ТОП-лигадаги янги ТОП-мураббийлар

ТОП-лигадаги янги ТОП-мураббийлар

Австриялик мутахассис Оливер Гласнер ўзининг юксак салоҳиятини 2022 йилнинг ма­йида, «Айнтрахт»даги илк мавсумидаёқ ЕЛда ғолиб чиқиш билан намойиш этганди

Бундан аввал мураббий икки мавсум «Вольфсбург»да, тўрт мавсум ЛАСКда фаолият юритганди. Оливер бой тажрибага эга бўлсада, АПЛ вакиллари эътиборини ўтган йил қишида ўзига жалб этди ва 2023/24 йиллар мавсумининг якуний босқичида ниманинг ҳисобига «Кристал Пэлас» таниқли жамоага айланиши мумкинлигини кўрсатиб берди. Зерикарли «бургутлар» унинг раҳбарлигида «Ливерпуль», «МЮ» ва «Астон Вилла» каби номдор рақибларини енга оладиган ёрқин жамоага айланишди. Якунда «Пэлас» мавсумни 14-ўриндан 10-поғонага кўтарилган ҳолда якунлади.

Жорий мавсум Гласнер жамоаси учун омадсиз бошланди - «Брентфорд» ва «Вест Хэм»га имкониятлар бой берилди, «Челси» билан дурангга имзо чекилди. Бир томондан, жамоа айрим етакчилардан (жумладан, Олиседан) жудо бўлганди. Лекин Матета ва Эзе кетишмаган, Камада ва Нкетиа каби иқтидорлар улар сафига қўшилишганди. Камтарин жамоа учун етарли манфаат бера оладиган ижрочилар.

Мутасаддилар Гласнернинг малакасига шубҳа қилмайдилар, созлашнинг дастлабки босқичини муваффақиятли якунлади. Бу ёғига, «бургутлар» мавсум давомида керакли очколарни қўлга киритадилар. Оливер эса янада кўпроқ нуфузга эга бўлади. Эҳтимол, яқин келажакда биз уни қайсидир топ-клубнинг бош мураббийи мақомида кўрармиз.

Энцо МАРЕСКА

«Лестер»нинг собиқ бош мураббийи масаласида амалга ошириш керак бўлган юмушнинг ярмини «Челси»даги вазият ҳал қилади. Клуб муаммолари мураббийга ҳам тегишли. Демак, уни айрим жиҳатларни хаспўшлаш билан муҳокама қилишади. Айни паллада - адоғи йўқ тартибсизликлар туфайли. Ёзги трансфер дарчасида «кўклар» навбатдаги шов-шувни кўтаришди. Бироқ ундан кутилган самара «Сити»никидан кам («шаҳарликлар» Савиньо ва Гюндоганни харид қилишган).

Клубда ўйинчилар кўпайиб кетди, машғулот жараёнини ўтказиш жуда қийин. Поттер, Лэмпард ва Почеттинолар қийинчилик билан амалга оширган ўзгаришлар ғойиб бўлиб, жамоа эски ҳолатига тушиб қолди. Энцо позицион ҳужумни шакллантириши лозим эди. Лекин ҳозир фақат қарши ҳужум услуби ягона самарали қурол бўлиб қолмоқда. Бошқа томондан, Мареска «кўклар» эътиборини шунчаки қозонган эмас. 2018-2019 йилларда у «Вест Хэм»да ишлаган, кейин «Сити» тизимига ўтганди. «Парма»даги қисқа фаолиятдан сўнг яна «Сити»га қайтган мураббий зиммасига ўтган мавсумда «Лестер»ни АПЛга қайтариш вазифаси юклатилганди. Энцо буни илк уринишдаёқ уддалади.

