Тарбия учун буюртма чўнтаккесарлик...

Тарбия учун буюртма чўнтаккесарлик...

«Арсенал»да футболчиларнинг қимматбаҳо буюмларини ўғирлаган чўнтаккесарга боғлиқ тарих бор.

Ҳар ҳолда, The Athletic нашри мақоласида шу қизиқарли воқеа тафсилотлари ёритилди. Унда ҳаммаси айнан қачон содир бўлгани аниқ кўрсатилмади, аммо «Арсенал» бош мураббийи Микель Артета жамоа футболчиларига тарбиявий сабоқ беришга урингани батафсил баён этилди.

Таъкидланишича, испаниялик мураббий бир куни кечки овқат пайти Шимолий Лондон клуби футболчиларидан қимматбаҳо буюмларни ўғирлаши учун профессионал чўнтаккесар ёллаган. Якунда Артета шогирдларидан ҳамёнларини текшириб кўришларини сўрайди. Шунда кўплаб футболчилар қўл телефонлари, пул ва бошқа қимматбаҳо буюмлари йўқлигини билгач, ҳайратдан бош чайқашади. Бош мураббий эса шу тариқа футболчиларга оддий сабоқ беради: «Ҳаётда ҳар қандай ҳолатга тайёр туриш ва ҳамиша ҳушёрликни ушлаш жуда муҳим». 

Баъзи спорт нашрларида Микель Артетанинг ушбу ғояси ҳаттоки, бемаъниликка йўйилди. Тўғри, айримлар буни инновацион қараш сифатида баҳолашди. Испаниялик мураббийнинг ўзи олдинроқ жамоани тўғри бошқаришда баъзан қандайдир «телбавор ғоя­лар»ни ўйлаб топишини тан олганди. Эҳтимол, чўнтаккесарга боғлиқ воқелик ҳам Артетанинг «жиннисифат» формулаларидан бири бўлиб, у ўғрилик воситасида футболчиларга ўз фикрини теранроқ етказишни хоҳлагандир... Фақат ўша чўнтаккесар ке­йинчалик «Арсенал» вакилларига қимматбаҳо буюмларини қайтариб берган бўлса, бас.