Томас Тухель: «Баврия» - бу доимий қудратли куч»

Томас Тухель: «Баврия» - бу доимий қудратли куч»

Гарри Кейнни «Бавария»га тортиш йўлидаги узоқ ва машаққатли ҳаракат ниҳоят, самара берди

 Бинобарин, Томас Тухелнинг шахсан ўзи ушбу топ-голеадор билан ишлашни қаттиқ хоҳлади. Тўғри, мюнхенликлар янги мавсум ҳисобидан биринчи расмий ўйинда «РБ Лейпциг» олдида ожиз қолиб, Германия суперкубогини қўлдан чиқаришди. «Бавария» бош мураббийи айни ўша учрашув арафасида клуб расмий сайтига ўз фалсафаси ва мавсум учун мақсадлари ҳақида алоҳида интервью берганди.

- Жаноб Тухель, аслида бу йил умуман таътилга чиқмадингиз, хусусан, Зебенерштрасседа трансферлар қўмитаси билан доимий алоқада бўлиб турдингиз. Бундай ҳолатда қаердан ва қандай энергия оласиз?

- Оилам даврасида фарзандларим, итим ёки дўстларим билан вақт ўтказсам, чарчоқ ўз-ўзидан тарқалади. Шунингдек, табиат қўйнида, дейлик, сув бўйида озгина ўтирсам, ўзимни анча тетик ҳис қиламан, сузиш ҳам жону дилим. Дейлик, бир неча соат сув ичида бўлиш 7 кунлик таътил ўрнини босади бемалол. Эрта тонгда туриб, ҳали одамлар келмаган пайт денгиз бўйида пиёда юриш ёки кўлда озгина сузишга одатланганман. Кунни яхши бошлашнинг энг зўр усули шу. Яна тоғлар ён-атрофига чиқишни ҳам хуш кўраман.

- Хўш, мавсумга тайёргарлик қандай ўтди?

- Таҳлил ҳамиша воқеалар билан параллель равишда бўлади. Ёзги таътил вақти китобни охиригача ўқиб, кейин ўйлаш унча тўғри эмас. Аксинча, ҳар бир жиҳатни жойида таҳлил қилиб, ўзаро таққослаб бориш, ишларни мунтазам кузатув остига олиш керак. Тушунарлики, ўтган мавсумдан мамнун эмасмиз. Зеро, жамоани ўзимиз хоҳлаган даражада барқарорлаштиролмадик. Демак, бошланган ишни изчил давом эттиришимиз керак. 

- ЧЛда ғолиб чиққан мураббийсиз, аммо ҳалигача бирор клубда узоқ муддат қолмадингиз...

- Тан олиш керак, шуниси чиндан ҳам, бироз ғалати. Мураббий ўз орзуси йўлида кўп тер тўкади, мудом изланади ва маълум вақтда муайян марра унинг учун аниқ мақсадга айланади. Кейин тўсатдан бошлаган ишингизни тўхтатишингизга тўғри келади гарчи қўлингизда ЧЛ кубоги бўлса ҳам. Умуман, футболда ғалаба - ўткинчи лаҳза. Ҳеч ким зафар вақтини узоқ ушлаб туролмайди, лекин барчасини қайта такрорлашга уриниш имкони бор. Ҳар ҳолда, шахсан мен битта ғалаба билан кўп вақт овуниб қололмайман. Бир неча кундан кейиноқ автоматик равишда янги мақсадлар сари интилишни хоҳлайман.

- Билишимизча, илгари бутун тунларни ўйинлар ёзувларини қайта-қайта кўриш билан ўтказардингиз...

- Ҳозир ҳам шундай. Фарқи шуки, олдин техник имконият бошқача эди - битта ёзувни топиш учун олдин ва орқага бурилиш талаб этиларди. Энди эса ҳаммаси осон: битта тугмачани босиш билан хоҳлаган саҳна ёки вазиятни топиш мумкин. Умуман, ўйинлар домига шўнғиш - мураббийлик ишимнинг ажралмас қисми. Бунда нафақат ўз жамоамга эътибор қаратаман, балки янги ғоялар сари илҳомлантирадиган бошқа клублар ўйинларини ҳам обдон ўрганаман. Тўғри, ўз жамоам ўйинлари таҳлили биринчи ўринда туради, барибир. Бунга одатда 1 ёки 2 кечани қурбон қиламан, айниқса, маълум ўйиндан кейин.

- Сиз учун яхши ўйин асоси нима?

- Қизғин ва тезкор футбол тарафдоримин, чунки ўйин мухлисларни ром этиши керак. Вазиятлар яратиш, гол уриш, кўпроқ майдоннинг рақибга тегишли томонида ҳаракатланиш - шулар яхши ўйинга олиб боради. Барчаси, аввало, тўп назоратига боғлиқ. Тўпсиз ҳаракатланадиган жамоа шунчаки очиқ ҳужумга ўтолмайди, исталган вақт рақиб дарвозасига таҳдид сололмайди. Умуман, футбол жуда серқирра ва фақат ҳужум ҳамда ўйин назорати билан чекланиш ҳам ярамайди. Моҳият битта - жамоа ўйини мухлисларга энергия бағишлаши шарт. Яна футболнинг асосий қадриятлари мавҳум қолмаслиги муҳим. Бошқача айтганда, жамоа жисмоний имконият бўйича ўз потенциалига максимал даражада яқинлашиши, футболчилар майдонда кучли руҳиятга эга бутун механизм шакллантирилганини кўрсата олишлари лозим. Дейлик, бир футболчи хатога йўл қўйса, уни иккинчиси тузатади. 

- «Бавария» сиз учун аввало, нимани англатади?

- Футболга болалигимдан ошуфтаман. «Бавария»га ҳамиша ғалаба қозонишга қодир қудратли куч сифатида қараганман. Аслида ҳам шундай: бу жамоа ҳар қандай ҳолатда фақат ғалабани кўзлайди. Мана, мураббийлик ишида улғайиб, буларнинг барчаси менталитет, қатъият, ирода, мутлақ ишонч билан нақадар боғлиқ эканлигини теран англаяпман. Омад ўз-ўзидан келмайди, бунинг учун машғулотларда тер тўкилади. Шундагина машҳур Bayern-Dusel («Бавария-Омад») сифати ўз тасдиғини топади. Луи ван Гал давридан буён клубда ғолиблик гени жозибали ва мутлақ устун услуб билан қоришиқ. Қисқаси, «Бавария» футболи - бу доимий гегемония, жасурлик ва юксак ишонч. Клуб ҳар доим шу формула асосида ривожланади.

- Бугунги кунда футболчиларнинг ўз клублари тарихини билишлари қанчалик муҳим?

- Менимча, асосийси - клуб ва футболчилар идентификацияси бир-бирига мос келиши. Табиийки, футболчилар ўз клублари қадриятларини теран англашса, улар билан ишлаш янада осонлашади - майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам. Бу масалада ҳаммаси жуда аниқ. Ахир «Бавария» хорижда ҳам обрўли, рақиблар клубдан чўчишади. Чунки бирдам жамоа билан тўқнашиш хавфли эканлигини билишади. Умуман, «Бавария» йиллар давомида тўплаган ички кучи билан ўз футболчиларига аниқ йўналиш беради.

- Қизиқ, мавсум якунида «Бавария»ни қандай ҳолатда тасаввур қиляпсиз?

- Идеал ҳолатда. Менимча, «Бавария» тарихидаги бирор мураббий бошқача жавоб бермаган. Албатта, Германияда яна чемпион бўлишни хоҳлаймиз, ЧЛда ҳам доимгидек кубок учун асосий даъвогарлардан бири сифатида гавдаланишни истаймиз. Асосийси, ишимиз ва ўйинимиз мухлисларни тўлқинлантирса, бас. Ўтган мавсум натижаларини яхшилаш учун имконият борлигини биламиз. Тўғриси, унда юқори талабларга жавоб беролмадик, энди ҳаммасини тўғрилашимиз шарт.

МУҲАММАДХОН тайёрлади

Пўлатов Мухаммадхон

Involved in this affair, He trusts to you how the Dodo solemnly, rising to its feet, 'I move that.