Тараддуд: Жамоаларимизда назорат ўйинлари...

Тараддуд: Жамоаларимизда назорат ўйинлари...

Амалдаги чемпион аввалги ҳафта йиғин учун Туркияга йўл олди. Бош мураббий Максим Шацких 13-27 январь кунлари Анталияда олиб бориладиган машғулотларга 28 нафар футболчини жалб этди.

«Пахтакор» таркиби
Дарвозабонлар: Элдор Суюнов, Санжар Қувватов, Отабек Боймуродов, Никита Шевченко
Ҳимоячилар: Ҳожиакбар Алижонов, Фаррух Сайфиев, Шаҳзод Азмиддинов, Абубакр Ашуров, Дилшод Саитов, Достон Турсунов, Муҳаммадқодир Ҳамроалиев, Суннат Поёнов, Кирилл Тодоров
Ярим ҳимоячилар: Драган Черан, Диёр Холматов, Аббос Файзуллаев, Муҳаммад­али Ўринбоев, Достон Ҳамдамов, Беҳруз Асқаров, Шаҳриёр Жабборов, Гиорги Папава, Одил Ҳамробеков, Сардор Собирхўжаев, Шаҳзод Раҳматуллаев, Азиз Турғунбоев 
Ҳужумчилар: Пшемислав Банашак, Пўлатхўжа Холдорхонов, Рустам Турдимуродов

«Пахтакор» мазкур йиғин давомида 3та назорат ўйинида майдонга тушади:

16 январь (кеча) - «Днепр-1» (Украина)га қарши

20 январь - «Вадуц» (Лихтенштейн)га қарши

26 январь - «Младость ГАТ» (Сербия)га қарши

Аввалги мавсум «Пахтакор»да ўйнаган ҳимоячи Илия Мартинович фаолиятини Босния ва Герцеговина чемпионати вакили «Сараево» таркибида давом эттиради. У пойтахт жамоасига июль ойида «Черноморец» (Украина)дан келганди. 28 ёшли футболчи «шерлар» либосида 7 марта майдонга тушиб, якунда Ўзбекистон чемпиони бўлди.

 

«НАВБАҲОР» 

Наманган клубига дахлдор энг катта янгилик - бу тажрибали ҳужумчи Темурхўжа Абдухолиқовнинг сафга қўшилгани. 1991 йилнинг 25 сентябрь куни Тошкентда туғилган ҳужумчи ўтган мавсум «Қизилқум» шарафини ҳимоя қилганди: жами 28та ўйин (2402 дақиқа), 15та гол ва 3та самарали узатма. Умуман, Абдухолиқов фаолияти давомида «Бунёдкор», «Пахтакор», «Хайдук» (Хорватия), «Локомотив», «Ал-Сайлия» (Қатар), «Хорфаккан» (БАА) клубларида ўйнаган. 31 ёшли голеадорнинг Ўзбекистон миллий жамоасидаги статистикаси: 18та ўйин, 3та гол. 3 марта Ўзбекистон чемпиони бўлган Темурхўжа яна 2 марта мамлакат кубогини қўлга киритган. 2016 йилги мавсумда эса «Локомотив» сафида 22та гол уриб, чемпионат бош тўпурари бўлганди. «Навбаҳор» билан расман шартнома тузган ҳужумчи ўтган ҳафтадаёқ жамоанинг Анталияда давом этаётган машғулотларига қўшилди. «Лочинлар» Туркиядаги дастлабки назорат ўйинини «Радник» (Сербия)га қарши ўтказиб, 0:1 ҳисобида ютқазишди. Самвел Бабаян шу куни икки бўлимда икки хил таркибга таянди. 

