Статистика: Қандай юбилей кўрсаткичлар бор?

Статистика: Қандай юбилей кўрсаткичлар бор?

Мана, март ойи бошида старт олган ҳисоб бўйича XXXII миллий чемпионатимиз элит лигасида дастлабки қисқа танаффус юзага келди.

Ортда қолган 3та тур ўйинлари бу йил Суперлигада кураш янада кескинлашишига далолат бермоқда. «Нефтчи» ва «Бунёдкор»нинг дадил юриши давом этадими? «Сўғдиёна» ва «Турон» илк ғалабасини қачон нишонлайди? Бу каби саволлар ФИФА кунларидан кейинги турларга ҳавола, албатта. Ҳозирча эса танаффусдан фойдаланиб, статистика дафтарини очамиз ва баъзи юбилей натижалар ҳақида гаплашамиз.

КЛУБЛАР УЧУН ЮБИЛЕЙ МАРРАЛАР 

Бу йилги Суперлигада дебютант жамоа йўқлигини яхши биласиз. Яқин келажакда элит лигамизнинг янги иштирокчи ҳисобига бойиши эҳтимоли ҳам паст - яққол даъвогарнинг ўзи йўқ. Мавзуга қайтсак, 14та клубдан бири мавсумни кичик юбилейни нишонлаш билан бошлади. Гап Бекободда кечган 1-тур ўйинида «Металлург»ни 3:0 ҳисобида енгган «Нефтчи» ҳақида кетмоқда. Қисқасини айтганда, Фар­ғона жамоаси миллий чемпионат элит лигасида 1600та гол маррасини забт этди. Юбилей голга ўйиннинг 87-дақиқасида Умар Адҳамзода муаллифлик қилди. Қолаверса, «Нефтчи» 3-турга келиб, миллий чемпионатда тўплаган очколари сонини роппа-роса 1600тага етказиб қўйди. Виталий Левченко тузган қизиқарли жамоа бу маррани Зоминда «Сўғдиёна»га қарши баҳсда забт этди. 

Яна бир қатор клубларда мавсум давомида қайсидир юбилей маррага етиш учун реал имконият бор. Дейлик, «Навбаҳор» дастлабки турларда 1500-гол ва очкога нисбатан яқинлашди. Аниқроғи, Самвел Бабаян жамоа­си рақиблар дарвозасини яна 35 марта нишонга олса, миллий чемпионатимиз тарихидаги голлари сонини 1,5 мингга етказади. 1500-очкодан эса Наманган жамоасини 44та балл ажратиб турибди. «Сўғдиёна» олдида 3та реал марра бор. Биринчиси - 800-ўйин. Жиззахликлар Суперлигадаги яна 3та ўйиндан сўнг бу юбилейни нишонлашади. Иккинчиси - 1000-гол. «Сўғдиёна» бунинг учун рақиблар дарвозасига атиги 5 марта йўл топса, бас. Тўғри, жиззахликлар элит лига ҳисобидан 1000-очко йўлида кўпроқ тер тўкишлари керак. Бинобарин, ушбу юбилейни нишонлаш учун яна 37та очко зарур. Ёрқин Назаров жамоасининг дастлабки 3та турда атиги 1 очко ишлаганини ҳисобга олсак, бу марра анча олисдадек...

Суперлига-2023ни кутилганидан-да кўтаринкироқ бошлаган «Бунёдкор» 4-турдаёқ юқори дивизиондаги 450-ўйинига қадам ташлайди. Дарвоқе, «қалдирғочлар» худди «Нефтчи» каби битта юбилейни нишонлашга улгуришди. Яъни 2-турда ОКМК дарвозасига 800-голларини уришди. Унга ўйиннинг 26-дақиқасида Шоҳруҳ Абдураҳмонов муаллифлик қилди (биринчи гол). Суперлигага қайтган «Андижон»ни ҳам камтарин юбилей кутмоқда. Тўғри, водий клуби лига тарихида 900та очко маррасига етиш учун тезликни ошириши керак. Зеро, бунинг учун Александр Хомяков шогирдларидан яна 20та очко тўплаш талаб қилинади. «Металлург» олдида эса бу йил забт этилиши мумкин 4та юбилей кўрсаткич бор. Жумладан, бекободликлар яна 7 марта майдонга тушсалар, 250та ўйин марраси ортда қолади. 150-дурангдан эса жамоани атиги 3та «сулҳ» айириб турибди. Шунингдек, «Металлург» рақиблар дарвозасига яна 30 марта йўл топса, 900-голини расмийлаштиради, ўхшашликни қаранг, Луисма Эрнандес бошқараётган клубнинг чемпионатда 900та очко маррасидан ҳам айнан 30 балл айириб турибди. 

