Сон сифат билан уйғунлашмаса...

Сон сифат билан уйғунлашмаса...

«Футболиум» канали муаллифи, таниқли мутахассис Алишер Никимбаев доимгидек, футболимиз теварагидаги воқеликларга ўз ўрнида муносабат билдирмоқда.

Ҳамюртимиз жумладан, КОНКАКАФ «Олтин кубоги» турнирида ишлаш учун АҚШ сафарига чиқиши арафасида ЎФҲМнинг бизда VAR ҳакамлари сони ошгани ва ПФЛнинг ОФК лицензиялаш жараёнига доир хабарларига кескин оҳангда алоҳида тўхталди.

*** 

- Ўзбекистондаги айрим футбол тузилмалари раҳбарларининг янги авлоди учун одатий матн. Бу шундай янграйди: «Менгача ҳаммаси ёмон эди, келдим ва ишлар яхшиланди». Ҳакамлар маркази ташкил этилганидан буён VAR тизими ҳакамлари сони кўпайгани билан фахрланмоқда. Бунда асосий хизмат айнан марказга тегишли эканлигига ишора қилиняпти. Аммо шунинг баробарида лицензия Марказ томонидан берилмаслигини унутмоқда (ёки тан олишни хоҳламаяпти). ФИФА лицензиясини эса маълум инструкторлар олишган. Бизнинг ҳолатда Валентин Коваленко ва Владислав Цейтлин. Марказнинг бўлиш-бўлмаслиги VAR ҳакамлари сонига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди. Яна бир муаммо шуки, сон ҳар доим ҳам сифатни белгиламайди. Мана, VAR ҳакамлари кўпайди, аммо можароли ҳолат ва хатолар камайдими? Вазиятларни қайта кўриш вақти қисқардими? Ўзи бундай статистика борми? Ёки уни баҳам кўриш уятми? Умуман олганда, футболда интрига ва туҳмат билан ҳокимият тепасига кўтарилган янги авлод вакиллари тўлиқ собиқ иттифоқ мутасаддиларини эслатишяпти. Худди ўша кўзбўя­мачилик, қоғозбозлик, худди ўша лаганбардорлик, шов-шув...

***

- Мана, очко ўғирлашнинг яна бир мисоли: ОЧЛда иштирок этиш ҳуқуқини берувчи лицензиялар сони бўйича мамлакатларни ўзаро солиштириш. Бир қарашда, қойил қолишингиз мумкин. Бирданига шунча кўп профессионал клуб. Ҳаттоки, Хитой, Жанубий Корея ва Японияники қўшиб ҳисобланганидан ҳам кўпроқ. Аммо шошманг, ўша Японияда 1 йилча олдин ҳам 50тадан ортиқ лицензияланган клуб бор эди. Шунча жамоа қаерга кетди? Йўқ, ҳеч қаерга кетмади. Шунчаки, ОЧЛ мавсуми ўзгарди ва ҳозир Япония, Ж.Корея ва Хитойда миллий лигага лицензиялаш жараёни ОЧЛникидан фарқли вақтда ўтказилмоқда. Шунинг учун Япониядан атиги 4та клуб лицензияга ариза берди ва ҳаммаси олди. Ж.Кореяда эса 5та клуб «заявка» берган бўлса, 4таси ҳужжатга эга чиқди. «J»-лига ва «К»-лига учун лицензиялаш жараёни кузда бўлади. Бу мантиқий ҳам, чунки янги мавсум баҳорда бошланади. Айтганча, Ўзбекистондаги каби. Хўш, бизда навбатдаги мавсум учун лицензиялаш нега ҳозир ўтказилмоқда? Буни лицензия олиб, чемпионатдан чиқиб кетаётган «Турон»дан сўраш керак. Ёки лицензия ололмаган, қандайдир йўл билан мавсумнинг катта қисмини ортда қолдираётган «Сурхон»дан сўраш керак.