«Навбаҳор» - «Радник (Сербия) - 0:1
Фойдаланилмаган пенальти: Фаррух Икромов.
«Навбаҳор» (бошланғич таркиб): Ўткир Юсупов, Лука Чермель, Иброҳим Йўлдошев, Игорь Голбан, Даврон Ҳошимов, Жамшид Искандеров, Остон Ўрунов, Йован Жокич, Асадбек Собиржонов, Аброр Исмоилов, Шоҳруз Норхонов.
Ҳозирча Туркиядаги икки босқичли йиғинда «Навбаҳор»га спарринг-рақиб бўладиган яна 3та жамоа маълум: 
20 январь  - «Пари НН» (Россия)га қарши
28 январь - «Семтември» (Болгария)га қарши
1 февраль - «Рубин» (Россия)га қарши

Дарвоқе, «Навбаҳор» мураббийлар штабида янги мутахассис иш бошлади. Бу - сербия­лик жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий Алекс Бошкович. 1993 йилнинг 10 май куни Белград шаҳрида туғилган мутахассис фаолияти давомида «Металак» (Сербия), «Нанкин Сити» (Хитой), «Ал-Батин» (Саудия Арабистони), «Казма СК» (Қувайт), «Виста» (Россия) ва «Ботев» (Болгария) клубларида ишлаган. Бундан ташқари, Германиянинг «Айн­трахт» клубида Catapult мутахассиси сифатида фаолият юритган.

 

«НАСАФ» 

13 январь куни «Насаф» Қаршидаги йиғини доирасида иккига бўлинган ҳолда назорат учрашуви ташкил этди. Унда дастлаб «оқлар» сафида тўп сурган Бобур Абдухолиқов ҳисобни очди, «кўклар»дан Матеус Лима Круз тўпни боши билан дарвозага жойлаб, мувозанатни тиклади. Иккинчи бўлимда эса Ҳусниддин Алиқулов пенальтидан гол уриб, шартли «оқлар» жамоаси ғалабасини таъминлади - 2:1. Қаршиликлар 26 январгача Қаршида шуғулланишади ва эртасига Туркияга учиб кетишади. Таркибда янгилик ҳам бор: ўнг қанот ҳимоячиси Шуҳрат Муҳаммадиев «Насаф»га қайтиб, 1 йиллик шартномага имзо чекди. Бу футболчи 2013-2016 йиллар «аждарлар» билан 4 марта бронза медали, 1 мартадан Ўзбекистон кубоги ва суперкубогини қўлга киритганди. Муҳаммадиев шундан сўнг «Локомотив» ва «Қизилқум» жамоаларида ўйнади.

 

 

АГМК 

Олмалиқ клуби дастлабки хориж йиғини учун БААнинг Дубай шаҳрига йўл олди. У ерда 2 ҳафта (15 - 29 январь) шуғулланадиган АГМК 4та назорат ўйинида майдонга тушишни режалаштирган. Ҳозирча ўйинларнинг аниқ санаси ва спарринг-рақиблар ҳақида маълумот берилмади. Эслатма, Миржалол Қосимов жамоаси ўтган мавсум Суперлигада 4-ўринни банд этиб, ОЧЛда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритганди.

 

«ҚИЗИЛҚУМ»

Навоий жамоасини янги мавсумда Асрор Алиқулов бошқариши расман ўз тасдиғини топди. «Қизилқум» расмий баёнотида унинг бош мураббий лавозимига тайинлангани ҳақида хабар берилди. Алиқулов фаолияти давомида «Шўртан» (2017-2018 йилларда мураббий ва 2020-2021 йилларда бош мураббий) ва «Машъал» (2018-2019 йиллар)да ишлаган. Собиқ ҳимоячи футболчилик даври Ўзбекис­тон чемпионати ва кубогида 5 мартадан зафар қучган, шунингдек, миллий жамоамиз сафида 60тадан ортиқ ўйин ўтказган.

Аввалги мавсум «Қўқон-1912» ўйнаган ҳимоячи Илҳом Ваҳобов ҳам «Қизилқум» билан 1 йиллик шартнома тузди. Айрим хабарларга қараганда, мавсум-2022нинг иккинчи ярмида Навоий жамоаси шарафини ҳимоя қилган Дилшод Жўраев фаолиятини Арманистонда давом эттириши мумкин. 30 ёшли хавбек хизматига мамлакатнинг 4 карра чемпиони - «Алашкерт» (Ереван) қизиқмоқда. Таъкидланишича, ҳозирда тажрибали футболчи музокара олиб бормоқда. Қолаверса, «Қизилқум» билан шартномаси тугаган Бобур Йўлдошев «Нефтчи» ва «Бухоро»дан чорлов олгани айтилмоқда. Лекин Навоий клуби ҳам футболчини олиб қолиш масаласида ҳаракат бошлади. 