Арне СЛОТ

Нидерландиялик мураббий Ливерпулга Клоппнинг вориси мақомида келди. Юргеннинг машаққатли босқичдаги меҳнати эвазига ўриндоши сермаҳсул жамоани қабул қилиб олди. Бундай вазиятда Арнедан мустақил равишда иш юрита олиш қобилиятини намойиш этиш талаб этиларди. Янги мураббий жамоани олға етаклай олиши, германиялик касбдоши ижодидан фойдаланиш билан чекланиб қолмасигини намойиш эта бошлади. «қизиллар» стартдаги 3та ғалабага ўз дарвозаларидан гол ўтказмаган ҳолда эришдилар. «Ипсвич»га қарши баҳснинг 1-бўлими ишонарли ўтмаган бўлсада, танаффусдан кейин жамоа мақсадига етди. 3-турда эса, азалий рақиби - «МЮ»ни шунчаки, ғажиб ташлади (3:0).

Ҳозирча, Слот босимга дош бермоқда - муҳими, айрим лавҳаларда омадсизликка йўл қўймаслик. Шунда «Ливерпуль» ўзининг порлоқ келажагига шубҳа қолдирмайди.

Киран МАККЕННА

Бу мураббий хусусидаги гап-сўзлар ёзда авжига чиқди. Чунки у Чемпионшип мезони бўйича ўртамиёна жамоа бўлган «Ипсвич»ни элитага олиб чиққанди. Қизиғи, «тракторчилар» ўйин услуби бошқа жамоаларникига ўхшамайди, мураббийнинг ўзига хос услуби бор. Унинг «МЮ»даги 5 йиллик фаолиятини инобатга олган мутахассислар ҳозир уни муаммолар қуршовида қолган тен Хаг ўрнини эгаллаши мумкин бўлган номзодлар рўйхатига киритишди. Шу йўсинда 38 ёшли навқирон, лекин малакали мураббийга бўлган қизиқиш кучайиб кетди. Лекин Киран ҳозирча АПЛ­да «Ипсвич»нинг муваффақиятини барқарорлик билан тасдиқлай олгани йўқ, бу ҳақда «Ипсвич»ни рақобатбардош жамоалар сафига олиб чиққанида мулоҳаза юритиш мумкин бўлади. Қолаверса, Маккенна жамоани тарк этмаслигини баён этди.

Умуман олганда, бинойидек жамоа. Шунчаки, «тракторчилар» учун тақвим ўта ноқулай келди: 1-турда «Ливерпуль», 2-турда эса сафарда «Манчестер Сити»га қарши ўйинлар. Бироқ «Ипсвич» «қизиллар»га қарши ўз услубида дадил тўп сурди, «шаҳарликлар»га қарши баҳсда ҳисобни очди. Кейин «Фулхэм» билан дурангга (1:1) имзо чекди. Ҳозир «Ипсвич» аутсайдерлар сафида бўлсада, руҳияти тетик - Маккеннанинг йўл-йўриқлари ишонч бағишламоқда.

Фабиан ХЮРЦЕЛЕР

Навбатдаги дам олиш кунларининг бирида АПЛнинг 2 нафар энг ёш мураббийлари ўзаро куч синашадилар. Яъни, «Кристал Пэлас» «Брайтон»га қарши майдонга тушади. «Чайкалар» устози касбдошидан анча кичик. 31 ёшли Хюрцелер учун АПЛ ва шу жамоага ўтиш - ўта жиддий синов. Аввало, Фабианнинг ёши ва тажрибаси туфайли - бунгача мураббий 2-Бундеслигада «Санкт-Паули»ни бошқарган ва дастлабки мустақил фаолиятида жамоани элитага олиб чиққанди. Бироқ «Брайтон» - ўзгача савиядаги жамоа. У кучли рақобатга эга лигада тўп суришидан ташқари, ўзи ҳам еврокубоклар йўлланмаси учун жиддий кураш олиб бормоқда. Бу эса энг ёш мураббий олдига янги вазифаларни қўяди - топ-чемпионатдаги жадал суръатга дош беришдан ташқари, ўтмишдоши қолдирган юксак планка ушлаб қола оладими? 4-турга қадар «Брайтон» «МЮ»ни маҳв этиб, «Арсенал»дан очко тортиб олди. Бу эса Хюрцелернинг нуфузини оширди. Яқин ойлар давомида Фабиан мухлислар суюклиси мақомида юради. Ахир 31 ёшли мураббийдан ким шундай натижани кутганди, дейсиз.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади