АНА, ХОЛОС! Тайрон, бу қандай аҳмоқлик?
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Амалдаги чемпион 10 январь куни Қибрайда машғулотларга киришади.
17-31 январь кунлари эса Туркияда йиғин олиб борилади. Режага кўра, «Пахтакор» Анталия шаҳрида 3та назорат ўйини ўтказади:
21 январь - «Тузла Сити» (Босния ва Герцеговина)га қарши
25 январь - «Александрия» (Украина)га қарши
30 январь - «Динамо» К. (Украина)га қарши
Янгиликларга келсак, «Пахтакор» 2 йиллик шартнома тузган Умар Адҳамзодани ПФЛда рўйхатдан ўтказди ва жамоа сардори Драган Черан билан ўртадаги келишув муддатини узайтирди. Унга кўра, сербиялик голеадор 2024 йил якунига қадар «шерлар» шарафини ҳимоя қилади. Шунингдек, «Олимпик»нинг икки вакили - Отабек Жўрақўзиев ва Абдурауф Бўриев янги мавсумни «Пахтакор»да бошлашлари мумкин. Тўғри, «Олимпик» раҳбарияти уларнинг кетишларини тақиқлаб қўйгани ҳақида ҳам маълумот бор. Ҳимоячи Фаррух Сайфиевнинг «Нефтчи» билан келишувга эришгани ҳақида хабарлар чиқди, лекин у ҳали бир тўхтамга келгани йўқ.
«НАСАФ»
Қарши клуби аввалги ҳафта бир қатор эътиборли трансферларни амалга оширди. Хусусан, бразилиялик 28 ёшли вингер Виктор да Сильва «Насаф» билан расман шартнома тузди. Фаолияти давомида Италиянинг «Кьево», «Пескара», «Брешия», «Терамо», «Перуджа», «Фермана», «Виртус Верона» клубларида тўп сурган ҳужумкор ярим ҳимоячи яқинда «Партизани» (Албания) билан хайрлашганди. Виктор бутун фаолиятида 277та ўйинда 72та гол ва 23та ассист тўплаган. Transfermarkt портали талқинига кўра, унинг трансфер баҳоси - 350 минг евро. Шунингдек, «Навбаҳор»нинг собиқ ҳужумчиси Зоран Марушич ҳам 1 йиллик битим асосида «Насаф» сафига қўшилди. Сербиялик футболчи ўтган мавсум Грузияда «Динамо» (Тбилиси)нинг 34та ўйинида 17та гол ва 4та ассист қайд этганини айтиш жоиз. «Насаф» таркибини тўлдирган яна бир янги футболчи - грузиялик 25 ёшли вингер Темур Чогадзе. 1 йиллик битимни расмийлаштирган ярим ҳимоячи бунга қадар Грузия, Украина ва Қозоғистон чемпионатларида ўйнаган. Чогадзе жумладан, ўтган мавсум «Шахтёр» (Қарағанда)нинг 25та ўйинида 7та гол ва 3та ассист тўплаган. «Насаф»га қайтган тажрибали ҳимоячи Игорь Голбан ҳам 1 йиллик шартнома остига имзо чекди. Аввалги мавсумлар «Навбаҳор»да ўйнаган футболчи 2016-2018 йиллар оралиғида Қарши клуби шарафини ҳимоя қилганди. 20 ёшли дарвозабон Бобур Каримов эса «Машъал» U-19 жамоасидан жалб этилди. Рўзиқул Бердиев жамоаси бундан ташқари, Марко Станоевич, Суҳроб Нуруллоев ва Жавоҳир Сиддиқов билан 1 йиллик янги келишувга эришди. Хабарларга қараганда, Туркманистон термаси ва «Ахал» клубининг 31 ёшли марказий ҳимоячиси Шоҳрат Союнов «Насаф» кўригида қатнашади. Катта эҳттимолки, қаршиликлар 2020 йили Малайзия чемпионатида ўйнаган туркман футболчисини Умар Эшмуродов ўрнига мўлжаллашмоқда.
