Серхио Каналес: «Мундиални четдан кузатишим оғир...»

Серхио Каналес: «Мундиални четдан кузатишим оғир...»

Қатарда ЖЧ якуний палласига яқинлашаётган паллада «Бетис» ярим ҳимоячиси Серхио Каналес футбол оламидаги кўплаб дўстлари

 ва «Вердибланко» клуби президенти Анхель Аро ҳамроҳлигида жароҳатланган спортчиларни тиклашга мўлжалланган Breakers клиникаси очилиш маросимида иштирок этди. Валенсия­даги тадбирдан сўнг Marca нашрига махсус интервью берган футболчи яшириб ўтирмади: «Тўғриси, мундиал ўйинларини томошабин сифатида кузатишим оғир».

- Мажбурий танаффус «Бетис»га қандай таъсир ўтказади, сизнингча?

- Тан олиш керак, танаффус биз учун энг зарур паллада юзага келди. Чунки  мавсумнинг дастлабки 2-3 ойида чинакамига қийналдик, ҳар 3 кунда майдонга тушиш оғирлик қилаётгани яққол сезилди. Шу нуқтаи назардан қараганда, озгина тин олишга муҳтож эдик. Мана, ҳозир чарчоқ ёзилди, жуда яхши ҳолатдамиз ва истакларимиз ҳам катта. Дейлик, танаффусга қадар жуда яхши ишладик, хусусан, ЕЛ гуруҳ босқичини 1-ўринда якунладик. Энди барчасини муваффақиятли давом эттиришдан умидвормиз, албатта.

- Аргентина ва Чилида ўйнаш тажрибаси ҳақида нима дейсиз?

- Жуда мураккаб. Ҳар ҳолда, «Ривер Плейт» ҳам, «Коло-Коло» ҳам мутлақо бошқача муҳитда ўйнайди. Бизни олдинда Суперкубок турнири кутиб турибди, шунинг учун қийин кечгани тайин. Лекин бу каби сафарлар клуб учун муҳим, ҳар қандай ҳолатда ҳам, бор имкониятни ишга солишимиз талаб этиларди. Фақат спорт даражаси томонлама вазиятга мослашишда анча қийналдик. 

- Лекин узоқ сафар кучли чарчоқни келтириб чиқаради...

- Ҳа, дарҳақиқат, 6-7 кун оралиғида 3та ўйин ўтказдик, ҳаммаси тиғиз жадвал асосида ташкил этилди. Муҳими, икки ҳафталик турне давомида катта сабоқ олдик ва ўйлайманки, йил охирига белгиланган «Атлетик»га қарши ўйин учун муносиб тайёрландик. Бўлажак учрашув айниқса, ЧЛ ҳудудига қайтиш нуқтаи назаридан ўта муҳим.

- «Бетис»га танаффусга қадар жароҳатланган футболчилар кўплиги бироз панд бергани тайин.

- Ҳа... Шунга қарамай, ЕЛ гуруҳ раундида 1-ўринни эгалладик, Ла Лигада ЧЛ йўлланмаси учун кураша олишимизни кўрсата олдик. Қисқаси, мавсумнинг ортда қолган қисмида жамоа билан натижа қайд эта олишимизга ишонадиган даражага етганимиз қувонтирмоқда. Тўғри, ўйинимизда ҳали кўп жиҳатларни анча кучайтиришимиз зарурлигини яхши биламиз. Ўйлайманки, йигитларимизда бунинг учун реал потенциал бор. Хусусан, жароҳатланган йигитларнинг сафга қайтишлари ҳам жамоавий руҳни кўтарса, ажабмас.

- «Бетис» мухлислари 2022 йилни ҳеч қачон унутишмаса керак...

- Йўқ, тўхтанг, бу бошланиши... Ҳа, 2022 йил воқеалари хотираларга муҳрланди. Йил нафақат «Бетис», шахсан ўзим учун ақл бовар қилмайдиган лаҳзаларни тақдим этди. Умид шуки, жамоамиз энди тўхтаб қолмайди, муваффақиятларни кейинги йилларга ҳам ўтказади.

- Сардорлик масаласига қандай қарайсиз?

- Хоакин ва Гуардадо ўйнашда давом этишса, боғич менга тегмайди... Бу ерга 5 йил олдин келгандим ва Хоакин ҳар мавсум якунида нафақага чиқишини айтади, амалда эса у ҳамон майдонда ва худди олдингидек жанговар ҳолатда. Ҳа, «Бетис»да анча ўйнаб қўйдим, аммо биринчи рақамли сардор бўлишим шарт эмас, чунки бизда боғич учун икки муносиб йигит бор.

