Шуҳрат Асланов: «Янги мавсумда янада кучлироқ бўлиб қайтамиз»

Шуҳрат Асланов: «Янги мавсумда янада кучлироқ бўлиб қайтамиз»

Қарши клуби матбуот хизмати жамоа президенти Шуҳрат Аслановнинг мавсум тугаши муносабати билан «Насаф» ҳамда «Севинч» футболчиларига йўллаган ташаккурномасини эълон қилди.

- 2022 йилги футбол мавсуми Қашқадарё футболи учун унутилмас ва ғалабали онларга бой бўлди. Мавсум бошида севимли жамоамиз «Насаф» ОЧЛ «плей-офф» босқичида Абу Дабининг «Банияс» клубини мағлуб этиб, гуруҳ босқичига йўлланмани қўлга киритди. Саудия Арабистони мезбонлик қилган гуруҳ ўйинларида ҳам «аждарлар» юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишди. Осиёнинг номдор жамоалари «Ал-Садд» (Қатар), «Ал-Файсали» (Саудия Арабистони), «Ал-Виҳдат» (Иордания) жамоаларига муносиб қаршилик кўрсатиб, жамоа ўз тарихида биринчи бор «плей-офф» йўлланмасини қўлга киритди. Жамоамизнинг халқаро ареналарда кўрсатган ажойиб ўйинлари натижасида Ўзбекистон жамоалари 2023-2024 йилларда 2}2 кўринишда квотага эга бўлди.

Халқаро майдонда муносиб иштирок этган йигитларимиз Ўзбекистон Суперлигаси ва Ўзбекистон Кубоги мусобақаларида ҳам барчамизни қувонтиришди. Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Кубоги финалида севимли жамоамиз «Навбаҳор» жамоасини 2:1 ҳисобида таслим этиб, ўз тарихида учинчи бор Ўзбекистон Кубогини қўлга киритди ва ОЧЛ-2023 гуруҳ босқичини кафолатлади. Жамоа Суперлиганинг сўнгги туригача чемпионлик учун курашди ва якунда ўн биринчи бор бронза медалларига эга чиқди.

Ўзбекистон миллий терма жамоасига ҳам «Насаф» жамоасининг 8 нафар футболчиси таклиф қилинди. Таклиф этилганлар орасида яна 2 нафар «Насаф» футбол мактаби тарбияланувчилари борлиги бизни қувонтиради. Бундан таш­қари бошқа ёш тоифасидаги терма жамоаларга ҳам «Насаф» ва «Севинч» тарбияланувчилари жалб этилмоқда. Шунинг ўзи ҳам биз тўғри йўлда эканлигимиздан далолатдир.

«Севинч» аёллар жамоаси ҳам қисқа танаффусдан сўнг ўз «тахт»ига қайтди. Қизларимиз аёллар чемпионатида чемпионликни ва Ўзбекистон Кубогини қўлга киритиб, олтин «дубль» қайд этишди. Улар ҳам кейинги мавсумда Осиё Чемпионлар Лигаси мусобақасида иштирок этадиган бўлишди.

Эркаклар ва аёллар ўртасидаги катта футбол мусобақаларидаги тўртта кубокнинг учтаси Қаршига келтирилди. Бу вилоятимиз футболи учун катта ютуқ дейиш мумкин.

Қўлга киритилган ютуқлар учун «Насаф ҳамда «Севинч» жамоалари мураббийлари ва футболчиларига, бу улкан ғалабаларни қўлга киритишда амалий ёрдам берган Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва «Ўзбекнефгаз» АЖ раҳбариятига ўз ташаккуримни изҳор этаман.

Ишонаманки, биз биргаликда бунданда юқори натижаларга эришамиз, янги мавсумда янада кучлироқ бўлиб қайтамиз. Чунки биз «Насаф»миз. «Насаф»га эса ўхшаши йўқ!

Шуҳрат Асланов, 

«Насаф» футбол клуби президенти