«НАВБАҲОР»
Наманган клуби айни кунлар Туркиянинг Анталия шаҳрида шуғулланмоқда. Табиийки, йиғин режасидан назорат ўйинлари ҳам ўрин олган. «Навбаҳор» ҳозирча 8 нафар футболчи билан расман хайрлашди. Булар - дарвозабон Игнатий Нестеров, ҳимоячилар Шаҳбоз Жўрабеков, Даврон Ҳошимов, Игорь Голбан, ярим ҳимоячилар Остон Ўрунов, Жасур Яхшибоев, Дониёр Абдуманнопов ҳамда ҳужумчи Темурхўжа Абдухолиқов. Championat.asia сайти хабарига қараганда, ҳозирда эркин агент бўлиб турган 38 ёшли дарвозабон Александр Лобанов фаолиятини яна Самвел Бабаян қўл остида давом эттириши мумкин. Миллий жамоамизнинг собиқ кипери охирги 5 йил давомида «Металлург» шарафини ҳимоя қилганини айтиш жоиз. Яна бир хабар шуки, «Навбаҳор» раҳбарияти жамоанинг собиқ футболчилари - Хуршид Хўжаев ва Рустам Ашурматов олдидаги қарздорликни бартараф этди. Аммо таъкидланишича, энди ярим ҳимоячи Остон Ўрунов ва ёрдамчи мураббий Григорий Колосовский клуб устидан ЎФАга қарздорлик бўйича мурожаат қилишган. Қолаверса, «Навбаҳор» футзал, аёллар ва ўринбосарлар жамоалари вакиллари ҳамда ПФЛдан ҳам маълум миқдорда қарздор эканлиги айтилмоқда. Наманганлик мухлисларни қувонтирадиган хабар ҳам бор: «Нефтчи» эътиборида турган сербиялик Йован Жокич янги мавсумда ҳам «Навбаҳор» шарафини ҳимоя қиладиган бўлди. У шартномасини 1 йилга узайтирди.
ОКМК
Олмалиқликлар 3 январь куни қишки машғулотларни бошлашди. Миржалол Қосимов шогирдлари ҳозирда кунига 2 маҳал шуғулланишмоқда. ОКМК билан хайрлашган футболчилар анча кўп: дарвозабон Ботирали Эргашев, ҳимоячилар Анзур Исмоилов, Виталий Денисов, ярим ҳимоячилар Санжар Турсунов, Сияваш Хақназари, Муҳаммаданас Ҳасанов, ҳужумчилар Миржаҳон Мираҳмадов ва Мартин Боаке. Айтганча, «Пахтакор»га йўл олган дарвозабонлар мураббийи Павел Бугало ўрнини «Бунёдкор»нинг собиқ кипери Мурод Зуҳуров эгалласа керак. У бунга қадар айнан «Бунёдкор»да дарвозабонлар тайёргарлигига жавоб берган. Охирги хабарларга қараганда, ОКМК «Бунёдкор» сардори ва ҳимоячиси Авазбек Ўлмасалиевга қизиқмоқда.
«НЕФТЧИ»
Виталий Левченко бошқарувидаги жамоа 7 январь куни Туркияга жўнаб кетди. «Нефтчи» тахминан 1,5 ой Анталияда бўлиб, икки йиғин ўтказади.
«Нефтчи» делегацияси
Ижрочи-директор: Муҳаммадсолиҳ Абдусатторов
Бош мураббий: Виталий Левченко
Мураббийлар: Владимир Ежуров, Анвар Норқулов, Фаррух Бердиев, Лутфулла Тўраев
Футболчилар: Акбар Тўраев, Асрор Кенжаев, Санжар Қувватов, Муҳсин Убайдуллаев, Анвар Ғофуров, Жалолиддин Жумабоев, Мирзоҳид Ғофуров, Дониёр Валиев, Шоҳруҳ Ёқубжонов, Аббос Ғуломов, Ғуломҳайдар Ғуломов, Диёр Туропов, Жасур Жалолиддинов, Санжар Қодирқулов, Жавоҳир Қаҳрамонов, Муҳаммадали Холматов, Шоҳруз Норхонов, Билолхон Тошмирзаев, Муҳсин Бозоров, Беҳруз Облақулов.
«Нефтчи» сафар олдидан аввалги мавсум Ўзбекистон U-19 биринчилигида 29та гол уриб, бош тўпурарга айланган Беҳруз Облақулов («Машъал») ва ҳимоячи Жалолиддин Жумабоев («Локомотив»)ни ўз сафига қўшиб олди. Тажрибали ярим ҳимоячи Диёр Туропов эса 2 йиллик янги битим остига имзо чекди. Шунингдек, ёш иқтидор Муҳаммадали Холматов билан шартнома муддати 3 йилга узайтирилди.
