаганди. Кейинчалик ҳам жамоа йиғинларини қисқартириш ва бир неча ўртоқлик ўйинларини бекор қилишга тўғри келди.

Ямайка спортида пул етишмаслиги олдин ҳам кузатилган. Дейлик, мамлакат аёллар бейсбол термаси Олимпиада-2014да қатнашиш учун атиги 2 кунда 120 минг доллар йиққанди. Тўғри, ўшанда Samsung компанияси ҳам ёрдам берган. Ямайкада Олимпиада-2022 олдидан ҳам пул йиғиш амалиётига мурожаат қилинган.