«ОЛИМПИК»

«Олимпик»нинг асосий ҳимоячиларидан бири Муҳаммадқодир Ҳамроалиев «Пахтакор» билан хориж йиғинига жўнаб кетди. Олдинроқ 21 ёшли ҳимоячининг «шерлар» машғулотларига қўшилгани ҳақида хабар берилганди. Маълумот учун, Ҳамроалиев ўтган мавсум Суперлиганинг 25та ўйинида майдонга тушиб, 3та гол ва 1та ассист қайд этганди.

 

«СЎҒДИЁНА»

«Сўғдиёна» аввалги ҳафта давомида бир қатор футболчилар билан шарт­нома тузди. Жумладан, фаолияти давомида АГМК, «Локомотив», «Ал-Сайлия», «Терангану» ва «Қизилқум»да тўп сурган тажрибали ярим ҳимоячи Санжар Шоаҳмедов 1 йиллик шартнома асосида Жиззах жамоаси таркибига қўшилди. Қолаверса, ярим ҳимоячи Даниэль Насриддинов жамоа билан келишуви муддатини 2023 йилнинг 1 декабригача узайтирди. Яна 3 нафар янги футболчи бор: Улуғбек Абдуллаев («Сурхон»), Муҳаммад Йўлдошев («Машъал») ва Алишер Салимов («Локомотив»). Бунга қадар «Бунёдкор-фарм» ва «Бунёдкор» клубларида ҳам ўйнаган Абдуллаев 1 йиллик шартнома остига имзо чекди. «Андижон» - «Машъал» йўналиши орқали «Сўғдиёна»га қайтган ҳимоячи Йўлдошев билан ҳам 1 йиллик битим расмийлаштирилди. Аввалги мавсум «Локомотив»нинг 20та ўйинида қатнашган ҳимоячи Салимов билан эса 2 йиллик шартнома тузилди. Бу футболчи фаолияти давомида «Пахтакор» ва «Сурхон»да ҳам ўйнаган.

Ҳозирда «Сўғдиёна»нинг Тошкентдаги йиғинида босниялик икки футболчи қатнашмоқда. Булар — марказий ҳимоячи Тарик Исич ва ҳужумчи Женан Зажмович. 1994 йилда туғилган Исич бунга қадар ўз мамлакатида «Турбина», «Радник», «Каплина», «Олимпик», «Челик Зенича», шунингдек, «Перак» (Малайзия) ва «Кукеси» (Албания) жамоаларида ўйнаган. 1994 йили Бельгияда туғилган Зажмович эса Сербиянинг «Радник» клубидан таклиф этилди. У Хорватиянинг «Локомотив», «Сесвете», Босниянинг «Травник», «Железничар» ва «Велез Мостар» жамоалари либосида ҳаракатланган. Transfermarkt портали маълумотига кўра, «Сўғдиёна» ҳар икки легионерни ўз сафига қўшиб олган. Лекин Жиззах клуби ҳозирча бу трансферларни расман тасдиқлагани йўқ.

 

«БУНЁДКОР»

Тошкент клуби раҳбариятида жиддий ўзгаришлар кузатилди. Жумладан, «Бунёдкор» бош директори Азиз Ҳайдаров лавозимидан озод этилди. Ўтган йилнинг 28 июнь куни клуб академияси раҳбари сифатида иш бошлаган Ҳайдаров 10 сентябрда директор лавозимига тайинланган эди. Бунинг ортидан бош мураббий Иван Бошкович ҳам жамоадан кетмоқчи. Қолаверса, академия раҳбари Ислом Аҳмедов ишдан олинди, матбуот котиби ҳам. Айрим хабарларга қараганда, «Бунёдкор» айни пайт «Андижон»да ишлаётган жамоанинг собиқ бош директори Улуғбек Мирзаевни ортга қайтармоқчи. Хуллас, «Бунёдкор»­нинг Абу-Даби йиғинига Ҳикмат Ҳошимов ва Абдуҳамид Қодиров раҳбарлигида йўл олгани айтилмоқда. 

