«Скуадра»нинг аргентиналик топилмасими?

«Скуадра»нинг аргентиналик топилмасими?

Футболда бобоси юрти шарафини ҳимоя қилишга бел боғлаган аргентиналик Матео Ретеги Италия миллий жамоа­си либосидаги дастлабки 2та ўйинда ҳам гол уриб, кенг жамоатчилик назарига тушди.

Аргентинанинг Сан-Фернандо шаҳрида туғилган Матео бунга қадар ўз мамлакатининг U-19 ва U-20 тоифасидаги терма жамоаларида ўйнашга улгурганди. Йигитчанинг отаси Карлос Ретеги эса вақтида Аргентина хоккей терма жамоаси сафида 3та Олимпиадада иштирок этган. Қизиқ, Матео қанақасига бирдан Италия терма жамоасида пайдо бўлиб қолди?

Ҳаммаси оддий: кичик Ретеги она томондан бобоси Анжело ди Марконинг италия­лик эканлигидан фойдаланиб, тарихий ватани паспортини олишга қарор қилди. Маълум бўлишича, ди Марко Сицилияда туғилиб-ул­ғайган ва кейинчалик Аргентинага кўчиб кетган экан. CBS Sports маълумотига қараганда, ёш ҳужумчи ҳозирча ҳаттоки, итальян тилини ҳам  билмайди. Муҳими, бу камчилик даст­лабки баҳс­ларда унинг янги жамоадошлар билан тил топишиб ўйнашига монелик қилмади. Ҳар ҳолда, «мовий гвардия» либосидаги дастлабки 2та ўйин­да ҳам рақиб дарвозасини нишонга олди. Шу тариқа Матео «скуадра адзурра»даги фаолиятини қаторасига 2та ўйиндаги голлар билан бошлаган тарихдаги 4-футболчи бўлди.

Ҳужумчи айни пайт Аргентинанинг «Бока Хуниорс» клубига тегишли. Ҳа, Матео афсонавий Диего Армандо Марадонанинг қадрдон клуби ихтиёрида. Тўғри, Ретеги жорий мавсум «Тигре» клубида ижара муддатини ўтамоқда. Асосийси, у ҳозирга қадар барча мусобақалар доирасида 51 марта майдонга тушиб, 29та гол уришга улгурди. Умуман, Матео яқин орада клубини ҳам ўзгартирса, ажабмас. Бинобарин, аргентиналик итальянга «Атлетико» ва «Интер» каби Европанинг донгдор жамоалари бефарқ эмас. Қолаверса, 23 ёшли ҳужумчининг март ойи­да Англия термаси дарвозасини ишғол қилгани (иккинчи голини мальталикларга «улашди») унга нисбатан қизиқишни кескин ошириб юбориши та­йин. Аждодлари юрти шарафини муносиб ҳимоя қила бошлаган футболчининг қисқа вақт ичида катта эътибор қозониши эҳтимоли юқори ҳар ҳолда. Тўғри, Ретегининг биринчи голи Евро-2024 саралаш босқичи дастлабки турида «скуадра адзурра»га наф келтиргани йўқ, зеро, Англия миллий жамоаси бунга қадар 2та гол фарқи билан олдинга чиқиб олганди. Мальта термаси устидан қозонилган ғалаба эса «мовий гвардия» руҳия­тини кўтарганига шубҳа йўқ. 

Айтиш жоиз, Матео Ретегининг тезкор эффекти нафақат бош мураббий Роберто Манчини, балки Италия футболи раҳбариятини ҳам илҳомлантириб юборди, гўё. Хабарлар оқимига қарасак, итальянлар аргентиналик яна бир неча футболчини маҳаллийлаштириш хусусида ўйлай бошлашди ва мураббий ҳам бунга қарши эмас. Айни пайт Италия футбол федерацияси Николас Капальдо, Николас Валентини ва Хино Инфантино номзодини ўрганиб чиқмоқда. «Дунё жадал ўзгармоқда. Бошқа мамлакатда туғилган ва унинг ёшлар термаларида тўп сурган йигитларни ҳар қайси жамоа сафида кўриш оддий ҳолатга айланмоқда. Дейлик, Италия ёшлар терма жамоаларида ҳам шундай футболчилар ўйнаганлар. Фақат улар миллий жамоа даражасига кўтарилганларидан сўнг тарихий ватанлари шарафини ҳимоя қилишни маъқул топишган», - деди Роберто Манчини бу борада. Эҳтимол, футболдаги маҳаллийлаштириш жараёни Италия терма жамоаси учун тараққиётнинг янги йўналишидир. Буни вақт кўрсатади, албатта. Ҳозирча аниқ факт шуки, дастлабки 2та ўйинда майдондан голсиз чиқиб кетмаган аргентиналик итальян ўғлони ватандоши Пьерино Прати қайд этган натижани такрорлади. «Милан» афсонаси узоқ 1968 йили итальянлар учун ўйнашга қарор қилган ва дастлабки 2та ўйинда Болгария термаси дарвозасини нишонга олганди.

Д.АЛИМОВ тайёрлади