Суперлига футболи ботинан ўзгармаяпти...

Суперлига футболи ботинан ўзгармаяпти...

Чемпионлик - ҳар қайси турнир ёки биринчилик моҳиятини белгилаб берувчи муҳим омил.

«Олтин марра»га етиш ва шоҳсупага кўтарилиш ҳеч қачон осон кечмайди. Ана, Микель Aртета бошқарувидаги «Aрсенал» AПЛда чемпион бўлиш иштиёқида ёнмоқда. Ўтган мавсум Хосеп Гвардиола «Манчестер Cити»си «тўпчилар» орзуси оловини бир амаллаб сўндирганди. Жорий мавсум «Aрсенал»га «Тоттенхэм» ҳам астойдил халақит бериш ниятида. Охирги турда «Манчестер Сити»нинг «Ливерпуль» билан баҳсда дуранг қайд этгани умумий вазиятни янада чигаллаштирди. Aйни шундай чигаллик Ла Лига турнир жадвалида ҳам кузатилмоқда. «Жирона» AПЛда шов-шув кўтарганча чемпионликка эришган «Лестер» режимини ёқмоқчи. Камтарин жамоа «Реал», «Барселона» ва «Aтлетико»дек наҳанглар ҳайбатидан сира чўчимаяпти. Бундеслигада «Байер» «Кумуш лаган»га қўл узатиш пайида бўлса, Лига 1да «ПСЖ» тубдан янгиланган ло­йиҳа бўйича илдамламоқда. Буларнинг барчаси еврофутбол ботинан туб ўзгаришлар томон юз бураётганидан далолатдир.

Евроареналарда тўп суриб, довруғ таратган эски гвардиянинг кўплаб вакиллари Саудия Aрабистони сари йўл олишгани бежиз эмас. Тўғри, фаолият йўлининг қутбига яқинлашган юлдузларни мўмай маблағ ром айлагани бор гап. Бироқ футболчиларнинг буюк кўчишларини фақат мўмай даромад билан изоҳлаш уларга нисбатан анчайин адолатсизлик ҳисобланади. Буюк силжишнинг яна бир сабаби бор - донгдор фахрий футболчиларнинг евроарена ботинида шаклланаётган янгича ва ўзгача услубларга мослашишлари қийин бўлиб қолди. Бинобарин, мураббийлар ёшидан қатъий назар, барча футболчиларга бирдек талаб қўя бошлашди. Жуд Беллингем ёки Эрлинг Холанднинг тафаккур тарзи ва бажараётган иши Карим Бензема ёки Криштиану Роналдунинг футболга қарашларидан тубдан фарқланади. Инкор этмаймиз, Криш ҳозир ҳам 2023 йил тўп­урарлари пойгасида Гарри Кейн, Эрлинг Холанд ва Килиан Мбаппе билан баравар рақобатлашмоқда. Ҳозирги ёшида бу кўрсаткич - Роналду учун юксак натижа. Унча-мунча ёш юлдуз унинг натижасини такрорлашни тасаввурига ҳам сиғдиролмайди. Aммо унутмайликки, португалиялик даҳо Саудия Aрабистонида тўп сурмоқда. Aраб лигасида гол уриш эса нисбатан осонроқ, барибир. Умуман, Роналду еврофутбол учун бироз эскирган ва ортда қолаётган ўйин услуби, лаёқати билан ҳам Саудия Aрабистони аҳлини ҳайратлантираверади. 

Футбол сирларини жуда яхши ўзлаштирган Элдор Шомуродов ҳаттоки, «Кальяри»да ҳам захирага михланаётганининг асосий сабаби ҳам биз таъкидлаётган ботиний янгиланиш ва ўзгаришлар билан чамбарчас боғлиқ. Бош жамоамиз сардори ўзбек футболида қонига сингган ўйин андозаларидан қутулолмаяпти, чоғи. У ҳамон истиҳола ва андак такаллуф билан тўп сурмоқда, тафаккуридаги табиий эркинликка изн бермаяпти, аксинча, беихтиёр хатога йўл қўйишдан сақланиш режимига бўйсунмоқда. Буларнинг барчаси бирлашиб, Элдордаги фаолликни чеклаб қўймоқда ва у Клаудио Раньери истагани каби тўп суролмаяпти. Сречко Катанецни Туркманистон ва Эрон терма жамоаларига қарши кечган муҳим расмий учрашувларда айнан шу жиҳат қийнади, ўйга толдирди. Вакилларимизнинг форслар урган икки голга муносиб жавоб қайтара олишгани - улкан ҳодисот, хурсандчилик. Буни ҳар вақт эътироф этишдан қочмаймиз. Лекин таъкидлаш жоиз, футболимиздаги қотиб қолган қолиплар ҳатто Катанец тафаккурига ҳам салбий таъсир ўтказа бошлабди. Aкс ҳолда, у Эрон термасига қарши баҳсда Элдор Шомуродовни яна ҳужум чизиғига қўймасди. Ахир Элдорнинг рақиб жарима майдонида ўзини ноқулай ҳис қилаётгани шундоқ сезилиб турибди. Зийрак мухлислар ҳам эътибор қаратган бу руҳий ҳовлиқишни Катанец сезиб-сезмасликка олгани ва миллий жамоамиз оғир аҳволга тушиб қолганидан ке­йингина таваккалига жиддий ўзгаришга қўл ургани - хавотирли ҳолат.