Championat.asia сайти маълумотларига қараганда, «Нефтчи» грузиялик легионерлар - Бачана Арабули ва Гиорги Никабадзедан қарздор. Таъкидланишича, ҳар икки легионер бу борада ФИФАга шикоят ёзган. Бундан ташқари, австралиялик ҳимоячи Томислав Мрчела ҳам клубдан ҳақдор. Агар ФИФА белгилаган муддатда ўтган йилги қарздорлик бартараф этилмаса, «Нефтчи» Мрчелага ёзгача маош тўлашга мажбур бўлиши мумкин. Ушбу муаммоларга қарамай, Фарғона клуби айни пайт бир қатор футболчиларга жиддий қизиқмоқда. «Нефтчи» хусусан, Фаррух Сайфиев («Пахтакор»)ни ўз сафида кўрмоқчи. Жамоа яна ёзда «Пахтакор» билан шартномасини бекор қилган 32 ёшли Сардор Рашидов ва ОКМК билан хайрлашган дарвозабон Ботирали Эргашевга ҳам бефарқ эмас. Жанубий Кореяда ўйнаётган ярим ҳимоячи Икром Алибоев эса «Нефтчи» таклифини қабул қилгани йўқ (у корейслар юртида қоладиган бўлди). Олексий Ларин ва Шароф Муҳитдинов эса «Нефтчи»дан кетишди. Дарвозабон Владимир Назаров «Локомотив» сафини тўлдиришга мойил.
«СУРХОН»
Термиз жамоаси беларуслик ҳимоячи Артём Сокал ва россиялик ярим ҳимоячи Тамирлан Жамалутдинов билан хайрлашиб, «Металлург»дан таклиф этилган 19 ёшли ярим ҳимоячи Сарвар Абдуҳамидов билан шартнома тузди. 12 январь куни «Сурхон» делегацияси йиғин учун Туркияга йўл олади. Жамоа Слде шарҳидаги The Sense De Luxe Hotel меҳмонхонада истиқомат қилади. Бош мураббий Сергей Арслонов 9 февралгача бўладиган йиғин давомида бир қатор футболчиларни кўрикдан ўтказади. Айтганча, «Сурхон» матбуот хизмати Суперлига-2023 ўйинларида энг кўп масофа босиб ўтган жамоа футболчилари ҳақида маълумот тақдим этди:
1. Силванус Нимели - 270830 метр
2. Достон Турсунов - 270640 метр
3. Суннатуллоҳ Ҳамиджонов - 253625 метр
4. Ҳумоюн Шербўтаев - 253001 метр
5. Беҳруз Шайдулов - 238751 метр
«АНДИЖОН»
Андижонликлар 3 январь куни клуб қароргоҳида тўпланишди ва тиббий кўрикдан ўтишди. 2 кунлик машғулотлардан кейин эса жамоа Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрига йўл олди. Александр Хомяков шогирдлари у ерда 19 январгача шуғулланиб, 2та назорат ўйинида майдонга тушишади. Йиғинга U-21 жамоасидан бир қатор йигитлар жалб қилинган. Шартномаси ўз кучини йўқотган Иброҳим Ғанихонов, Бобур Фарҳодов, Сардор Абдунабиев ва Аббос Эргашбоев билан дўстона хайрлашилди. Албаниялик ҳужумчи Рубин Хебай эса ҳозирда асосан хориж клублари таклифини кўриб чиқмоқда. Кутилишича, у «Андижон»нинг Туркияда бўладиган йиғинида қатнашади ва молиявий томондан яхшироқ вариант топмаса, клубда қолади. Таъкидланишича, «Пахтакор»нинг Хебайга қизиқиши жиддий эмас.
«БУНЁДКОР»
«Бунёдкор»ни янги мавсумга хорватиялик мутахассислар тайёрлашлари расман тасдиқланди. Демак, УЕФА Pro лизенциясига эга бош мураббий Иван Бубалога Далибор Шилич (катта мураббий), Филип Зовко (мураббий), Томислав Ковач (жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий) ва Срдан Солдатович (дарвозабонлар мураббийи) ёрдам беришади. Бубало штаби навбатдаги йиғин олдидан футболчилар билан яқиндан танишиб чиқди. Таркибда ўзгаришлар ҳам етарли. Хусусан, катта футболга «Бунёдкор» ёшлар жамоасида қадам ташлаган ҳужумчи Темурхўжа Абдухолиқов 2 йиллик шартнома асосида «қалдирғочлар» сафига қайтди. ОКМКдан қайтган ҳужумчи Миржаҳон Мираҳмадов эса 1 йиллик битим остига имзо чекди. Жамоа улар ва «Турон»дан таклиф этилган ҳужумчи Рустам Азимов (бу футболчи 2 йиллик шартнома тузди)ни ПФЛда рўйхатдан ўтказишга ҳам улгурди. Ҳозирда «Бунёдкор» машғулотларида «Машъал»даги ўйинлари билан танилган 28 ёшли ҳимоячи Нажмиддин Нормуродов қатнашмоқда. Клуб яна дарвозабон Сарвар Каримов ва Сардор Раҳимов билан келишув муддатини тегишлича 2 ҳамда 3 йилга узайтирди. Қолаверса, ярим ҳимоячилар Расул Йўлдошев ва Билол Туплиевнинг янги мавсумни «Бунёдкор»да бошлашлари аниқ - улар ҳам янги битимга имзо чекишди.
«ОЛИМПИК»
Sports.uz журналисти Яҳёхўжа Улуғхўжаевнинг хабар беришича, Темур Кападзе Россия чемпионатида етарли амалиётсиз қолаётган Ҳусайн Норчаев («Алания»), Умарали Раҳмоналиев («Рубин») ва Иброҳимхалил Йўлдошев («Пари НН»)ни «Олимпик» сафида бирлаштирмоқчи. Умуман, Тошкент клуби раҳбарияти олимпия термасини жиддий мусобақа кутиб турганидан келиб чиқиб, бошқа жамоаларга кетишлари кутилган барча футболчиларни таркибда олиб қолмоқчи. Таъкидланишича, Абдурауф Бўриев, Иброҳим Ибрагимов, Отабек Жўрақўзиев каби йигитларнинг эҳтимолий трансфери тўхтатилган. Кутилишича, «Навбаҳор»нинг Туркиядаги йиғинида қатнашаётган Алишер Одилов ва Саидазамат Мирсаидов ҳам «Олимпик»ка қайтишади.
«МЕТАЛЛУРГ»
Бекобод жамоаси илк тайёргарлик жараёнини 10 январь куни бошлайди. Клуб қароргоҳида олиб бориладиган 1 ҳафталик машғулотлардан кейин йиғин Тошкентда давом эттирилади. «Металлург» пойтахтда бир қатор назорат ўйинлари ўтказиш бўйича келишиб олган. 31 январь куни эса «Металлург» Туркияга йўл олади. Жамоа ҳозирча 5 нафар янги футболчини ўз сафига қўшиб олди (черногориялик ҳужумчилар Марко Миличкович ва Бобан Жоржевич, тожикистонлик ҳимоячи Даврон Эргашев, дарвозабон Раҳим Давронов ҳамда ярим ҳимоячи Сирожиддин Қўзиев). Тошкентда яна бир қатор футболчилар кўрикдан ўтишади. «Металлург» шунингдек, Aкмал Ортиқов ва Забиҳилло Ўринбоев (1 йиллик), Искандар Шайқулов (2 йиллик), Руслан Монгольд ва Aли Рихсибоев (3 йиллик) билан шартнома муддатини узайтирди. Аксинча, дарвозабонлар Александр Лобанов, Владимир Вагин, ҳимоячилар Даниал Маҳини, Муҳаммадали Алиқулов, Миркомил Абдураззоқов, ярим ҳимоячилар Сардор Абдураимов ва Муҳаммадазиз Иброҳимов Бекобод клуби билан дўстона хайрлашишди.
