Стадиондаги даҳшатли ҳодиса оқибатида 120дан ошиқ киши ҳалок бўлди

Стадиондаги даҳшатли ҳодиса оқибатида 120дан ошиқ киши ҳалок бўлди

Индонезиянинг Маланг шаҳридаги стадионда юз берган тартибсизликлар натижасида камида 127 киши ҳалок бўлди, 200 га яқин киши жароҳат олган.

Индонезиянинг Маланг шаҳридаги футбол стадионида юз берган тартибсизликларда камида 127 киши ҳалок бўлиб, яна 200 га яқин одам жабрланди, деб хабар беради Британиянинг The Guardian газетаси ўз манбаларига таяниб. Ҳалок бўлганлар орасида икки нафар полиция ходими ҳам бор.

Тартибсизликлар футбол мусобақасида жамоалардан бири мағлуб бўлганидан кейин бошланган. Иккала жамоа мухлислари ҳам майдонга югуриб чиққан, улар орасида муштлашув бошланган. Полиция кўзни ёшлантирувчи газ қўллаган. Натижада стадионда саросима в аур-йиқит бошланган.  

Маланг Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи маълум қилишича, ўлимлар юзага келишига «тартибсизлик, катта сонли одамлар тўпланиши ва нафас қисиши» сабаб бўлган. Унинг сўзларига кўра, «120 дан ортиқ одам ҳалок бўлган», жабрланганлар сонига аниқлик киритилмоқда, уларнинг барчаси шаҳар касалхоналарига жойлаштирилган.

Таъкидланишича, футбол ўйини Арема ва Песебея клублари ўртасида бўлиб ўтган, улардан биринчиси 3:2 ҳисобида ютқазганидан кейин, мухлислар аламини олиш учун майдонга югуриб чиққан.

Элшинта радиостанцияси маълумотларига кўра, полиция ўт очган, дубинкалар қўллаган ва кўзни ёшлантирувчи газли гранаталар улоқтирган. Қурбонлар орасида аёллар ва болалар ҳам кўплиги айтилмоқда.