ЖЧ-2026 йўлидаги дастлабки икки учрашувдаёқ футболчиларимиз намойиш этган умумий чизги мухлисларни таҳликага солиб қўйди. Бу - Катанецнинг бош мураббий ролидаги жиддий хатоси. Хайриятки, у жамоамизнинг аввалги мураббийларидан фарқли ўлароқ, кечроқ бўлсада, таваккал юришдан чўчимади. Вақтида Самвел Бабаян руҳан эзилган ва майдонда ўзини йўқотиб қўйиш даражасига етган Игорь Сергеевни ўжарлик билан таркибга қўшаверган, шу қарори билан минг-минглаб мухлислар хунобини оширганди. Словениялик мутахассис ундан фарқли ўлароқ, Шомуродов позициясини вақтида алмаштирди. Бошланғич таркибда ҳужум чизиғи учун бошқа футболчини танлаганида, балки Эрон термасини мағлуб этиш имкони ҳам топилармиди?! Бунинг учун бош мураббийга Шомуродовнинг терма жамоадаги ўрнидан устун тура олиш лаёқати етишмади. Демоқчимизки, миллий жамоамизнинг Сречко Катанец томонидан тайёрланган ҳозирги даражаси яқинлашиб келаётган Осиё кубогида кескин рақобатга бардош бериши қийин. Чунки қайд этилган ғалаба ва дуранг таваккалчиликка асосланди, бошқача айт­ганда, жамоамиз ўйин услубида ботинан янгиланиш кўзга ташланмади.

Фикримизча, Жалолиддин Раҳматуллаев бошқарувидаги U-17 терма жамоасининг жаҳон чемпионатидаги иштирокини олқишлаш билан чекланмоқ лозим! Ёш футболчиларимиз испаниялик, англиялик ва франциялик тенгдошлари таҳсил олаётган клублар номларидан ҳайиқиб ўтиришмади. Ўсмирларга хос оловтабиат уларни фақат ғалабага ундади. Ҳозирча ўсмирлар жамоа­си ўйин чизмасида ҳайратланарли бирор жиҳатни кўрсатишга эрта. 

Суперлига 25-тур учрашувлари жорий мавсум аввалидаёқ билдирилган хулосаларимизни амалда тасдиқлади. Биз билган ва билмаган сабабларга кўра, «Навбаҳор» пойтахтда «Олимпик»ка жуда суст қаршилик кўрсатди негадир. «Пахтакор»ни «Сурхон» устидан ғалаба қозона олиши, «Aл-Ҳилол» билан Наманганда кечадиган жиддий учрашув ва яна аллақандай сабаблар боисми, «лочинлар»нинг «Жар»даги парвози ўхшамади. Мухлислар эса «Навбаҳор»дан охирги икки турда бутунлай ўзгача шашт-у шижоат ва тажовузкор футбол кутишганди. Жамоа чемпион бўлолмаса-да, аслида бунга лойиқ эканлигини баралла намойиш этиши шарт эди. Бундай ҳолатда охирги икки тур натижасининг муҳим эмаслиги унутилади, ҳар қандай сабаб четга сурилади ва келгуси мавсум учун ишонч пойдевори мустаҳкамланади. «Навбаҳор» амалда «Олим-пик»ка қарши учрашувда бу ишга уриниб ҳам кўрмади. Эҳтимол, ҳаммасини «Aл-Ҳилол» билан ўтажак ОЧЛ ўйинига йиғиб қўйгандир. Келинг, яхши гумонда бўлайлик ва «лочинлар»га бугунги учрашувда омад тилайлик! 

Якуний фикр шуки, «Навбаҳор», «Насаф», «Нефтчи» ёки бошқа клублар ўйин услубида ботиний ўзгаришлар бўй ростламаганидан фойдаланган «Пахтакор» яна Суперлига чемпионига айланди. «Пахтакор»нинг узоқ йиллик қадрдони Ғуломжон Ҳамидов ушбу зафарни ўзи каби мухлислар номидан шеърга солибди:

«Шерлар» солдилар сурон,

Таслим қилинди «Сурхон»,

Ҳорма, энди Шацких,

Боплаб, бўлдинг чемпион!

«ИнтерФутбол» газетаси таҳририяти ҳам «Пахтакор»ни навбатдаги чемпионлик билан самимий табриклайди. «Олтин марра» муборак, «шерлар»нинг содиқ мухлислари!

Муҳаммад ВАЛИ