- Дўстингиз Хосе Луис Гайя жиддий жароҳатга йўлиқди, унинг ҳозирги ҳолатидан хабардормисиз?

- Гайяга жуда қийин бўлди, лекин уни яхши биламан - мутлақ профессионал. Ахир кўп йиллардан буён футбол ичида тобланди. Ишончим комилки, у бу синовдан ҳам муносиб ўтади. Тушуниш керак, жароҳат - футболнинг бир қисми. Жароҳат баъзида узоқ муддат ўйнаш имконини бермаслиги ҳам мумкин - шуниси ёмон. Энг аламлиси, Гайя жароҳат туфайли жаҳон чемпионатида қатнашиш бахтидан мосуво бўлди. Энди тезроқ сафга қайтса, бас.

- Ростини айтинг, Испания терма жамоа ўйинини кўраётганда, унинг футболкасини кийиб оласизми ёки...?

- Футболка кийиш-киймаслигим ҳеч нарсани англатмайди, муҳими, ҳар қандай ҳолат ва шароитда миллий жамоамизга тўлиқ ишонаман, унинг ғалаба қозонишига асло шубҳаланмайман. 

- Миллий жамоа бош мураббийи Луис Энрике танловига қандай баҳо берасиз?

- Нима дейишим мумкин? Мундиалдаги биринчи ўйинда ҳаммаси идеал кўриниш олди - голлар, вазиятлар, назорат... Иккинчи баҳснинг биринчи бўлимида ҳам Германия термасидан устунроқ кўриндик. Танаффусдан кейин эса гарчи рақибга кучли босим ўтказган бўлсакда, якуний натижа хавф остида эди. Японлар билан ўйинга келсак, рақиблар бизни чинакамига ҳайратга солишди. Кутилмаган мағлубиятга қарамай, жамоамизга ҳали ҳам ишонаман, худди ўзимга ишонгандек (суҳбат 1|8 финалдан ўрин олган Испания - Марокаш ўйинидан олдин ўтказилган).

- Футболчи сифатида ЖЧни телевизорда томоша қилиш қандай?

- Жаҳон чемпионатига бориш йўлида қаттиқ ишлаганим, кўп тер тўкканим рост, шу ҳаракатимнинг ўзидан ҳам ўзгача фахрланаман, зеро, бор кучимни бердим. Таркибдан четда қолганимни эса охирги 3 ойда ўзим мўлжаллаган даражага чиқолмаганим билан боғлаш керак. Бошқа гап йўқ. Охир-оқибат, жамоа қарорларини қабул қилиб, уни қўллаб-қувватлаш зарур, гарчи ўйинларни томошабин ролида кўриш оғир бўлсада.

- Энди Breakers лойиҳасига тўхталсак, очилиш маросими ёқдими?

- Жуда зўр. Зеро, бу лойиҳа устида узоқ вақт катта иштиёқ билан ишладик. Тўғри, бир вақт­нинг ўзида Валенсия ва Се­вильяда бўлиш қийин, лекин ажойиб жамоа тўплангани эвазига барчасини талаб даражасида амалга оширдик.

- Нега айнан Валенсия танланди?

- Мен ишонадиган одамлардан тузилган жамоа шу ерда ва бу энг муҳимидир. Клиникага ҳар қандай турдаги жароҳатга йўлиққан спортчиларга ёрдам бера оладиган мутахассисларни жалб этганмиз. Мақсад - спортчиларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишга ҳисса қўшиш.

- «Валенсия» ҳақида: жамоа жорий мавсум қаергача бориши мумкин?

- Ҳозиргина Давид Альбельда билан гаплашдим. Жамоада ўтган йилдаги ҳолатга нисбатан ўзгариш катта. Аниқ ғоя бор, демак, «кўршапалаклар»да таркибга қўшилган янги футболчилар билан юқори поғоналарга чиқиш имконияти йўқ эмас.

- Суперкубок турниридан нималар кутяпсиз?

- Биринчи навбатда, «Барса» бор, кейин «Реал»... Муҳими, катта иштиёқ билан тайёрланяпмиз. Умид қиламанки, «Валенсия» билан финалда учрашамиз.

МУҲАММАДХОН тайёрлади