«СЎҒДИЁНА»
Жиззах клуби 4 январь куни йиғинга киришди. Жамоа раҳбарияти ҳозирга қадар ҳимоячилар Ислом Қобилов ва Олег Зотеев («Локомотив»), беларуслик Алексей Носко («Бунёдкор»), Сардор Қулматов («Теренгану», Малайзия) ва черногориялик ҳужумчи Зоран Петрович («Петролул», Руминия) трансферини эълон қилди. «Сўғдиёна» яна «Олимпик»ка тегишли ҳужумчи Муҳаммадали Ғиёсовни сотиб олмоқчи. 4 йил давомида Жиззахда ўйнаган ярим ҳимоячи Аюбхон Нўъмонов эса эркин агентга айланди. Айтганча, «Сўғдиёна» билан хайрлашган Санжар Шоаҳмедов фаолиятини Малайзияда давом эттирса, ажабмас. У «Теренгану» ва «Кедаҳ» клубларидан аниқ таклиф олган. Тўғри, футболчининг ўзи Суперлигада қолиш ниятида.
«ҚИЗИЛҚУМ»
Навоий клуби легионерлар Акаки Шулая, Горги Кухианидзе ва Николай Тарасов билан ўртадаги шартнома муддатини 2024 йил охиригача узайтирди. «Навбаҳор» билан хайрлашган Шаҳбоз Жўрабеков ва 32 ёшли Жамолиддин Убайдуллаев эса 1 йиллик келишув асосида «Қизилқум» сафини тўлдиришди. 2019-2020 йиллар «Навбаҳор» шарафини ҳимоя қилган Тожикистон термаси вакили Амирбек Жўрабоев ҳам Нвоий клубида ўйнайди, чоғи. Малайзиянинг «Кедаҳ» клуби билан хайрлашган 27 ёшли ярим ҳимоячи Осиё кубоги-2023дан сўнг таркибга қўшилиши мумкин. «Қизилқум» яна ўтган мавсум «Нефтчи»да ўйнаган грузиялик ҳужумчи Гиорги Никабадзега кўз тикмоқда.
«ЛОКОМОТИВ»
Суперлига дебютанти трансферларда анча фаол. «Локомотив» охирги ҳафтада бир қатор футболчилар билан расман шартнома тузди. Жумладан, дарвозабон Суҳроб Султонов («Бунёдкор»), ҳимоячилар Анзур Исмоилов (ОКМК), Абдулазиз Абдурашидов («Турон»), Дилшод Комилов («Андижон»), ярим ҳимоячилар Санжар Турсунов (ОКМК), Иззатилла Абдуллаев («Нефтчи»), Сардор Абдунабиев («Андижон»), Муҳаммаданас Ҳасанов (ОКМК) ва ҳужумчи Жасур Ҳакимов («Бунёдкор») «темирйўлчи»га айланишди. Эслатма, Анзур Исмоилов, Муҳаммаданас Ҳасанов, Санжар Турсунов ва Дилшод Комилов олдин ҳам «Локо» сафида тўп суришган. Янги легионерлар ҳам бор: сербиялик бўйдор ҳимоячи Иван Рогач (охирги клуби - «Тобол») ва ярим ҳимоячи Дамьян Крайишник (охирги клуби - «Железничар»), черногориялик ҳужумчи Иван Булатович (охирги клуби - «Локомотива»).
«ДИНАМО»
Ҳисоб бўйича учинчи йиғинни 3 январь куни яна Тошкентда бошлаган «Динамо» пойтахтда 14-санагача шуғулланади. 17 январдан эса машғулотлар Дубайда давом эттирилади. Самарқанд жамоаси ҳозирча ганалик 25 ёшли ҳужумчи Эммануэль Ягр билан шартнома тузганини эълон қилди. Ўтган мавсум «Абдиш-Ота» сафида Қирғизистон чемпионатида тўпурар бўлган (23та ўйинда 13та гол) ва олтин медаль соҳибига айланган футболчи «Динамо» сафига эркин агент мақомида қўшилди. 1 йиллик битим асосида Самарқанд жамоаси аъзосига айланган грузиялик марказий ҳимоячи Антон Толордава (27 ёш) аввалги мавсум Қозоғистоннинг «Шахтёр» клуби сафида тўп сурган (23та ўйинда 2та). Самарқанд футболи тарбияланувчиси, охирги 2 мавсумни «Металлург»да ўтказган 25 ёшли ярим ҳимоячи Дамир Темиров эса «Динамо» билан 2 йиллик шартнома тузди. У 2020 йили клубнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилганди. Вадим Абрамов жамоаси шунингдек, бунгача кўрикда бўлган 20 ёшли ярим ҳимоячи Хислат Халилов («Сўғдиёна») билан ҳам 2 йиллик битимни расмийлаштирди. «Бунёдкор» тарбияланувчиси ҳисобланган ярим ҳимоячи Фаррух Икромов эса 1 йиллик ҳамкорлик бўйича келишувга эришди. Про лига-2023нинг энг яхши тўпурари Анвар Ҳожимирзаев («Қўқон-1912»нинг 20та ўйинида 16та гол) ҳам фаолиятини Самарқандда давом эттиради. Ярим ҳимоя ва ҳужумда бир хил ўйнайдиган 29 ёшли футболчи 1 йиллик шартномага имзо қўйди. «Динамо» энди «Металлург» вакили Ҳусниддин Ғофуров хизматига ҳам қизиқмоқда. Ярим ҳимоячи Мурод Тошматов эса жамоадан кетди.
