Душанба куни «Сити» ўзининг ғалабасини эълон қилди - суд қоидаларни ноқунуний деб топди ва лига ўзининг устун мавқеини суиистеъмол қилаётганини аниқлади.
АПЛ раҳбарияти суд натижаларига қуйидагича изоҳ берди: «Премьер-лига суднинг APT тизимининг умумий мақсадлари, тузилиши ва қарорлар қабул қилинишини тасдиқловчи хулосаларини олқишлайди. Суд умуман АРТ тизими зарурлигини тан олди ва «Манчестер Сити»нинг аксарият даъволарини рад этди. Бундан ташқари, суд ушбу қоидалар лиганинг молиявий назорати самарали бўлиши учун зарур деб топди.
Ушбу қарор APT қоидаларининг муҳим ва батафсил баҳосини ифодалайди, бу эса клубларнинг тегишли томонлар муносабатлари туфайли адолатли бозор қийматига (ФМВ) тўғри келмайдиган тижорат битимларидан ёки харажатларни камайтиришдан фойда кўра олмаслигини таъминлайди. Ушбу қоидалар лиганинг молиявий барқарорлиги, яхлитлиги ва рақобатбардош мувозанатини ҳимоя қилишнинг мустаҳкам механизмини таъминлаш учун киритилган.
Бироқ суд қоидаларнинг оз сонли алоҳида элементлари ҳозирги шаклда рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва оммавий ҳуқуқ талабларига мос келмаслигини аниқлади. Лига ва клублар ушбу элементларни тез ва самарали тарзда ҳал қилишлари мумкин. Айни пайтда Олий лига суд хулосаларини инобатга олган ҳолда мавжуд APT тизимидан фойдаланишда давом этади», - дейилади Премьер-лига хабарида.
Энди Манчестер шаҳри клуби АПЛдан компенсация талаб қилишни ўйлаяпти. Гап шундаки, ўтган йилнинг охирида «Манчестер Сити» Etihad билан янги келишувга эришганди ва Абу-Дабида жойлашган банк билан ҳамкорлик бўйича шартнома тузмоқчи эди. Иккала холатда ҳам АПЛ «Сити» талабини рад этган, суд эса ушбу қарорни «адолатсиз» деб топди. Маълумотларга кўра, «шаҳарликлар» ушбу иш бўйича харажат ва зарарларни тўлаб беришни сўрамоқчи. Агар бу иш амалга ошса, бошқа клублар ҳам шундай қилиши мумкин.
Яна бир гап, АПЛнинг бир қанча клублари «Сити» борасида қабул қилинган қарордан норози бўлишди. Журналист Бен Жейкобснинг сўзларига кўра, Премьер-лиганинг икки етакчи клуби «Арсенал» ва «Ливерпуль» «Манчестер Сити»нинг ғалабасидан норози бўлган. Бундан ташқари, «Борнмут» ва «Вест Хэм» ҳам норозилар қаторида эди, дея таъкидлайди манба.