Десимокуарта арафасида у «тарихнинг тўғри томонида» эканлигини айтди ва бу машҳур иборага айланди. Навбатдаги финал арафасида Тибо AS нашрига берган интервьюсида: «Мен аввалгидекман, ҳеч нарса ўзгармади», демоқда. Суҳбатдан роппа-роса 293 кун олдин у футболчи олиши мумкин бўлган энг ёмон жароҳатларга дуч келди: чап тизза хочсимон лигаментларининг ёрилиши. Бу ойлар жаҳаннамнинг ўзгинаси эди ва 19 март куни, энди-энди ўзига кела бошлаган пайтда ўнг тиззасида ҳам муаммо пайдо бўлди. Ҳамма унинг учун мавсум тугаганини айтаётганди. Аммо Тибо тинимсиз ишлади ва мана, Чемпионлар Лигаси финалида бошланғич таркибда майдонга тушди («Реал» «Боруссия Дортмунд»ни 2:0 ҳисобида мағлуб этди ва 15-ЕЧЛ кубогини қўлга киритди). «Мўъжиза-одам»нинг ўзгача мўъжизаси!
- 10 август, Вальдебебас. Чап тиззангиздаги хочсимон лигментлар, бир неча ойдан кейин эса ўнг менискусингиз ёрилиб кетди. Сизнинг ўрнингизда бошқа исталган киши таслим бўлар ва мавсумни эрта якунларди...
- Ҳа, биринчи кунлар жуда ва жуда оғир кечди. Доктор мавсум мен учун деярли тугаганлигини айтганди. Менискусни тикишга мажбур бўлиш жуда оғриқли, чунки бу тиззангизни 90 даражадан кўпроқ эгишга имкон бермайди... ва бу ҳолда тикланиш яна 3-4 ой давом этади. Шундай вазиятда ҳам доимо ижобий муносабатда бўлдим, ҳеч қачон умидимни йўқотмадим ва бу мавсум ҳали ўйнашимга ишондим. Назарий жиҳатдан, тикланишим 8-10 ойга мўлжалланганди ва фақат 8-ойда шифокорлар ўйнашга рози бўлишади, чунки бундан олдин улар маълум бир хавф ҳали ҳам мавжуд деб ўйлашади...
- Ва айни ўша пайтда кутилмаган - иккинчи жароҳат пайдо бўлди...
- Март келди ва мен ўзимни жуда яхши ҳис қилаётгандим. Юқори даражада машқ қилишга ҳам киришгандим... Аммо кейин ўнг тизза, менискус йиртилиши... «Челси»да ҳам айнан шу жароҳатни бошдан кечиргандим; ўшанда ҳам тиззамни тикишганди. Эсимда, доктор Лейес ўшанда 8 йилдан кейингина иплар бўшаши мумкинлигини айтганди, бу нормал ҳолат... Ўша пайтда ўзимни жуда ёмон ҳис қилардим, лекин ўша куни кечқурун шифокорга бу 3 ёки 6 ойдан кейин эмас, балки ҳозир содир бўлганлиги яхши эканини айтдим. Кўпчилик мен учун мавсум тугади, деб ўйларди, лекин мен умидимни йўқотмадим. «Кадис»га қарши ўйин шахсий ғалабам бўлди. Ўшандан бери аввалгидек ҳеч нарса ўзгармаганлигини исботлаш учун қаттиқ машқ қилишни давом эттирмоқдаман. Мен ўзимни ўйинга 100 фоиз тайёр ҳолатда ҳис қиляпман ва «Уэмбли»да майдонга тушишга тайёрман.
- Крис Рамос билан қарама-қаршиликдаги ўша сейв, яна «Гранада» билан ўйинда иккита, «Алавес» билан «Стад де Франс»дагига ўхшаш бир сейв, 4та «қуруқ» ўйин... Одамлар қандай қилиб бундай яхши ҳолатда қайтишга муваффақ бўлганингизни тушунишмаяпти.
- Мен ўзимни яхши биламан, кўп нарсага қодир эканлигимни, бундан ҳам яхшироқ бўлишимга бўлган ишончимни ҳеч қачон йўқотмаганман. Танамнинг юқори қисмидаги, шунингдек тиззаларимни ҳимоя қилиш учун оёқларимдаги мушакларни катталаштирдим. Бу дарҳақиқат менга кўпроқ куч берди. Шунча вақтни кучлироқ бўлиш учун ишлатдим (танасини кўрсатади). «Кадис» билан ўйинда мавҳумлик бор эди, лекин ўйиндан ўйинга ўтганим сари ўзимни аввалгидек ҳис қилдим. Мураббий ва жамоадошларимга бундай ишонч ва хотиржамлик бахш этишни яхши кўраман.
- Зиданнинг сўзларига кўра, кимдир уни юқоридан кузатаётганини ҳис қилган экан. Тақдир Лондонда бахтли якунни хоҳлаётганга ўхшайди!