«ТУРОН»
Суперлигадан тушиб кетган «Турон» раҳбарияти бош мураббий Ёрқин Назаров билан тузилган шартномани бекор қилди. Томонлар 2023 йилнинг 1 июль куни мавсум-2024 якунигача мўлжалланган битимни расмийлаштиришганди. Таъкидланишича, клуб ва мураббий ўзаро розилик асосида ҳамкорликни тўхтатди.
«БУХОРО»
«Бухоро» билан хайрлашган ярим ҳимоячи Дилшод Жўраев фаолиятини хорижда давом эттириши мумкин. Маълум бўлишича, унинг олдида Россия қуйи дивизионига йўол олиш варианти бор.
«ҚЎҚОН-1912»
Янги мавсумда Суперлига йўлланмасини қўлга киритишни мақсад қилган «Қўқон-1912» 5 январдан машғулотларни бошлади. Муҳсин Низомиддинов шогирдлари ҳозирча Учкўприкдаги «Марказий» стадионида шуғулланишмоқда. Жамоа бугунга қадар шартномаси тугаган 7 нафар футболчи билан хайрлашди: Азамат Исроилов, Анвар Ҳожимирзаев, Жасур Ўринов, Низомиддин Зиёвуддинов, Абдужалил Маназаров, Абдухолиқ Қурбонов ва Авазхон Маматхўжаев. Айни кунлар Қўқондаги «Марказий» стадионида таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Майдон чими тўлиқ олиб ташланди. Энди янги дренаж ва автоматик суғориш тизими ўрнатилади. Март ойи бошида эса сифатли чим уруғи сепилади. Хуллас, майдон тайёр бўлгунича «Қўқон-1912» Про лига биринчи давраси доирасидаги уй ўйинларини Яйпандаги «Ўзбекистон» стадионида ўтказади. Дарвоқе, жамоа сардори Бобур Акбаров шартномаси муддатини 1 йилга узайтирди. Демак, ҳимоя чизиғи етакчиси янги мавсумда ҳам «Қўқон-1912»да қолади.
«МАШЪАЛ»
Муборак клуби ҳам ўз қароргоҳида тайёргарлик жараёнига киришди. «Машъал» матбуот хизмати маълумотига кўра, 12 нафар футболчи (Зафар Акрамов, Анвар Жўраев, Худоёрхон Саъдуллаев, Андро Гиоргадзе, Отар Жавашвили, Шота Гвазава, Шарофиддин Шобиров, Иброҳим Нўъмонов, Саидмаҳмуд Ғуломов, Муҳриддин Шамсиддинов, Асадбек Исмоилбоев, Руслан Юлмуҳаммедов) жамоадан кетди. «Машъал» раҳбарияти номзодларни кўриб чиқмоқда. Муборакликлар жумладан, клуб тарбияланувчиси - ҳужумчи Ҳумоюн Муртазоевни ортга қайтармоқчилар. «Турон» билан хайрлашган 32 ёшли ҳужумчи ҳозир «Машъал» машғулотларида қатнашмоқда.
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Яқинда «Манчестер Сити» ҳужумчиси Эрлинг Холанд жамоаси учун 100-голини ҳадя этиб, жаҳон миқесидаги тенгсиз натижани қайд этди - бунинг учун тўпурарга 105та ўйин етарли бўлди.
Англия ёшлар терма жамоасининг собиқ мураббийи бу футболчининг салоҳияти Фил Фоден ва Коул Палмерникидан кам эмаслигини таъкидлади.
Introduction about the author of this blog
Адрес
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Телефон
+(123) 345-6789