ОКМК дастлабки 3та турда 6 очко олди. Миржалол Қосимов дружинаси яна 30 очко ишласа, бу борада «600» маррасига етади. ОКМКда голлари сонини ҳам 600тага етказиш имконияти бор. Умуман, клуб бу юбилейга жуда яқин - яна 13та гол кифоя қилади. «Сурхон» ҳозирги ҳолатда миллий чемпионатнинг умумий турнир жадвалида 499та очкога эга. Демак, термизликлар навбатдаги ўйинлардаёқ юбилей - 500-очкони ўз ҳисобларига ёзиб қўйишади катта эҳтимол. «Сурхон»нинг жорий мавсум 500та ўйин маррасига етиши ҳам аниқ (ҳозирда бунинг учун 19та учрашув етмаяпти).

Суперлигада 2-мавсумини ўтказаётган икки клубда юбилейлар кўлами кичикроқ. Хусасан. «Олимпик» 50-ўйин (21та қолди), 50-очко (10та қолди) ва 50-гол (14та қолди) сари яқинлашмоқда. Қолаверса, кейинги 2та ютуқ «Олимпик» ҳисобига 9-10-ғалабалар сифатида ёзилади. «Турон» ҳам яна 21та ўйиндан сўнг 50талик маррага етади. Қолган 4та жамоа - «Пахтакор», «Насаф», «Қизилқум» ва «Бухоро» олдида эътиборга молик юбилей марралар йўқ ҳозирча.

 

ФУТБОЛЧИЛАР УЧУН ЮБИЛЕЙ  МАРРАЛАР

«Сўғдиёна»ни ҳамон ўз ортидан эргаштиришга уринаётган Жасур Ҳасанов тобора катта юбилей сари қадам ташламоқда. Фахрийликни тан олмаётган ярим ҳимоячи яна 8 марта майдонга тушса, элит лига ҳисобидан 500та ўйин маррасига етади. Чемпионат стартидан олдин Игнатий Нестеров бу юбилейга Жасурдан ҳам яқинроқ эди (493та ўйин). Бироқ у Суперлига «заявка»сидан четда қолди ва Ҳасанов олдинга ўтиб олишга ҳам улгурди. Эҳтимолки, Игнат ҳали Суперлигага қайтар ва 500талик довонни забт этар... Буни вақт кўрсатади. Чемпионат ҳисобидан 300та ўйин маррасига энг яқин футболчилар - Ислом Тўхтахўжаев (290та) ва Салим Мустафоев (283та) ҳам ҳозирда Суперлига доирасидан ташқарида. 

Умуман, дастлабки 3та турда 3 нафар футболчи 100та ўйин довонига етди. Булар - Ойбек Бозоров («Насаф»), Милан Митрович («Сўғдиёна») ва Шаҳбоз Жўрабеков («Навбаҳор»). Аниқроғи, «Навбаҳор»нинг янги вакили юбилейни 1-турда нишонлаб, кейинги 2та ўйинда майдонга тушмаган бўлса, «Сўғдиё­на» дарвозабони учун 2-тур баҳси «юмалоқ» рақамли бўлди. Сербиялик кипер энди 2-юзталикни майдалай бошлаганини ҳам айтиш ўринли. Ойбек Бозоровнинг юбилейи эса 3-турга тўғри келди. Чемпионат стартидан олдин 97та ўйинга эга бўлган ярим ҳимоячи бу маррани 3та турда ҳам майдонга тушгани эвазига забт этди. 

 

Суперлигада юбилей - 100-ўйинга яқин футболчилар 

Авазхон Маматхўжаев («Қизилқум») - 93та ўйин

Санжар Турсунов (ОКМК) - 93та ўйин

Нуриддин Ҳасанов («Сурхон») - 91та ўйин

Авазбек Ўлмасалиев («Бунёдкор») - 89та ўйин

Акбар Тўраев («Нефтчи») - 87та ўйин

Аброр Тошқўзиев («Металлург») - 85та ўйин

Суннатулла Абдуллажонов («Нефтчи») - 84та ўйин   Аббос Ғуломов («Нефтчи») - 84та ўйин

Шерзод Насруллаев («Насаф») - 80та ўйин

Фаррух Иброҳимов («Бухоро») - 75та ўйин

Суперлигада юбилей - 200-ўйинга яқин футболчилар

Қувондиқ Рўзиев («Турон») - 196та ўйин

Файзулла Қамбаров («Қизилқум») - 195та ўйин

Фозил Мусаев («Нефтчи») - 187та ўйин

Акрам Комилов (ОКМК) - 185та ўйин

Шоҳруз Норхонов («Навбаҳор») - 184та ўйин

Ихтиёр Тошпўлатов («Бухоро») - 183та ўйин

Бобур Йўлдошев («Сўғдиёна») - 179та ўйин

Жасур Ҳакимов («Бунёдкор») - 178та ўйин

Мурод Бобожонов («Нефтчи») - 176та ўйин

Фақат Суперлига клублари таркибидаги футболчилар натижасига қаралган.

Ушбу материални тайёрлашда тақдқиқотчи ва статист журналист Сергей КНЯЗЕВ тўплаган маълумотлардан фойдаланилди.