- Умид қиламанки, шундай бўлади! Айниқса, бутун мавсум давомида курашган клубим ва жамоадошларим учун. Ва бунинг учун улар қандай курашганликларини биламан, чунки мен жамоада эдим ва қўлимдан келганича ёрдам бердим. Улар финалга чиқиш учун жуда катта иш қилишди. «Боруссия» ҳам йўл излаётгандир, албатта, лекин менинг жамоадошларим Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонишга лойиқроқ. Мен кўп нарсаларга ишонавермайман, лекин менинг бувим жуда диндор ва у ҳар доим набираларига ғамхўрлик қилишга ҳаракат қилади... Шундай қилиб, ҳа, бизни кузатиб турадиган ва ҳаётда бошқарадиган кимдир бор деб ўйлаймиз...
- Мане ва Салоҳ ҳали ҳам ўша тўпларни қандай «олиб чиққан»ингиздан ҳайратда. Финалда босимни қандай енгасиз?
- Илк профессионал ўйинимни атиги 16 ёшимда, ҳамма нарса менга қарши бўлганида ўтказганман... ва мен барибир яхши ҳаракат қилдим. «Генк»да, клуб чемпионликни қўлга киритган оқшомда ҳам бир нечта сайвларни амалга оширдим. Нидерландияда «музли қуён» деб аталадиган бу совуққонлик билан сиз бундай босимда тушкунликка тушмайсиз, аксинча ўсасиз. Бундан ташқари, Симеоне ёки Моуриньо каби мураббийлар қўл остида ўйнаш ҳам бу жиҳатни янада мустаҳкамлайди ва финалда сиз кучли бўласиз. Менга бундай босим, асабийлашиш ёқади аслида - адреналин мени яхшироқ ўйнашга мажбур қилади.
- Карвахалнинг айтишича, «Реал» ўртада ЕЧЛ кубоги турганда рақибларини қўрқитади. Сиз қандай фикрдасиз?
- Ҳа, ишончим комилки, шундай. «Атлетико» билан 2013 йии биз Қирол Кубогини қўлга киритдик, бу қўрқув бироз йўқолди, чунки «Реал» сизни тинимсиз таъқиб этиши ҳақиқат. Бу жамоадан ташқарида сезилади... аммо унинг ичида бўлганингизда ҳам буни ҳис қиласиз. «Бернабеу»да таъмирлаш ишлари кетган сўнгги йиллар - мен футбол оламида бошдан кечирган энг ажойиб кечалардир. Ва бу автоматик равишда ҳар сафар ставкаларни оширади ва оширади... Буни тушунтириб беришнинг имкони йўқ. Биз унвонни аллақачон нақд деб ўйлай олмаймиз. «Боруссия»га катта ҳурмат билан қарашимиз керак, чунки бу ажойиб рақиб. Улар «Атлетико»га қарши қандай рақиб эканликларини кўрсатишди: нафақат гол уришлари, балки ҳимояланишда ҳам зўр экан. Буни «ПСЖ» билан тўқнашувда кўрдик. Хуллас, ўйин осон бўлмайди.
- Икки йил олдин, «Десимокуарта» арафасида машҳур: «тарихнинг тўғри томони» иборасини ўртага ташладингиз. Буни «Реал» сўнгги 10 йилда ЕЧЛнинг 6-финалига чиқиши билан тасдиқлайди. Ушбу гегемонликни қандай тушунтириш мумкин, чунки «Реал Мадрид» «клуб-давлат» эмаску?
- Бу унинг президенти, атрофидагилари ва ўйинчиларнинг ваколатли бошқаруви билан боғлиқ бўлиб, сиз кўришингиз мумкинки, улар суяк-суякларигача ҳақиқий мадридистлардир. Мухлислар билан бирдамлик эса жуда таъсирли. Биз ғалаба учун курашамиз ва айнан шу клубнинг буюклиги. Ўшанда Парижда айтганимдек, «Реал Мадрид» мен учун шундай: у деярли ҳар доим финалларда ўйнайди ва ғалаба қозонади. «Дортмунд»га ҳурматни сақлаган ҳолда айтаманки, ҳикоямизни тўлдиришдан умидвормиз. Футболда фаворит бўлиш йўқ, мен учун финал 50х50.
- «Уэмбли»да ғалаба қозонган тақдирда, кейинги мавсум «Мадрид» нақ 7та унвон учун курашиши мумкин: Ла Лига, Чемпионлар Лигаси, Қирол Кубоги, Европа Суперкубоги, Испания Суперкубоги, клублар ўртасидаги ЖЧ ва қитъалараро кубок...
- Мавсумни иложи борича кўпроқ унвонларни қўлга киритиш истаги билан бошлаш биз учун ҳар доим муҳимдир. Бу очлик бўлиши учун. Ўйинлар янада кўпаяди. Чемпионлар Лигасидаги иккита кубокка яна бир турнир (қитъалараро) қўшилди, июнь ойида янги форматдаги клублар ўртасидаги мундиал... қачон дам олишимизни билмайман, лекин айни пайтда бу қийин. Бу жамоа унвонларга оч, ҳатто баъзи ўйинчилар аллақачон қопни тўлдирганига қарамай (кулади).
- Ҳозир кўпчилик Куртуани Европа чемпионатида кўрмаслигимиз ҳақида гапиришмоқда...
- Ҳозир бу ҳақда гапириш унчалик тўғри эмас, лекин, албатта, мен ўз мамлакатим ва жамоадошларим учун курашаман. Уларнинг ажойиб Еврони ўтказишидан умидворман.
М.ПЎЛАТОВ тайёрлади