Тейлор Свифт концерти туфайли

Тейлор Свифт концерти туфайли

Америкалик хонанда Тейлор Свифтнинг чиройи ва ижодига нисбатан муҳаббат Мадридга ҳам етиб борди ва «Реал Мад-рид»ни батамом маҳлиё қилди.

Ҳурлиқо қўшиқчи ёзда Европа бўйлаб турнега чиқади. У жумладан, Испания пойтахтига бош суқиб, янгиланган «Сантьяго Бернабеу»да концерт беради.

Тейлор хоним аслида Мадрид сафарига битта концерт режалаштирганди, бироқ хонанда чиқишини томоша қилишга талабгорлар жуда кўп. Relevo хабарида айтилишича, ташкилотчилар 450 минг дона чиптага буюртма олишган. Табиийки, «Реал» аренаси шунча «свифтис»ни сиғдиролмайди ўз бағрига. Шунинг учун Тейлор жамоаси «Сантьяго Бернабеу»да 2 кун концерт беришни лозим топди. Демак, америкалик хонанда 29 ва 30 май кунлари муҳташам стадионда куйлайди. Свифт шоуси ҳамиша мураккаб ва массив декорация­ларда ўтади, шунга яраша тайёргарлик кўп вақт олади. Хуллас, ташкилотчилар стадионда бир неча кун иш олиб боришлари керак.

Фақат шуниси борки, Свифт концерти Ла Лига тақвимига мос келмаяпти. Зеро, «Мадрид» тақвим бўйича 26 май куни чемпионатнинг охирги турида «Бетис»ни қабул қилиши лозим эди. Хонандага имконият тақдим этиш учун клуб раҳбарияти ўз ўйинини 1 кун олдинга суришни сўраб мурожаат қилди. Эътиборли томони, Ла Лига президенти Хавьер Тебас бу илтимосга ижобий жавоб берди. Демак, Свифт концертлари устун! 

«Реал» раҳбарияти яқин ойларда яна бир йирик тадбир ташкил этишни режалаштирмоқда «Сантьяго Берна­беу»да. Гап ММА бўйича жаҳон чемпио­ни Илия Топурия иштирокидаги жанг ҳақида кетмоқда. Унинг ўзи севимли клуби - «Мадрид» аренасида октагонга тушишни хоҳламоқда. Тўғри, ҳозирча бу жангнинг аниқ санаси маълум эмас.