«Бунёдкор» делегацияси

Бош маъмур: Шоазиз Шоғиёсов

Мураббийлар: Абдуҳамид Қодиров, Ҳикмат Ҳошимов, Мурод Зуҳуров

Таҳлилчи: Акбар Дадашев

Футболчилар: Суҳроб Султонов, Ислом Асролов, Муҳаммадюсуф Собиров, Авазбек Ўлмасалиев, Даврон Эргашев, Александр Зевадинов, Муҳаммадодил Қаҳрамонов, Жасур Ёқубов, Наримон Аҳмаджонов, Акбар Исматуллаев, Диёр Жалолиддинов, Суҳроб Иззатов, Расул Йўлдошев, Муҳаммадсафо Фозилов, Билол Туплиев, Музаффар Олимжонов, Шерзод Мирзажонов, Муҳаммадайюб Омонов, Оллоберган Каримов, Абдуллоҳ Омоналиев, Игорь Иванович, Азиз Тўл­қинбеков, Фарҳод Ўткиров, Жасур Ҳакимов, Усмонали Исмоналиев, Умид Султонов.

«Бун­ёдкор»нинг Абу-Дабида жами 4та назорат учрашуви ўтказишни режага киритгани маълум.

16 январь (кеча) - «Ал-Ваҳда» (БАА)га қарши

18 январь - «Локомотив» (Россия)га қарши

21 январь - «Ростов» (Россия)га қарши

24 январь - «Краснодар» (Россия)га қарши

 

«МЕТАЛЛУРГ»

«Металлург» ҳам тайёргарлик жараёнининг иккинчи босқичига киришди. 9 январь куни Испаниядан мураббийлар ва Сербиядан легионерлар қайтишди. Олдин хабар берилганидек, Бекобод клуби ушбу йиғини давомида 2та назорат учрашувида майдонга тушади. Спарринг-рақиблар - «Локомотив» ва «Динамо». Дарвоқе, ўтган мавсум «Сурхон»да жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий сифатида фаолият кўрсатган ва 26-тур учрашувида жамоани майдонга бошлаб тушган испаниялик Карлос Хименес ҳозирда «Металлург» штабида ишламоқда. 

 

«НЕФТЧИ»

Фарғона клуби Лара шаҳарчаси- (Анталия)да ташкиллаштирилган йиғинни режа асосида давом эттирмоқда. Виталий Левченко шогирдлари у ерда 2та назорат ўйинида майдонга тушишга улгуришди. Польшанинг «Висла» ва Венгрия­нинг «Дебрецен» клубларига қарши кечган ҳар икки баҳсда ҳисоб очилмади. Айтганча, биринчи учрашув ноқулай об-ҳаво шароити туфайли 85-дақиқада тўхтатилди.

11 январь

«Висла» (Польша) - Нефтчи - 0:0

«Нефтчи»: Р.Мисяк, М.Убайдуллаев, А.Ларин, А.Мишенко, Ю.Батюшин, У.Адҳамзода, А.Ғуломов, Д.Туропов, Н.Тўхтасинов, О.Шаркич, Р.Муртазаев.

Захирадан майдонга тушганлар: Д.Валиев, Т.Табатадзе, З.Жўрабоев, Н.Неъматхонов, С.Абдуллажонов, А.Олимов, И.Абдуллаев, М.Ғофуров, У.Ҳошимов.

15 январь 

«Нефтчи» - «Дебрецен» (Венгрия) - 0:0

«Нефтчи»: А.Тўраев, А.Ғофуров, А.Ларин, З.Жўрабоев, М.Ғофуров, А.Ғуломов, Ю.Бат­ю­шин, А.Олимов, Д.Туропов, У.Ҳошимов, Т.Табатадзе.

Захира: Ш.Раҳмонов, Р.Мисяк, А.Мишенко, Р.Рўзиев, Н.Неъматхонов, У.Адҳамзода, Д.Валиев, Ф.Муҳаммадов, И.Абдуллаев, Р.Муртазаев, О.Шаркич.

