Шомуродов Италияда қолади!

Шомуродов Италияда қолади!

Элдор Шомуродов Италиядаги 3 йиллик фаолияти давомида, ниҳоят, ўзини қадрлайдиган мураббий қўл остида ўйнайдиган бўляпти.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардорининг «Рома»дан «А» серия дебютанти - «Кальяри» сафига кўчиб ўтиши ҳал бўлди, ҳисоб. Олдинда бугунга режалаштирилган тиббий кўрик ва шартнома имзолаш маросими қолди холос. «Кальяри» раҳбарияти клуб олдига катта вазифаларни қўйган. Жамоани бошқаришга Клаудио Раньери сингари машҳур мураббий таклиф этилгани ҳам шунга боғлиқ. Раньери бош мураббий сифатида Италия, Испания, Англия, Франция ва Греция чемпионатларида 20дан ортиқ жамоани бошқарган. Оддий жамоалардан тортиб, Европа футболининг грандларигача бўлган клубларда муваффақиятли иш юритган. Энг катта ютуғи - 2016 йили «Лестер Сити»ни Англия Премьер-лигаси чемпионига айлантиргани эътироф этилади.

«Рома» мураббийлар штаби режасига киритилмаган легионеримизга бир неча клубдан таклиф бўлганди. Хусусан, Грециянинг ПАОК, Россиянинг «Спартак» ва Туркиянинг «Галатасарой» клублари 28 ёшли форвардни ўз сафида кўришни истаганди. Шомуродов эса «А» серияда қолиш фикрида қатъий турди. Италия юқори дивизиони вакилларидан икки харидор чиқди. Аввалига «Лечче», кейинроқ «Кальяри» Элдорга оғиз солди. Музокараларда «Кальяри» устунлик қилди. Раньери жамоаси сардоримизни ижарага олиб, мавсум охирида 10 миллион еврога тўлиқ трансфер қилиш ҳуқуқини қўлга киритди. Бу ҳақда ишончли манба - La Gazzetta dello Sport нашри ахборот тарқатди.

«Кальяри» бош мураббийи Клаудио Раньери жамоанинг ҳужум чизиғини «А» серияга мослаб шакллантиришга алоҳида эътибор қаратди. Италиялик мутахассис «Сампдория» ҳужумчиси Маноло Габбьядини ҳамда «Реал» тарбияланувчиси Борха Майораль номзодларини ҳам кўриб чиқди. Шунга қарамай, «Кальяри» мураббийлар штаби ўзбек футболчисини танлади.

Айни пайтда эса Клаудио Раньери қўл остида икки нафар асосий марказий ҳужумчи бор. Улардан бири 34 ёшли Леонардо Повалетти Италиянинг турли лигаларида катта тажриба тўплаган. Умумий ҳисобда 430та учрашувда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини 141 маротаба ишғол қилган ва 22та ассист расмийлаштирган, Хусусан, Леонардо «А» серияда 195та ўйинда жами 60та тўп киритган ва 12та голли пас узатган.

33 ёшли Жанлука Лападула фаолияти давомида турли чемпионатларда тўп сурди. Умумий статистикасида клублар миқёсида 431та учрашувда майдонга тушиб, 182та гол ва 43та ассист муаллифи бўлгани қайд этилган. Лападула Италия юқори дивизионида 125та баҳсда 34та гол ва 8та ассистни амалга оширган. Шунингдек, Чили терма жамоаси ҳужумчиси сифатида 27 бор беллашувларда қатнашиб, ўз ҳисобига 9та гол ёздириб қўйган. Бу икки тажрибали футболчи фақат марказий ҳужумчи сифатида ўйнайди. Элдор Шомуродов улардан фарқли равишда ҳар икки қанотдан ҳужум қила олади.

Клуадио Раньери бу ҳужумчилар қаторига «Интер» вакили Гаэтано Ористаниони ҳам қўшиб олмоқчи. Италиялик мураббий режасига кўра, мана шу 4 футболчи янги мавсумда «Кальяри» ҳужум чизиғида фаолият кўрсатиши лозим.

Пўлатов Мухаммадхон

Involved in this affair, He trusts to you how the Dodo solemnly, rising to its feet, 'I move that.