Жамоада жиддий йўқотиш ҳам бор: тажрибали ярим ҳимоячи Лутфулла Тўраев маш­ғулотлар жараёнида жарроҳатланди. Истанбул шаҳрида малакали мутахассислар қўйган ташхисга кўра, футболчининг оёқ пайларига чўзилгани аниқланди ва у операция столига ётди. Маълум бўлишича, Лутфулла Тўраевнинг тикланиш жараёни чамаси 3-4 ой давом этади. 

«Нефтчи»нинг 1 февраль куни Болгария чемпионати турнир жадвалида 13-ўринда бораётган «Семтември» клуби билан ўйнаши маълум. Таркибдаги янгиликларга келсак, украиналик 31 ёшли дарвозабон Роман Мисяк кўрикда қатнашмоқда. Охирги мавсум Украи­нанинг «Десна» клубида ўйнаган кипер айни пайт эркин агент саналади. 

 

«АНДИЖОН»

«Андижон» етакчиларидан бири - сербиялик Владимир Бубанья клуб ихтиёрига қайтиб, Дукент йиғинига қўшилди. Ҳимоячи ўтган йили Про лиганинг 25та ўйинида майдонга тушиб, 3та гол урганди. Янгиликка келсак, «Андижон» U-19 жамоаси маҳаллий мураббий Ислом Аҳмедов етакчилигида тайёргарликка киришди. 36 ёшли мутахассис футболчи сифатида «Андижон»да ҳам тўп сурган. У бунга қадар Андижон вилоят болалар ва ўсмирлар футбол академиясида ишлаш орқали кўзга ташланди. Яъни Ислом Аҳмедов бошчилигидаги жамоалар Ўзбекистон биринчиликларида ҳамиша совриндорлар қаторидан жой олишди, айни пайт бир қатор шогирдлари Ўзбекис­тон ўсмирлар термасига номзод саналишади. Ўтган йили U-19 жамоаси 3-ўринни эгаллашини таъминлаган Лутфулло Мажидов эса U-21 таркиби бошқарувини қўлга олгани ҳақида олдинроқ хабар берилганди. 

Андижон футболига дахлдор яна бир хабар шуки, «Андижон-II» клубининг номи ўзгарди. Эндиликда бу жамоа расман «Андижон-SGS» деб юритилади. 

«БУХОРО»

Шу пайтга қадар «Олимпик» U-19 жамоасида ишлаб келган «Нефтчи» афсонаси Акмал Холматов «Бухоро» мураббийлар штабига қўшилди. Хабарларга қараганда, у жамоада жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий сифатида ишлайди. «Бухоро»нинг тайёргарлик жараёнига келсак, Тошкентдаги йиғин эртароқ якунланди. Аслида Ҳаким Фузайлов пойтахтда 16 январь (кеча)гача шуғулланишни режалаштирганди. Аммо ноқулай об-ҳаво шароити туфайли мураббийлар штаби машғулотларни 1 кун олдин якунлашни лозим топди. «Бухоро» матбуот хизмати хабарига кўра, энди футболчилар 4 кунлик таътилдан кейин Бухорода тўпланишади.

 

«ТУРОН»

Суперлига дебютанти ўз таркибини кучайтириш ҳаракатида ҳамон. Аввалги ҳафта ҳам бир қатор футболчилар билан расман шартнома тузилди. Жумладан, 2003 йилда туғилган иқтидорли дарвозабон Ҳумоюншоҳ Сайётов 2 йиллик битим остига имзо чекди. «Металлург»дан таклиф этилган Сайётов Ўзбекистон U-20 термаси аъзоси ҳисобланади. Бахтиёр Ашурматов жамоаси шунингдек, сербия­лик қанот ҳужумчиси Душан Стоилкович трансферини эълон қилди. Фаолияти давомида «Раднички», «Нови Пазар», «Будучность» ва «Радомле» каби клубларда ўйнаган футболчи шартномага асосан, мавсум-2023да Яйпан жамоаси шарафини ҳимоя қилади. «Турон» сафини тўлдирган яна бир янги футболчи - Ислом Рашидхонов. Бунга қадар «Локомотив», «Навбаҳор» ва «Насаф»да фаолият юритган ҳужумкор ярим ҳимоячи билан ҳам 1 йиллик битим расмийлаштирилди.

 

«ЛОКОМОТИВ»

23 декабрь куни трансфери эълон қилинган Шимолий македониялик Боян Найденов ниҳоят, «Локомотив» қароргоҳига етиб келиб, шартномани расмийлаштирди. Шунингдек, хорватиялик ҳужумчи Шиме Жужул «темирйўлчилар» аъзосига айланди. 27 ёшли футболчи билан «1}1» шаклида келишувга эришилди. Шиме 1996 йилнинг 10 январь куни Хорватиянинг Сплит шаҳрида туғилган ва машҳур «Хайдук» клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. Бўйи - 189 см. Ўтган мавсум Сингапур чемпионати вакили «Гейлан»да ўйнаган ҳужумчи 29та ўйинда 19та гол урган. Фаолиятидаги умумий статистикаси - 153та ўйин, 58та гол. Тажрибали дарвозабон Зафар Сафаев ҳам «темирйўлчилар» машғулотларида қатнашмоқда. 31 ёшли кипер аввалги мавсум «Бунёдкор»нинг 7та ўйинида майдонга тушиб, 13та гол қўйиб юборганди.

 

«ҚЎҚОН-1912» 

Қўқондаги «Марказий» стадионида катта ҳажмда иш олиб борилмоқда. Аввал хабар берилганидек, арена ёритгичларини янгилаш учун хорижий компанияга 100 фоиз тўлов амалга оширилган. Яқинда Чехиядан ёритгичларнинг навбатдаги қисмлари етиб келди. Стадион чимини идеал ҳолатга келтириш борасида ҳам амалий ишлар бошланди. «Марказий» (Қарши), «Бухоро», «Бунёдкор», «Истиқлол» (Фарғона) каби стадионлар майдонини тартибга келтирган мутахассис Учқун Қувонов бошчилигидаги гуруҳ вакили Бекзод Ҳамдамов Қўқондаги арена чимини кўздан кечириб, амалга ошириш зарур ишларни белгилаб берди. Майдон чимини парваришлаш учун техникаларни харид қилиш, биокимёвий ўғитлар билан ишлов бериш масалалари муҳокама қилиниб, бу борада тегишли кўрсатмалар берилди.

«Қўқон-1912» навбатдаги йиғинни ҳам ўз базасида олиб боради. 25 январдан эса анъа­навий «Ҳоким кубоги» турнирида иштирок этади. Бунга қадар таркибга бир қатор футболчилар қўшиладилар. Бош мураббий рўйхатида тажрибали ва ёш футболчилар бор. Йиғин давомида «Андижон-SGS», «Дўстлик» (Олтиариқ) ва «Турон» билан ўртоқлик учрашуви ўтказиш бўйича келишувга эришилган. Жамоа раҳбариятида ўзгариш бор: Қўқон шаҳар ҳокими Маъруф Усмонов иштирок этган йиғилишда бунга қадар жамоада матбуот хизмати раҳбари, маркетинг бўйича директор сифатида фаолият олиб борган Акрам Мамадалиев вице-президент лавозимига та­йинланди. 

 

«ШЎРТАН»

«Шўртан»ни янги мавсумда Алексей Евстафеев бошқариши ҳақида хабар берилганди. Унга «Турон»нинг собиқ бош мураббийи Анвар Бердиев ёрдам беради. Дарвозабонлар мураббийи ролини эса Шерзод Каттаев бажаради. Клуб бош менежери Шамиль Ярулин махсус учрашувда янги мураббийлар штабини расман таништирди ҳамда 2023 йилги вазифаларни белгилаб берди. Маълумот учун, Алексей Евстафеев фаолияти давомида Ўзбекистон ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари, «Нефтчи» клуби, «Кубань» футбол мактаби, «Балтика» академияси ва «Откритие» ФМда ишлаган. Анвар Бердиев эса «Истиқлол» (Фарғона), «Бухоро» ҳамда «Турон»да фаолият юритган. Шерзод Каттаевга келсак, ёш мутахассис 2021-2022 йиллар Қирғизистоннинг «Алай» жамоа­сида дарвозабонларни шуғуллантирди.

Клубларнинг расмий 

сайтларидаги  маълумотлардан ҳам фойдаланилди